Тил имконият ва натижалар асосидир
Кеча Кўксаройда бўлиб ўтган учрашувда Давлатимиз раҳбари хорижий тилларни ўрганиш шунчаки шахсий қизиқиш эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидладилар.
Хусусан, хорижий тил сертификатига эга ёшлар сони 600 мингдан ошгани, сертификат олганларнинг имтиҳон топшириш ва ўқиш харажатларини давлат томонидан қоплаш амалиёти ўз самарасини бераётгани мамнуният билан тилга олинди. Учрашувда яна бир муҳим натижага эътибор қаратилди: бугун юртимизда хорижий тилларни мукаммал биладиган 72 минг нафар инструктор шаклланган, хусусий ўқув марказларининг сони эса 3 каррага кўпайиб, 38 мингдан ошган.
Айтиш керакки, бундай рақамлар шунчаки статистика эмас, балки аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилаётган Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти ўсиб бораётганига бир мисол, холос. Шу ўринда Президентимизнинг Ўқув марказлари уюшмасини ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлагани, ташкил этиладиган янги уюшмага аъзо бўлган хусусий ўқув марказларига ўз биносини ижарага берган тадбиркорларнинг ижарадан олинадиган даромад ва фойда солиғидан озод этилишини ҳам бу борадаги рағбат, деб қабул қилиш лозим. Яна бир маълумот: “Кўмак” дастури доирасида 130 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилганидан кейин олис ва чекка ҳудудларда олти ой ичида хорижий тил ўргатадиган 120 дан зиёд ўқув марказлари иш бошлабди...
Ёдингизда бўлса, 2022 йили мактаб ўқувчилари биринчи марта PISA халқаро тестларида иштирок этиб, жуда паст натижаларни қўлга киритган эдилар. Айниқса, иштирокчиларнинг 12,2 фоизи ўқиш саводхонлиги бўйича 2-даражага, 1,8 фоизиники 3 ва 0,1 фоизиники 4-даражага тенглаштирилгани таълим тизимидаги муаммоларни юзага чиқариб қўйганди.
Яъни, ўшанда мактаб ўқувчилари она тилидаги матнларни ўқиб, ундаги мантиқий боғлиқликни топиш, муаллифнинг мақсадини таҳлил қилиш ва танқидий хулоса чиқаришда сезиларли қийинчиликларга дуч келишган. Бошқача айтганда, “техник ўқиш” бор бўлса-да, “асл мазмунини тушуниш” даражаси паст баҳоланганди...
Бизга ана шундай натижалар таъсир қилдими, ёки бошқа бир омилларми, ҳар қалай бугун деярли ҳар бир ота-она ўз эътиборини боласининг билимига, айниқса, хорижий тиллардан кучли бўлишига қаратяпти.
Чунки, тил билганга дунё эшиклари кенг очилаётганини, чет тилларни яхши билган бола қийинчиликларсиз яхши иш топиши мумкинлигини ҳаммамиз кўряпмиз, эшитяпмиз.
Golden Pages маълумотларига кўра, айни пайтда пойтахтнинг ўзида 677 та ўқув маркази рўйхатдан ўтган. Шундан 409 таси бевосита инглиз тили билан шуғулланади. Жами халқаро мактаблар сони 16 та бўлса, таълим тили инглиз тили бўлган, яъни, кучайтирилган тартибда инглиз тили ўқитадиган мактаблар 20 дан зиёд. Бу, албатта, оддий рақамлар эмас. Бу, бугунги реал ҳолатимизнинг оддий тилга таржимасидир. Пойтахтимизда биргина “Everest” ўқув марказининг 21 та филиали, ўн беш мингдан ортиқ таҳсил олувчиси борлиги, “Inter Nation”, “Cambridge learning centr”, “Tompson school” каби ўқув марказларини қўшиб ҳисоблаганда, ушбу тизим бир неча ўн минглаб ёшларни қамраб олгани тилга ҳаёт-мамот масаласи даражасида қарай бошлаганимизни кўрсатиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, тил бизни дунёга олиб чиқувчи ишончли кўприкка айланди. Бу жараён осон эмаслигини ҳам, у инсондан сабр ва интизом, меҳнат ва қунт талаб қилишини ҳам таъкидлаш жоиз.
