ДЕПУТАТЛАРНИНГ 500 МИЛЛИАРДИ…
Ушбу маблағни улар қандай ҳаётий муаммолар ечимига йўналтиришди ёки Алишер Қодировнинг уни қўллаган сайловчи маҳалладошларига яна ёрдам беролмагани хусусида
Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллиги арафасида Президентимиз ташаббуси билан яна бир лойиҳа амалга оширилди. Ушбу сиёсий лойиҳа партияларни, аниқроғи, депутатларни сайловчиларга яқинлаштирди.
Энг асосийси, мазкур йирик лойиҳа одамларни рози қилиш ғояси мавсумий эмаслигини яна бир бор намоён қилди.
24-27 март кунлари “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар навбатдаги имтиҳондан ўтишди.
Гап шундаки, Парламент қуйи палатаси депутатларининг сиёсий фаоллиги ва сайловчилар олдидаги масъулиятини янада ошириш, сайлов округларидаги ижтимоий масалаларни ҳал этишда уларнинг ташаббускорлигини кучайтириш мақсадида 2025 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Президентининг “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган эди.
Қарорда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, Олий Мажлиснинг ҳар бир депутатига ташаббусли бюджетда етарлича овоз тўплай олмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун йилига икки мавсум учун давлат бюджетидан базавий ҳисблаш миқдорининг 8 минг баравари, яъни 3,3 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилиши белгиланиб, ушбу маблағни аҳолининг кундалик ҳаёти ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган лойиҳаларга сарфлаш кўзда тутилганди.
Ана шу талабдан келиб чиқиб, депутатлар тўрт кун давомида ижро органи вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда партиянинг ҳудудий кенгаш аъзолари ҳамроҳлигида етарлича овоз тўплай олмаган лойиҳаларни ўргандилар. Шу мақсадда жойларда 300 га яқин учрашувлар ташкил этилиб, 140 дан ортиқ ижтимоий объектлар таҳлил қилинди, 150 та маҳалла, 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолияти ўрганилди. Мақсад, аҳолининг кундалик ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилувчи 29 та лойиҳани танлаб олиш эди.
Танланган лойиҳалар ҳақида гап кетганда, аввало, фракция раҳбари Алишер Қодировнинг танловига тўхталмоқ лозим. Партия етакчиси мамлакатимизда ўрта маълумотли, халқаро даражада эътироф этиладиган мутахассислар тайёрлашнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманидаги 3-сонли техникум шароитларини янада яхшилаш мақсадида ташаббус қилинган қурилиш-таъмирлаш ишларини молиялаштириш лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Ҳозирги вақтда ушбу таълим масканида 934 нафар бола таҳсил олмоқда. Уларнинг 426 нафари дуал-таълим йўналишида ўқияпти. Ушбу техникум айни пайтда 20 дан ортиқ хусусий корхоналар билан шартнома имзолаган. Яъни, ўқувчилар уч кун техникумда, уч кун бевосита корхоналарда бўлишади. Таълим сифатини ошириш мақсадида ҳатто халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, техникумда Германиянинг “GIZ” лойиҳаси кўмагида замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган хона ташкил этилган. Натижада қизлар шу ернинг ўзида бюджетдан ташқари маблағ топиш имконига ҳам эгалар...
Лекин техникумнинг ташқи кўриниши ички шароитларга мос эмас. Шу боис, техникум жамоаси “Ташаббусли бюджет”нинг яқинда якунига етган баҳорги мавсумида техникумнинг олди қисми, кириш йўлаклари ва дарвозасини таъмирлаш, қулаш даражасига келиб қолган ташқи деворларни янгилаш, ҳовлини эса ободонлаштириш ташаббуси билан иштирок этган эди. Лекин етарлича овоз тўпланмади...
