ХАВФЛИ УЧБУРЧАК
ёхуд наркограффити ортидаги фожиа:
нега ёшлар бу «қармоққа» осон тушишяпти?
Мана ўн кундирки, жамият Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш борасидаги оғриқли мулоҳазалари, уйғоқликка чақирган даъватлари билан яшаяпти. Ўша кундан бери миллий матбуот, ижтимоий тармоқлар Давлат раҳбари томонидан тилга олинган рақамлар, илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни муҳокама қиляпти.
Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши кураш бўйича наркоканалларнинг охирги манбаси ва ҳомийларигача етиб бориш учун масъулларда қатъият йўқлиги бежиз танқид қилинмади. Қайд этилишича, пойтахтда наркожиноятлар сони 4 мингдан ошган. Қўлга олинган 112 та уюшган жиноий гуруҳ 1 минг 300 дан ортиқ жиноятни содир этган. Таажжубланарлиси, мазкур жиноятлар учун айбли деб топилганлар жазони ярмини ҳам ўтамасдан озодликка чиқяпти: оқибатда такроран жиноят содир этиш кўрсаткичлари кескин ошган. Хусусан, кейинги уч йилда бу рақам 125 фоизга кўпайган. Сўнгги уч ойда республика бўйича 50 га яқин йирик наркогуруҳлар қўлга олиниб, ярим тонна наркотиклар муомаласига чек қўйилган...
Ўтган йили пойтахтнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ наркотикка ружу қўйганлар рўйхатга олинибди. Энг ачинарлиси, «соя»да бўлган гиёҳвандлар сони бундан ҳам кўп. Уларнинг аксарияти афсуски, ёшлар. Таъкидланганидек, улар наркотик учун ойига ўртача 20-25 миллион сўм сарфлаяпти. Табиийки, ҳар қандай гиёҳванд шахс оғу учун маблағ тополмаганда ўғрилик, талончилик ва ҳатто оғир жиноятларга қўл уради. Бу эса жиноятлар сонининг ошишига олиб келади. Ўтган йили республика бўйича 64 нафар шахс гиёҳванд модда таъсирида жиноят қилган, унинг учтадан биттаси Тошкент шаҳрига тўғри келган...
Криминология тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2025 йилда вояга етмаганлар иштирокида 3 266 та жиноят содир этибди, уларнинг катта қисми ўғрилик. Яна бир оғриқли рақам: қотиллик жиноятларининг 15 таси вояга етмаганлар томонидан содир этилган.
Янада хавотирлиси, 2019-2023 йилларда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг 22-25 фоизининг «муаллиф»и ёшлардир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кейинги пайтда онлайн платформалар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси учун қулай майдонга айланди. Эътибор беринг, 2023 йилда Интернет маконида гиёҳвандлик воситалари ва психофаол моддалар савдосига ихтисослашган 52 та ахборот манбаи аниқланган. Уларнинг 14 таси веб-сайтларда, 38 таси эса телеграм мессенжери орқали фаолият юритган. Уларнинг умумий аудиторияси 119 минг 671 нафардан иборат.
2025 йилда эса 7 162 та «наркограффити» ҳолати аниқланиб, 13 000 дан ортиқ гуруҳ ва каналлар тугатилган. Савол туғилади: «наркограффити» нима ўзи?
Бу деворлар, бинолар, кўчаларда ёзиб қолдириладиган Telegram-каналлар номи, никнеймлар, QR-кодлар ва сайт манзилларидир. Улар орқали одамлар интернетда гиёҳвандлик воситалари ёки психофаол моддаларни сотувчи каналларга йўналтирилади. 2025 йили Ўзбекистонда интернет маконидаги гиёҳвандлик воситалари ва психофаол моддалар савдосини тарғиб қилаётган 13 000 дан ортиқ онлайн гуруҳ ва канал аниқланган ва ёпилган. Улар асосан, ёшлар орасида «Тропикамид», «Прегабалин» («Лирика», «Регапен» ва «Липре»), «Залеплон» («Селофен») каби кучли таъсир қилувчи препаратлар ва таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган «Трамадол» дори воситаларидир. Криминологлар орасидаги машҳур бир ҳазил ибора юраркан: «Гиёҳвандлик — бу жиноятга олиб келадиган йўл эмас, балки жиноят билан параллел кетадиган тез йўлак.» Аслида бу жуда аччиқ ва жуда оғриқли юмор. Била туриб, ўзини заҳарлаш, яқинларини азоблаб, охири қоронғу йўлдан юриб бориш... Тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли.
