Қора рўйхатга тушганлар ёки
ХОЖАЖОН ҚОЗИ РОЖИЙ МАРҒИНОНИЙ ким эди?
Собиқ иттифоқ даврида яратилган адабиётларда ўтмишда яшаб ўтган қозиларга нисбатан асосан порахўр, инсоф ва иймонсиз кимсалар сифатида таъриф берилган. Бироқ асл ҳақиқат қозилар орасида адабиётни ва тарихни яхши билган, табобатдан хабардор, бой хазинага эга кутубхоналари бўлган, энг асосийси, жамиятнинг фаол ҳамда ҳурматли одамлар ҳам бўлганини кўрсатмоқда. Шулардан бири XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида Марғилонда яшаб ўтган шоир, фақиҳ ва жамоат арбоби Хожажон қози Низомиддин ўғли Рожий Марғиноний (1834 – 1918) бўлади.
Хожажон қози тўғрисида Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат шундай ёзади: «Марғилон шаҳрининг қозийи калони Хожажон қози бирлан маърифат пайдо айладим. Аруз фанида кўп моҳир киши экандур. Туркий ғазал машқида табъи кўп латиф ва равон эрмиш. Амир Алишер Навоийнинг бир ғазалига қилган мухаммаси кўп мустаҳсан кўринди. Писандида атвор ва ҳамида афъол киши экандур. Тариқат йўлига кирган, муҳаббатлик киши экандур».
Бундан ташқари Хожажон Қози Рожий ҳақида халқимиз орасида ҳам кўплаб ибратли ҳикоялар сақланиб қолган. Уларда Хожажон қози Рожийнинг ҳақиқатгўй олим, шариат ҳимоячиси, мазҳаб муҳофазаси йўлида фидойи шахс экани гавдаланади. Бу ҳақда адабиётшунос Муфаззал махсум Марғилоний (1895-1970) ўз хотираларида қуйидагиларни баён этади: «Камина Рожийнинг хурофий одатларни ёмон кўришини айтиб мақтанмоқчи эмасман. 40 йил қозилик қилган киши шариат йўлида устивор бўлиши табиий йўлдан чиқмай ўтганлар. 40-41 ёшларида қози бўлганликлари маълум. Рожийнинг кимлиги афъол хисоллари ва фазли камолотларини мен мақтаб эплай олмайман. Лекин юқорида айтганим каби ўзларининг калималаридан, жумла-жумла шеър ва латифаларидан маълумдир. Ўзлари қози бўлиб, қозилик нони билан бола-чақа қилган бўлсалар-да, баъзи ноҳақ қозиларни ҳажв қилиб, сайлов ҳаққинда ва чамбарак саллалардан қози бўлганлар ва пора билан амалга минганлар ҳақларидаги адабиётлари ҳар кимни тафаккурга солади».
Ҳикоя қилишларича, кунларнинг бирида бой ва камбағал икки қўшни пойдевор хусусида тортишиб қоладилар. Камбағал бойнинг унга ноҳақ зулм қилаётгани, унинг еридан бир қисмини меники, деб даъво қилаётгани хусусида Хожажон қозига шикоят қилади. У зот, хўп, эртага борамиз, дейди. Бу гапни эшитган камбағал хурсанд бўлиб, бойга, эртага қози келиб ҳал қилиб беришини айтади. Буни эшитган бой ҳийла йўлини тутади. Дарҳол шу маҳалладан икки кишини чақириб, уларга бир оз ҳадя бериб, мана буни олинглар, эртага қози келганида, мана бу жой бойники, деб гувоҳлик берсангизлар бўлди, ҳақиқатдан ҳам бу ер меники, дейди ва маълум ерни кўрсатади. Улар шартта рози бўладилар. Эртасига айтилган пайтда қози домла извошда келиб, улардан сўрайди:
– Хўш, нима гап ўзи?
– Мана бу қўшним ўртадан пойдевор олайлик десам, мана бу ердан бу ёғи меники, демоқда.
– Шундайми?
– Ҳа, ахир мени жойим шу ердан бўлган.
Қози бойдан, гувоҳингиз борми?, – деб сўрайди.
