Денгиз тубидаги сирли галерея

Денгиз тубидаги сирли галерея

Денгиз тубидаги сирли галерея 

Дунё бўйлаб тарих, санъат ва табиатга оид ғаройиб экспонатлари билан машҳур музейлар кўп. Аммо улар орасида энг ноодатийлари — сув остида жойлашган музейлардир. Сиз денгиз тубида барпо этилган музей ҳақида эшитганмисиз?

Канкун сувости музейи (MUSA – Museo Subacuático de Arte) дунёдаги энг йирик сувости санъат масканларидан бири бўлиб, Мексиканинг Кариб денгизида жойлашган. У 2009 йилда Роберто Диас Абраҳам ва Хайме Гонсалес Кано томонидан ташкил этилган. Музейни яратишдан асосий мақсад — инсон фаолияти туфайли зарар кўраётган табиий маржон рифларини ҳимоя қилиш ҳамда сайёҳлар эътиборини сунъий рифларга йўналтириш эди. Бугунги кунда бу ерда 500 дан ортиқ ҳайкалдан иборат улкан сувости галереяси мавжуд.

Музейдаги ҳар бир ҳайкал ўзига хос рамзий маънога эга. Масалан, “Овозсиз эволюция” (The Silent Evolution) инсталляцияси марказий ўрин тутади. У 400 дан ортиқ инсон қиёфасидаги ҳайкаллардан иборат бўлиб, денгиз тубида катта доира шаклида жойлаштирилган. Ушбу композицияда ишчилар, болалар, жуфтликлар ва оилалар тасвирланган бўлиб, у инсониятнинг турли қатламларини ифодалайди.

Экспонатлар махсус pH-нейтрал денгиз бетонидан тайёрланган. Бу материал маржонлар, сув ўтлари ва бошқа денгиз организмларининг ўсишини қўллаб-қувватлайди. Вақт ўтиши билан ҳайкаллар аста-секин тирик рифларга айланади. Шу орқали лойиҳа инсон ва табиат уйғунлигини рамзий тарзда акс эттиради.

Ҳайкаллар денгиз тубига махсус техникалар ёрдамида эҳтиёткорлик билан туширилган. Жараёнда ҳатто 40 тонналик кранлардан фойдаланилган. Экспонатлар асосан 4–10 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, сайёҳлар учун қулай тарзда жойлаштирилган.

Музейни томоша қилишнинг учта асосий усули мавжуд. Биринчиси — снорклинг, яъни саёз сувда сузиш орқали Пунта Низук ҳудудидаги (4–6 метр чуқурлик) ҳайкалларни кўриш. Бу тур одатда 2–3 соат давом этади ва нархи тахминан 50–60 доллар атрофида. Иккинчи усул — скуба-дайвинг, яъни чуқурроқ шўнғиш. Бу орқали Манчонес рифидаги (8–10 метр чуқурлик) экспонатларни яқиндан томоша қилиш мумкин; бундай тур пакетлари одатда 90–120 долларни ташкил этади. Учинчи вариант эса сузишни билмайдиганлар учун — шиша тубли қайиқда саёҳат. 2–3 соатлик бу экскурсиялар 30 доллардан бошланади.

Ҳар йили тахминан 800 минг сайёҳ ушбу ноёб масканга ташриф буюради. Канкун сувости музейи нафақат туристик объект, балки илмий тадқиқот маркази ҳам ҳисобланади. Бу ерда денгиз биологлари сув ости ҳаётини, биологик хилма-хилликни ва экотизимларнинг мослашувчанлигини ўрганиш имконига эга.

Хулоса қилиб айтганда, Канкун сувости музейи — санъат, экология ва туризм уйғунлигининг ёрқин намунаси. У нафақат ўзининг бетакрор гўзаллиги билан ҳайратлантиради, балки инсонни табиатни асраш зарурлиги ҳақида ўйлашга ундайди.

 Мафтуна Муҳиддинова