Алишер Қодиров бошчилигидаги гуруҳ томонидан аввалига депутатга бир неча йиллардан бери мурожаат қилаётган қадрдон маҳалла аҳли илгари сурган “муаммо” изланди. Ушбу “номзод” топилмагач, бошқа “номзод”лар обдан ўрганилди ва маблағни ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йўналишига сарфлаш лозим, деган қарорга келинди. Зеро, партиянинг сайловолди дастурида ҳам ушбу йўналишда бир қатор таклифлар илгари сурилган.
– Давлат раҳбарининг ташаббуси бўлган лойиҳаларни фуқароларнинг танлови асосида молиялаштириш – Ташаббусли бюджет институти бугун ўзини тўла оқламоқда, – дейди А.Қодиров. – Депутатлар танлови билан молиялаштириладиган “иккинчи имконият” эса бу тажрибани янада самарали ва халқчил лойиҳага айлантиряпти.
Жиззах вилоятидан сайланган яна бир депутат – Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Назира Мухторова ташаббусли бюджет лойиҳаси доирасида ажратилган маблағнининг 1 млрд 648 млн. сўмини Жиззах шаҳри Тошлоқ маҳалласида жойлашган Пальма экологик боғида замонавий мусиқа фавворасини қуриш ҳамда боғни ободонлаштириш лойиҳасига сарфлашга қарор қилди.
Лойиҳа доирасида ушбу боғда узунлиги 390 метр бўлган замонавий фаввора барпо этилади ва бунинг учун 500 метр сув тармоқлари тортилади. Йўлакларга 2346 метр квадрат “брусчатка” ётқизилади, тунги ёритгич чироқлари ўрнатилади, бузилган яшил майдонлар эса қайта тикланиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
– Ушбу лойиҳани тўла бажариш учун 5 млрд 500 млн сўм маблағ зарур бўлар экан. Шу боис, қолган маблағни маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплашга келишдик, – дейди депутат.
Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида ўрганишлар олиб борган Баҳодир Маматхонов ажратилган маблағнинг 1 млрд 648 млн сўмини Жалақудуқ маҳалласидаги қарийб 3,3 километрли ички йўлни таъмирлашга сарфлашни лозим топибди. Албатта, маҳаллий аҳоли бундан хурсанд. Айниқса, қиш ва кузда лой кечиб, ёзда эса чангга ботиб, мактабга қатнайдиган болаларнинг тез орада асфальт кўчадан юришлари ҳақидаги орзу депутатга раҳматлар олиб келди...
Бухоронинг Қоракўл туманида ўрганишлар олиб борган Жаҳонгир Шириновнинг асосий эътибори эса “Қораҳожи” маҳалласининг дренаж тизими билан боғлиқ муаммосига қаратилибди. Маҳаллий аҳоли депутатнинг ўзига ҳам илгари бу борада бир неча бор мурожаат қилган экан.
Ж.Ширинов ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, 1 млрд 648 млн сўм маблағ маҳалла ариқларини тиклаш ва бетонлаш, сўнгра оқова сув келтиришга сарфланишини таъкидлади. Маҳаллага узоқ йиллардан буён оқова сув келмай қўйгани натижасида аҳоли ўз томорқасидан деярли фойдаланмай қўйганди. Демак, энди депутат ташаббуси билан қайсидир маънода озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ кичик муаммога ечим топилади.
Ушбу вилоятнинг Олот туманида ташаббусли бюджетда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни ўрганган Умида Раҳмонова эса давлат бюджетидан ажратилган маблағни “Ганчи Чандир” маҳалласининг ички йўлларини таъмирлаш, жумладан, 2,5 километрли йўл бўйида пиёдалар йўлакчалари, йўл ўтказгичлар барпо этишга сарфлашни лозим топди.
Ушбу лойиҳанинг аҳамиятли томони шундаки, кўчада мактаб, боғча ва қишлоқ врачлик пункти жойлашган. Лекин аҳолининг ижтимоий объектларга хавфсиз бориб келишлари учун деярли шароит яратилмаган. Ўқувчилар ҳам серқатнов йўлдан мактаб-боғчаларга қатнашга мажбур бўлишаётган эди.