Тўғри, бугун мактабларимизда ҳеч қандай қўшимча харажатларсиз ҳам хорижий тилларни ўзлаштириш имконияти бор. Буни, 1–11-синфларда хорижий тилга 984 соат дарс ажратилганида ҳам кўриш мумкин. Аммо афсуски, мавжуд шароитларга қарамай, мактаб ўқувчиларининг ярми ҳам тил масаласида “B1” даражага эга бўлолмаяпти. Бу эса давлатнинг шунча соат дарс ўтиши учун чет тили ўқитувчиларига ажратилаётган маблағи сувга оқизилаяпти, деганидир. Зеро, бу ҳолат Давлатимиз раҳбари томонидан бежиз танқид қилинмади.
Нима бўлганда ҳам тил ўрганиш кундан-кунга долзарблашиб боряпти. Бу жараён шу қадар чуқурлашдики, тил ўрганишга, айниқса, инглиз тилини ўрганишга инсоннинг ижтимоий-интеллектуал даражасини кўрсатувчи ўлчов сифатида қарай бошладик.
Миллатимиз етакчисининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ҳам тил ўрганишнинг устун жиҳатлари тилга олиниб, жумладан шундай ёзилган эди: “Мен бугун азиз болаларимизга мурожаат қилиб, XX аср бошида олти тилли – ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган машҳур аллома Исҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслатмоқчиман: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввало ўз она тилисини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат бу ватаний ишдир.”...
Афсуски, кейинги пайтларда айрим ёшлар инглиз тилини барча муаммоларнинг ечими сифатида кўрмоқдалар.
Мутахассислар буни илмий-техник ахборотларнинг катта қисми инглиз тилида экани билан боғлашяпти. Тан олиш керак: бирламчи манбаларга чиқиш, замонавий тадқиқотлар билан танишиш ва халқаро ҳамкорлик учун инглиз тили жуда кўп эшикларни очади. Бу жуда катта имконият, албатта. Лекин, иккинчи томондан бундай ёндашув жамиятда “тақлид механизми”ни ҳам кучайтириши мумкин.
Назаримда, ҳар қандай тараққиётни, илм-фан йўлидаги изланишларни ўз она тилимизни чуқур билишдан бошлашимиз кераклигини англашимиз шарт. Инсон қанча тил билмасин, ўз она тилини билмаса, унинг тафаккури юзаки бўлиб қолаверади. Тил – фақат мулоқот воситаси эмас, у фикрлаш қуроли, маданият ва тарихни узатувчи асосий кўприк ҳамдир. Шу маънода, 50 та тил билиш ҳам инсонни маънан бой қилмаслиги мумкин, агар у ўз она тилида фикрламаса...
Биламизки, оиладаги тарбия, қадриятларнинг авлоддан-авлодга ўтиши ҳам тил орқали амалга ошади. Урф-одатлар, маънавий меъёрлар даражаси ҳам аслида тил билан белгиланади.
Тилшунослар ҳам чет тилини билишни устунлик, она тилини билмасликни эса камчилик, дея таъкидлар эканлар, ечим сифатида мувозанатни барқарор ушлаш лозимлигини таъкидлашяпти. Ва, бу бежиз эмас. Аввало, боғча ва мактаб таълимида она тилига жиддий эътибор қаратилиши, болаларнинг нутқи, фикр баёни, ўқиш ва ёзиш савияси юқори даражада шакллантирилиши керак. Шундан кейингина чет тилларга киришсак, шубҳасиз, кутилган самарага эришамиз.
Адҳам ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади.





