Ожизалардан узоқроқ туринг, жаноб зўравонлар!
Энди улар Президент ҳимоясида
«Дарахтга урилган болтанинг бир зарби новдадан тортиб илдизгача зирқиратади», деган гап бор. Ҳар сафар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳақида гап кетганида беихтиёр кўз олдимга қовоқлари кўкарган, қўлида гипс, соғ қўлиниям зўрға кўтариб, пешонасидаги ғуррага рўмолчасини босиб турган қашқадарёлик аёл келаверади. Унинг «яшашдан шундайлар чарчадимки», деган сўзларини эса қайта эшитаётгандек бўлавераман...
Афсуски, бугун нафақат ожизага кучи етадиган муштумзўрлар статистикаси, балки алимент, ҳимоя ордери, ҳатто зўравонлик қурбони бўлаётган хотин-қизлар сони ҳақидаги кўрсаткичлар ҳам шаклланди. Бу борадаги тадқиқотларда зўравонлик ҳолатларини келтириб чиқараётган бир неча сабаблар, хусусан, эрта никоҳ, ёшларнинг турмушга тайёр эмаслиги алимент ва учинчи шахслар аралашуви келтирилган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йили аёлларга салкам 58 мингга яқин ҳимоя ордери берилган. 10 мингдан ортиқ ҳолатда эса ҳимоя ордери талаблари бузилгани учун жавобгарлик белгиланган. Эътибор беряпсизми, 10 мингга яқин эркак ҳимоя ордери бўлишига қарамай хотин-қизларга яна зўравонлик қилган. Тўғри, кўп ҳимоя ордери берилди, дегани зўравонлик ошди, дегани эмас. Бунда асосан, қайта зўравонлик содир этилишининг олдини олиш, низолашаётган оилалардаги хотин-қизларни ҳимоя қилиш кўзда тутилган.
Ана шундай ҳолатларга қарамай, айрим оталарнинг имконияти етсада, ўз фарзандидан маблағ олгани, алимент сўраган аёлини эса калтаклаш, тан жароҳати етказиш, ва афсуски, қасддан ўлдиришгача боришаётгани юракка оғриқ солади...
БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тушунтиришларида вояга етмаган ёшларнинг никоҳ қуришга мажбурланиши ҳам болага нисбатан зўравонлик, деб қабул қилинган эди.
Шу нуқтаи назардан, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини олдини олиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини кучайтириш айни пайтда долзарб ҳисобланади. Бу борада замонавий ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни жорий этиш жамиятда зўравонликка нисбатан мутлақо муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 3 мартда имзоланган «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги Фармони айнан шундай ҳолатларга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Фармонда партиямизнинг «Эрта турмуш – қадрият эмас!» акцияси ҳамда «Талаба она» лойиҳаси доирасидаги ўрганишлар жараёнида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш киритишга оид бир қатор таклифлар, жумладан, ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар учун масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш, эрта турмуш қуриш ҳолатларини олдини олиш, никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ (тугал) асосларини белгилаш, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий жиноят содир этганлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилашга оид таклиф ва ташаббуслар ўз аксини топди, десак хато бўлмайди. Шу ўринда, ушбу муҳим ҳужжатда ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор имтиёзлар яратиш кўзда тутилаётгани оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Тўғри, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга нафақат давлат, балки бутун жамият масъулдир. Ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла, таълим муассасасида тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз бўлиш, инсон қадрини улуғлаш тамойилига амал қилиниши зарур.
Аммо Президент Фармони билан аёлларга нисбатан зўравонлик кечирилмаслиги қатъий белгиландики, энди бу бирон-бир юртдошимизни бефарқ қолдирмаслиги керак. Ана шу талабдан келиб чиқиб, партиямизнинг ҳудудий Кенгашлари «Аёллар ва Ёшлар қаноти» томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда олий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ўтказилиб, аҳолига ушбу тарихий ҳужжатнинг долзарблиги, аҳамияти, мазмун-моҳияти атрофлича таништирилмоқда.
Феруза Жалилова