– Ўқувчиларнинг таълим масканларига хавфсиз бориб келишларини таъминлаш партиямизнинг дастурий вазифаларидан ҳисобланади, – дейди У.Раҳмонова.
Тошлоқ ва Марғилондан сайланган депутат Нодир Тилаволдиев эса сайловчилар ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу ташаббус ҳақида гапириб, ажратилган маблағни Марғилон шаҳри Нурафшон маҳалласининг электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммосини ечишга йўналтирилишини маълум қилди. Чунки ушбу масала ташаббусли бюджет лойиҳаси бошлангандан буён ҳар йили қўйилади, аммо ҳар гал етарлича овоз тўплолмасди. Шунинг учун ҳам аллақачон одамларнинг бу лойиҳага ишончи ҳам, умиди ҳам сўниб бўлганди.
Депутатнинг таъкидлашича, электр таъминоти билан боғлиқ масала маҳалла номига муносиб эмас. Трансформатор ва симёғочлар аллақачон ўз вазифасини ўтаб бўлган. Осилиб қолган электр симлари эса аҳоли ҳаётига хавф солмоқда. Танланган ушбу лойиҳанинг умумий харажати 1 млрд 600 млн сўмга баҳоланди ва энди маҳалланинг электр таъминоти тўлиқ янгиланадиган бўлди.
Хоразмдан сайланган депутат Жуманазар Отажоновнинг айтишича, ушбу лойиҳа халқ вакилларининг сайловчилар олдидаги обрўсини каррасига кучайтирган. Маълумотларга кўра, Ж.Отажонов ташаббусли бюджет учун ажратилган маблағни Урганч тумани “Янгиобод” маҳалласининг ички йўлларини таъмирлаш билан боғлиқ лойиҳага сарфлашга розилик берган.
– Паркент туманидаги ўрганишларимда туман ҳоким Элмурод Пўлатов билан бирга ташаббусли бюжетда ғолиб бўлмаган 25 дан ортиқ лойиҳани жойига чиқиб ўргандик, фуқаролар билан гаплашдик ва якуний қарорга келдик: бюджетдан ажратилган маблағни “Қирғизовул” маҳалласининг қарийб 3 километрли йўли инфратузилмасини яхшилашга сарфлашни лозим топдик, – дейди Зуҳра Мирғозиева.
Ушбу туманда ўрганишлар олиб борган яна бир депутат Даврон Арипов ҳам ажратилган маблағни “Қўличи” маҳалласи ички йўлларини таъмирлашга йўналтиргани бежиз эмас. Сўнгги йилларда Паркентда ички туризм шиддат билан ривожланяптики, мавжуд инфратузилма тезроқ яхшиланиши керак.
– Энг муҳими, одамлар депутатлар масъулиятини оширишга хизмат қилаётган янги амалиётган хурсанд, – дейди депутат.
Самарқандда анчайин ном қозонган депутат Азамат Пардаев ҳам Жомбой ва Булунғур туманидаги ўрганишларида асосий эътиборни ташаббусли бюджетда ғолиб бўлмаган ўнлаб лойиҳаларга қаратди. Шу мақсадда таъмирталаб бўлиб қолган кўплаб чанг кўчаларда, электр таъминоти издан чиққан маҳаллаларда юрди, аҳоли билан гаплашди. Якуний қарорни эса Жомбой тумани Найман маҳалласида жойлашган оилавий поликлиника фойдасига чиқарди.
Депутат бу қарорини изоҳлар экан, 13 та қишлоқ ўртасида жойлашган бу поликлиника буткул таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, у ерда ишлаётган ходимлар учун ҳатто оддий шароит яратилмагани, энг муҳими, маҳалла оқсоқоллари билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу лойиҳа аҳоли учун муҳим деган адолатли қарорга келинганини айтди.
