Мамлакат тараққиётида муҳим ва асосий куч

Мамлакат тараққиётида муҳим ва асосий куч

Иқтисодий жиҳатдан ўсиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириб, камбағалликни қисқартириш, шубҳасиз, ҳар қандай жамият ривожининг муҳим шарти саналади.

Тўғри, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш жуда ҳам кўп омилларга боғлиқ. Лекин уларнинг энг асосийси ахлоқ, яъни тарбия, таълим ва аҳолининг билим даражаси, десак хато бўлмайди. 

Янги Ўзбекистонда ҳам асосий эътибор айнан ёшлар таълим-тарбиясига қаратилиши – юртимиз эртасининг ёрқин бўлишига замин яратилаётганининг далолатидир. Маълумки, аҳолимизнинг 60 фоизи 30 ёшгача бўлганлардан иборат. Ўзбекистоннинг аҳоли сони йилига ўртача 700 минг нафарга ўсаётган уникал давлат эканини инобатга олсак, таълим Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласига айланаётгани яққол сезилади.   

Тадқиқотларга кўра, таълим соҳасига ажратилган маблағларнинг 1 фоизга ошиши ЯИМ миқдорини 0.35 фоизга оширади. Айнан шунинг учун ҳам бюджетдан таълим тизими муассаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлар миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда. 

Қайд этилишича, 2024 йили ижтимоий харажатларни молиялаштиришга давлат бюджетидан 152 347,6 млрд. сўм ёки жами харажатларнинг 49 фоизи сарфланган. Ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини (46,8 фоизини) эса таълим тизими ташкил қилган. Яъни, таълим муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга 71,2 трлн. сўм ёки 2023 йилга нисбатан 10 тлрн. сўм кўп маблағ йўналтирилган. Соҳада амалга оширилган харажатлар таҳлили эса қуйидаги кўринишга эга: 67,4 фоизи умумий таълимга, 20 фоизи мактабгача таълимга, 12,6 фоизи эса кадрлар тайёрлашга.

Шу ўринда бироз ортга қайтсак: мактабгача таълим ташкилотлари 2022 йилда 29 257 тани, умумтаълим мактаблари сони 10 110 тани ташкил этган бўлса, 2024 йил якунига келиб, мос равишда 38 058 ва 10 471 тага етган. 

Охирги 7 йилда боғчаларда 1,5 миллионта янги ўрин ташкил этилиб, қамров даражаси 27 фоиздан 77 фоизга кўтарилган. Олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизимининг қамров даражаси эса 96 фоизга етган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир ўқувчига тўғри келадиган ўртача харажат миқдори 2022 йили 4,4 млн. сўмни, 2023 йили 4,9 (ўсиш 111 фоиз), 2024 йили эса  5,7 млн. сўмни (ўсиш 116 фоиз) ташкил этган.

Қайд этиш жоизки, ёшларимизнинг нуфузли хорижий олий таълим муассаларида таълим олишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2024 йилда 411 нафар номзод иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш ва малакали кадрларни тайёрлаш учун “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендианти, деб эътироф этилиб, АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа ривожаланган давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторонтура босқичларида таълим олишди. Бунда жамғарма стипендиатлари учун ўтган йили Давлат бюджетидан 379,4 млрд. сўм сарфланди.

Ҳа, чиндан ҳам таълимга киритилган сармоя бу келажакка киритилган сармоядир. Зотан, Ватанимизнинг истиқболи ва эртаси ҳар жиҳатдан етук, салоҳиятли, фидойи, ташаббускор ва мустаҳкам фуқаролик позициясига эга ёшларимиз қўлидадир.