Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 24 миллионга етгани маълум қилинди. Қайд этилишича, фойдаланувчиларнинг 85 фоизидан ортиғи ижтимоий тармоқдан фойдаланади.
Ҳа, чиндан ҳам ижтимоий тармоқ деярли ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлди. Бу маконда бизни оҳанрабодек тортадиган маълумотлар шу қадар кўпки, баъзан адоғига етолмай қийналамиз. Кўча-кўйда ҳам мактаб, олийгоҳ, бозор, дўконлар, ҳатто уйда ҳам ҳамманинг эрмаги телефон. Кимдир шунчаки, релс кўрса, бошқа биров сериални сериалга улайди. Яна бири гарчи, бемаъни, беҳаё бўлсада, жонли батлларнинг ашаддий ишқибози. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, ундан тўғри фойдаланиш маданияти на катталарда, на ёшларда шаклланмаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугун ижтимоий тармоқларда миллий маданият ва анъаналарни акс эттирувчи сифатли ва таъсирчан маълумотлар етарли эмас. Натижада, аҳоли ва айниқса, ёшлар миллий маданиятдан узоқлашиб, глобал маданият таъсирига тушиб қолишяпти.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугун ижтимоий тармоқларда миллий маданият ва анъаналарни акс эттирувчи сифатли ва таъсирчан маълумотлар етарли эмас. Натижада, аҳоли ва айниқса, ёшлар миллий маданиятдан узоқлашиб, глобал маданият таъсирига тушиб қолишяпти.
Мана оддий бир мисол: эътибор беринг, кейинги пайттларда турли динлар моҳиятини нотўғри ёки атайин бузиб талқин қилувчи айрим изоҳлар ёки маълум бир қатлам кишиларини обрўсизлантиришга қаратилган турли чақириқлар кўпайиб бораётир. Шунинг учун ҳам ёшларни миллатчилик ва маҳаллийчилик руҳидаги, ахлоқсизлик, фаҳш ва бузуқликни тарғиб қилувчи ёлғон маълумотлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш нафақат бизда, бутун дунёда ҳам кун тартибидаги долзарб масалага айланди.
Бугун дунёда сиёсий ва диний радикализм, экстремизм, қурол ва одам савдоси, терроризм, оғуфурушлик, этник ҳамда миллатлараро зиддиятлар ҳам асосан ижтимоий тармоқлар орқали вужудга келаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Ҳатто сиёсатчилар Ливия, Миср, Украина ва Сурия каби мамлакатларда рўй берган воқеаларнинг бошланғич қўзғатувчи нуқтаси ижтимоий тармоқлар эканини хавотир билан таъкидлашмоқда. Ушбу мамлакатлар ёшларига интернет орқали аввалига четдан туриб “демократия” қуришга кўмаклашувчи “холислар” ёшларнинг онгида амалдаги тузумга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотган...
Аммо алоҳида таъкидлаш жоизки, энди бу ўргимчак тўрини тўхтатишнинг имкони йўқ. Ундан фақат тўғри фойдаланиш маданиятини шакллантириш учун вақт ҳам имконият ҳам етарли.
Бундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида фильтрларни қўллаш ва Интернетдан фойдаланишни чеклаш доим ҳам кўзланган мақсадга олиб келмайди. Бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат, аввало, ахборот тарқатишга мўлжалланган сайтлар фаолиятини такомиллаштириш, миллий электрон ахборот ресурсларини бойитиш ва миллий ижтимоий тармоқлар, сифатли миллий контентларни ривожлантириш зарур.
Ҳозирда ғоявий, маънавий-маърифий, илмий, бадиий, спорт, ҳарбий-ватанпарварлик ва бошқа йўналишларда миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш асосий талабга айланган. Чунки ахборот майдонида асосий объект инсон онги ҳисобланади. Агар фуқароларнинг ахборот эҳтиёжи қондирилмаса, у бошқа манба қидиради ва ундаги рост-ёлғон маълумотни “ҳазм” қилади. Натижа эса ўзингизга маълум – маънавий қарамлик, ўзликдан узоқлашиш бошланади.
Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқларнинг ўзбек цегментида миллий контентларни кўпайтириш керак. Хусусан миллий кино, мусиқа, адабиёт ва санъат асарлари, халқимизнинг Ибн Сино, Абу Носир Форобий, Маҳмуд аз-Замахшарий, Мирзо Улугбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз ҳақидаги маълумотларни Интернетда тарқатиш, ёшларни миллий маданият билан уйғунлаштириш зарур.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни назорат қилибгина қолмай, ёшларни Интернетдаги зарарли маълумотлардан ҳимоя қилиш, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларнинг сифатини ошириш керак.
Зотан, ахборот хавфсизлиги, бугунги кунда миллий хавфсизликнинг асосий бўғинидир.