Психологларнинг ёзишича, Баъзан жиноятга олиб борадиган йўл жуда «оддий» бошланади: эътибор етишмаслиги, нотўғри муҳит ва назоратсиз дўстлик. Ёшларнинг «наркограффити» таъсирига тушиб қолишига ҳам асосан, уларнинг маънавий иммунитети сустлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Айтиш керакки, бу фақат бир мамлакат ёки миллатни қийнаётган муаммо эмас. Бутун дунёда ҳар йили минглаб наркокурьерлар қўлга олинади. Миллионлаб «наркограффити»лар фаолиятига чек қўйилади. Яна миллионлаб инсон бу дарддан азият чекаётгани учун, даволанишга боради. Манбаларга кўра, энг юқори гиёҳванд модда истеъмоли кўпроқ АҚШ, Канада ва Австралияда кузатаркан. БМТнинг Гиёҳвандликни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг Олдини Олиш Бошқармаси маълумотига кўра, (UNODC) дунёда тахминан 64 миллион киши наркотик моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ касалликларга («drug use disorders») дуч келаркан. Уларнинг ўртача 5,5–6 миллиони бир йил давомида расман даволанаркан....
Сўнгги беш йилда ўзимизда ҳам гиёҳвандликка қарши кураш кучайиб, Миллий стратегиялар ва ҳуқуқий базалар яратилди, профилактика, таълим ва жамоатчилик билан ишлаш эса анча фаоллашди.
Шунингдек, аноним ёрдам линиялари ва жамоат рағбатлантириш тизимлари жорий этилиб, контрабанда ва трансмиллий жиноятларга қарши чоралар кучайтирилди. Бундан ташқари, 2024 йилда «Гиёҳвандлик ва наркотик жиноятчиликка қарши миллий стратегия» тасдиқланди ва шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни шакллантириш, замонавий профилактика, таълим ва тарғибот тадбирларини жорий этиш, даволаш, реабилитация ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимларини ривожлантириш, иллатга қарши курашда илмий-амалий ёндашувга жиддий эътибор қаратилди.
Шу ўринда 2024 йилнинг 6 майидаги ПФ-73-сонли Президент Фармони билан гиёҳвандлик ва токсикоманиянинг барвақт олдини олиш тизими ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамланганини айтиш жоиз. Унда профилактика, таълим, жиноий жавобгарлик ва мониторинг тизимлари белгилаб берилди.
2025 йилнинг ноябрида қабул қилинган навбатдаги фармон билан эса гиёҳванд моддаларни сотиш, лаборатория ташкил қилиш ва онлайн тарзда тарқатиш учун жазо чоралари кучайтирилиб, жуда оғир жиноятлар учун 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланди. 2025 йилда 24/7 аноним ва бепул психологик ва профилактик маслаҳатлар берувчи телефон линияси ҳам ишга туширилди. Бу линия наркомания хавфи остида бўлганлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Бугун наркомания, турли ахборот хуружи, ёт ғоялар ва маънавий-мафкуравий бўҳронлардан жамият, хусусан, ёшларга етказилаётган зарар кўлами рақамларда акс этса, жуда қўрқинчли манзара кўз олдимизда жонланади. Шунинг учун ҳам бунга қарши фақат ИИВ тизими ходимлари эмас, бутун жамият, айниқса зиёлилар бирдамликда курашишлари керак.
Маҳбуба Каримова





