Бизга таъсир қилмайди, деганлар жуда катта хато қиладилар!

Бизга таъсир қилмайди, деганлар жуда катта хато қиладилар!

Бугунга келиб, аксарият давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва тенгликка асосланган ҳамкорлик занжирлари узилмоқда. Бу дунё хавфсизлигини таҳдид остига қўйиш баробарида халқаро иқтисодиёт ҳам савдо алоқаларининг дарз кетишига олиб келиши мумкин.

Таҳлилчиларнинг фикрича, халқаро молия бозорлари агрессив савдо сиёсати сабаб кейинги уч-тўрт кунда 10 триллион долларни йўқотди. Юқори тарифлар туфайли халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб,  инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши прогноз қилина бошланди. Энг катта хавф – дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлаётганидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 18 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг соҳа ва тармоқларга таъсирини камайтириш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама этилиб, бундай ҳолатлар биз учун қаттиқ “сигнал” бўлиши кераклигига урғу берилди. 

Чунки кейинги йилларда иқтисодий мураккаблик индексида мамлакатимизнинг ўрни 25 поғона яхшиланиб, 105-ўриндан 80-ўринга кўтарилди. Бугун 162 турдаги миллий маҳсулотларимиз “дунё бозорларида рақобат устунлигига эга”. Шунингдек, сўнгги йилларда экспорт ҳажми 2,2 баробарга ошди. Ташқи савдо айланмамиз эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 57 фоизга етди. Бу миллий иқтисодиётимизнинг ташқи бозорларга қанчалик боғлиқ эканлигини кўрсатади.

Йиғилишда халқаро салбий таъсирларни камайтириш бўйича давлатимиз томонидан зарур ҳуқуқий, ташкилий ва амалий чоралар кўрилаётгани,  3 мингдан зиёд тадбиркорлар билан учрашилиб, муаммолар ўрганилганда энг кўп масала стандарт ва сертификация тизимига оид экани маълум қилинди.

Аниқланишича мамлакатимиздаги 25 мингдан ортиқ стандарт, 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига мос келмайди. Бу эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг “қўлини боғлаяпти” ва коррупцияни келтириб чиқаряпти. Устма-уст сертификатлаш амалиёти ҳалигача давом этаётгани сабабли ишбилармонлар сарсон бўляпти.

Инвесторлар эса кўпгина лабораторияларимизнинг талабга жавоб бермаслигини, ривожланган давлатлар стандартлари эса тан олинмаётганини бежиз таъкидлашмаяпти. Биздаги лабораториялар хулосаси чет элларда тан олинмаётгани ҳам танқид қилиняпти. 

Йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, ишбилармонларнинг таклифлари асосида тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш тўғрисида Президент фармони имзолангани эълон қилинди ва унда техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария-эпидемиология, ветеринария, карантин идораларининг маҳсулотга хулоса бериш ваколатлари аниқ белгиланиши кўрсатилгани таъкидланди. Такрорланувчи ва устма-уст тартиблар эса босқичма-босқич бекор қилинадиган бўлди.

Маълумки, шу пайтгача қиммат бозорларда талаб юқори бўлган айрим товарлар экспортига чеклов қўйилган эди. Энди – 1 июлдан бошлаб, бирорта товарнинг экспортига чеклов бўлмайди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирувчи хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади, холос.

Йиғилишда солиқ, божхона бўйича ҳам тадбиркорлар манфаатига хизмат қилувчи муҳим қарорлар қабул қилиниб, Бош вазир ва унинг ўринбосарларидан тортиб,  ҳокимларгача ишлаб чиқарувчи ва экспортёрлар билан доимий мулоқотда бўлиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни тезроқ ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди.

Бундай шароитда эса фақат ўз кучимизга таяниб, ички имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ҳамжиҳат, бир куч бўлиб дадил қадам ташласаккина, кутилган натижаларга эришамиз. Зеро, мақсадимиз эзгу: инсон қадри устувор бўлган халқпарвар жамият – Янги Ўзбекистонни барпо этишдир.