Депутат Гўзал Самиева ўзига ажратилган маблағни Сариосиё тумани Алишер Навоий маҳалласини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига, жумладан, замонавий “арка”, пиёда ва велосипедлар учун йўлаклар қуриш, ўриндиқ, урна ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатишга сарфлашни лозим топибди.
Депутатнинг таъкидлашича, ушбу ҳудуднинг туризм имкониятлари жуда кенг бўлиб, бу ерда ер сатҳидан 120 метр баландлик – тоғ қоясидан отилиб тушадиган машҳур Сангардак шаршараси жойлашган. Ажиб табиат, салқин шабада ҳудудни одамларнинг севимли зиёратгоҳига айлантирган. Маҳалланинг Тожикистон билан чегара ҳудудда жойлашгани эса қўшни давлатдан ҳам ҳар йили юзлаб, минглаб сайёҳлар келишини таъминлаяпти. Агар ҳаминқадар бўлган инфратузилма янада яхшиланса, ҳудуднинг туризм имкониятлари кенгайиши муқаррар...
Маълумотларга кўра, ўтган йили мамлакатимизга қарийб 12 миллион нафар чет эллик сайёҳ келган бўлса, уларнинг 2,7 миллионини тожикистонлик туристлар ташкил этган.
Яна бир сурхондарёлик депутатимиз Абдулҳаким Эшбоев эса олтинсойлик депутатлар билан ҳамкороликда ташаббусли бюджетда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни ўрганиб, “Паҳлавон” маҳалласининг қабристонга олиб борувчи 2,5 километрли тош-турпоқли йўлни асфальтлаш масаласига тўхтабди.
– Аҳолининг нафақат кундалик фойдаланувчи йўллари, балки сўнгги манзилга елтувчи йўли ҳам обод бўлиши керак. Қолаверса, бу йўл учта маҳаллани бир-бири билан боғлайди, – дейди депутат.
Қорақалпоғистонлик сайловчилар манфаатини ҳимоя қилаётган Шаҳноза Жолдосова ҳам Тахитатош, Мўйноқ, Хўжайли, Бўзатов ҳудудларини кезиб чиқди. Халқимизнинг “Йўл қурган элда азиз” деган қадриятидан келиб чиқиб, ажратилган маблағни Тахиатош тумани “Орайлиқ” маҳалласидаги йўлни ободонлаштириш лойиҳасига сарфлашга қарор қилди.
Депутат Нигора Лутфуллаева эса Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан депутат ва сайловчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида ажратилган маблағни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Боболочин” маҳалласининг ичимлик суви ва оқова тизимини яхшилаш лойиҳасини молиялаштиришга сарфлашга розилик билдирибди. Маҳалла аҳолиси 20 йилдирки ичимлик сувидан бебаҳра бўлиб келади...
Юқорида таъкидлаганимиздек, фракция аъзолари орасида партиявий вазифалардан келиб чиқиб, ташаббусли бюджет маблағини айнан таълим масканлари билан боғлиқ лойиҳаларга ажратганлар кўп бўлди. Жумладан, Васила Файзиева, Шерзод Тўхташев, Сайёра Жумаева, Бахтиёр Маниязов, Махсуд Муҳаммедов ва Шерзод Қулматовлар мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари инфратузилмасини яхшилашга қарор қилдилар.
Умуман, фракция аъзолари учун ажратилган 95 млрд 700 млн сўм маблағнинг қарийб 47 млрд сўмини сарфлаш бўйича лойиҳалар танлаб бўлинди. Президент ташаббуси билан бошланган илк амалиёт шубҳасиз, жойлардаги ижтимоий муаммоларни манзилли ҳал этишда, халқ вакллари билан аҳоли ўратсидаги ишончини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Эндиги навбат эса иккинчи босқичга.