– Ҳа бор, деб ёлланган икки кишини чақиради. Қози улардан бу ҳақда сўрайди. Улар, ҳа, шу ердан бу ёғи бойники, дея гувоҳлик беришади. Буни эшитган камбағалнинг ранги оқаради ва молидан ажраб қолаётганини ўйлаб қўрқиб кетади. Қози домла фиросат йўли билан бу ердаги ҳийлани англаб қолади ва:
– Жуда яхши, мен сизлардан баъзи нарсаларни сўрайман.
– Хўш?
– Сизлар ўлимнинг ҳақ эканига, ҳар бир киши умри поёнига етганда албатта, ўлишига ишонасизларми?
– Албатта ишонамиз.
– Сўнгра Парвардигор уларни яна қайта тирилтиради, шунга ҳам ишонасизлар, шундайми?
– Худди шундай!
– Кейин уларни маҳшар майдонига тўплаб, адолат тарозусини қуриб, барчанинг қилмишидан, дунёда айтган гапи, гувоҳлигидан ҳам сўрайди, шундайми?
– Ҳа, шундай.
– Ўшанда Парвардигор ҳузурида ҳам бойнинг ери ман шу ерда эди, деб гувоҳлик бера оласизларми?
Уларнинг бу гапдан кейин тиллари тутилиб, нима дейишларини билмай қолишади. Қозига узр айтиб, бизни кечиринг, биз адашибмиз, – деб тавба қилишади.
Қози камбағалга қараб: «Худо учун айт-чи, ерингни чегараси қаердан?» – дейди.
Камбағал киши аниқ жойини кўрсатади. Қози унга ўша жойга қозиқ қоқишини айтади ва ҳеч нарсага қарамай чиқиб кетади.
Айтишларича, янги уйланган бир йигит ҳар гал келиннинг овқатни олиб келгач, ҳаммани мунтазир қилиб ўчоқ бошида қозонни ялаб қолиб кетишидан норози бўлади. Ҳар куни такрор бўладиган бу одат қайнона-қайнотани ҳам ранжитар эди. Ахир, шу ишни кейинроқ ҳам қилиш мумкин-ку!
Бир куни таом пайти йигит ота-онасининг кайфиятини кўриб, аёлини бу ишдан қайтариш мақсадида: «Агар яна бир марта қозонни яласанг, талоқсан!» – деб юборади. Бу гапдан қўрқиб кетган аёл анчагача ўзини эҳтиётлаб юради. Орадан бир қанча вақт ўтгач, бир куни яна қозонни тагини ялаб қўяди. Эрининг гапи ёдига тушиб қўрқиб кетади ва бу ҳақда унга айтади. Йигит ҳам қаттиқ афсусланади ва нима қилишини билмай, Хожажон қози ҳузурига келиб, воқеани баён қилади.
Унинг сўзларини тинглаган қози: «Шундайми, бўлмаса бизни уйингга олиб бор, келин ош қилсин ва қозонни яласин, кўрайлик, шунга қараб ҳукм чиқарамиз», –дейди бироз ҳазил оҳангида. Йигит хурсанд бўлиб, келишилган фурсатда қози домлани уйига олиб боради. Таомдан кейин қози домла келинга: – «Қизим, одатингиз бўйича қозонни ялангчи?» – деб сўрайди. Келин қозонни ялай бошлайди. Уни кўриб турган қози домла:
– Шуми? – дейди.
–Ҳа, шу!
– Бу киши қозонни ялагани йўқку!
– Йўғ-е?!
– Қозонни эмас, қўлини ялаяптику! Ҳеч қандай талоқ тушгани йўқ, бемалол яшайверинглар, дебди қози.
Бу ерда Қози домла усулул фиқҳ қоидасига мувофиқ ҳукм чиқарган ва айни масалани Имом Аъзам р.а.ни сўзларига мувофиқ ҳал қилган эди. Чунки Усулул фиқҳ қоидасида ҳақиқат ва мажоз баҳси бўлиб, унда Имом Аъзам (р.а.) ҳақиқат билан мажоз баробар келиб, ҳақиқатни қабул қилиш мумкин бўлса, ҳақиқатни олиб мажозни тарк этиб ҳукм чиқарардилар.
Нодиржон Абдулаҳатов,
тарих фанлари доктори,
Фарғона вилояти педагогик маҳорат маркази профессори

