Қумликлар бағрида янги ҳаёт нафаси уйғонаяпти
Орол фожиасининг тарихи XX асрнинг 60 йилларида бошланган пахта сиёсати билан боғлиқ. Собиқ иттифоқ компартиясининг раҳбари Никита Хрушчёв даврида суғориш ва пахта етиштиришни ривожлантириш сиёсати ҳамда экологик муаммоларга эътиборсизлик Орол денгизидаги энг катта фожиага олиб келганди. Айни пайтда саҳро ўртасида қолиб кетган кемалар қабристони айнан ўша сиёсат натижасидир. Бир томондан, пахта экамиз, экинларни кўпайтирамиз дея қўшимча дарё ва ўзанлар қазилиб, катта миқдордаги сув режасиз ва палапартиш ишлатилган бўлса, иккинчидан, орол денгизини таъминлаб турган Аму ва Сирдарё сувлари бошқа ўзанларга бурилди.
Энг ачинарлиси, Совет давридаги аксар иқлимшунослар Орол қуриса ҳам «ҳудудда ҳеч қандай жиддий ўзгариш кузатилмайди, қуриган жойларда экин экиш имконияти сақланиб қолади» қабилидаги нотўғри таҳлил ва башоратларни илгари сурдиларки, ўшанда бу гапларга кўпчилик ишонди ҳам. Олимларнинг фикрича, ҳозир Оролнинг 90 фоиздан кўпроқ қисми қуриб қолган, бутун бошли денгиздан эса бир нечта кичик кўлмаклар қолган, холос.
Шу сабаб Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан оролни яшиллаштириш ҳисобига экологик муҳит мувозанатини ушлаб туришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ҳудудда инсоният тарихидаги энг йирик экологик ташаббуслардан бири – «яшил қалқон» барпо этилмоқда . Бу оддийгина дарахт экишгина эмас, балки табиат билан муросага келиш, келажак авлодлар тақдирини асрашга қаратилган экологик лойиҳадир.
Айни пайтда қуриган денгиз тубидан ҳар йили миллионлаб тонна заҳарли туз ва чанг ҳавога кўтарилиб, минглаб километр масофаларга тарқалмоқда. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу чанг ҳатто Европагача, Арктика музликларигача етиб боряпти. Бу эса инсон саломатлиги, қишлоқ хўжалиги ва иқлим барқарорлигига жиддий хавфдир.
Айни шу муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳудудни яшиллаштириш, ўрмонзонларни кўпайтириш, саксовул, черкез ва қандим каби чўл ўсимликлари экиляпти. Чунки, ушбу ўсимликлар илдизи қумни маҳкам ушлаб туради, новдалари эса шамол тезлигини пасайтириб, чанг кўтарилишини камайтиради. Масалан, бир туп вояга етган саксовул 10 тоннагача қум кўчишини тўхтатиш қобилиятига эга. Миллионлаб гектар майдонда барпо этилаётган бундай ўрмонлар эса шу маънода ҳам табиий «ҳимоя девори»га айланмоқда.
Кейинги йилларда амалга оширилган ана шундай ишлар ҳисобига оролнинг қуриган тубида қарийб 2 миллион гектар майдонда яшил қоплама яратилди. Ҳар йили ўртача 400-500 минг гектар ерга кўчат экилиб, уруғ сочилмоқда. Бу жараёнга эса мингдан ортиқ махсус техника, авиация воситалари ва мутахассислар жалб этилган.
Айни пайтда бу ишлар замонавий технологиялар асосида янада самарали ташкил этилмоқда. Самолётлар орқали кенг ҳудудларга уруғлар «ёмғир» каби сочиляпти. Кўчатлар эса аввал махсус питомникларда шўрланиш ва сув танқислигига мослаштирилиб, сўнгра табиий муҳитга кўчирилмоқда. Экилган майдонларнинг ҳолати дронлар ва сунъий йўлдошлар орқали мунтазам мониторинг қилиниб, ўсиш динамикаси онлайн назорат қилинмоқда.
Энг муҳими, бугун Оролқумда ҳаёт қайта уйғонмоқда. Саксовулзорлар орасида турли ўт-ўланлар пайдо бўлди, ёввойи ҳайвонлар, жайронлар, қуёнлар ва турли қушлар бу ерни макон қилмоқда. Бу эса инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат тикланаётганидан далолатдир.
Экологлар таъкидлаганидек, Орол тубини ўрмонга айлантириш бир-икки йиллик эмас, балки ўн йилликларга мўлжалланган, сабр ва матонат талаб қиладиган жараёндир. Бугун экилган ҳар бир ниҳол эртанги кун нафаси, фарзандларимиз саломатлигининг гаровидир. Шу боис ушбу эзгу ташаббус халқаро миқёсда ҳам юксак баҳоланиб, илғор экологик лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Бу жараёнда эса ёшлар иштирокини кучайтириш ниҳоятда муҳимдир. Зеро, табиатга бефарқ бўлмаган, экологик онги юксак авлодгина келажакни асрай олади. Ёшларни кўнгилли акцияларга жалб этиш, экологик таълимни кучайтириш, «Бир ёш ‒ бир дарахт» каби ташаббусларни кенгайтириш бу борада катта аҳамият касб этади. Зеро, орол тақдири фақат бир ҳудуд эмас, балки бутун инсоният келажаги эканини англаш вақти келди.
Албатта, орол денгизининг мавжланиб турган мовий тўлқинларини аввалги ҳолига тўлиқ қайтариш ‒ бугунги глобал иқлим ўзгаришлари ва мураккаб экологик воқелик нуқтаий назаридан имконсиз вазифадир. Бироқ умидсизликка берилиб, табиат ҳукмига жим қараб туриш эмас, балки унинг ўрнида мутлақо янги реалликни яратишга эришишимиз мумкин бўлган энг улкан ғалаба ҳисобланади. Шу маънода ҳам денгизнинг қуриган тубида, шўр хазонлар ўрнида барпо этилаётган бепоён ва ям-яшил ўрмонлар ‒ бу шунчаки дарахтзорлар мажмуаси эмас, балки инсон иродасининг табиат фожиаси олдидаги мужодаласидир.
Яна бир гап: эндиликда жаҳон аҳлини ларзага солган «Орол фожиаси» тушунчаси кўз олдимизда фақатгина қумга ботган, занглаган ва қаровсиз қолган кемаларнинг аянчли хотирасини гавдалантирмаслиги керак. Аксинча, ушбу ҳудуд ҳақида гап кетганида кўз олдимизда ҳаётга қайтган табиат, қуёш нурида олтинранг товланаётган забардаст саксовулзорлар ва қум кўчишини тўхтатиб турган мустаҳкам яшил қалқонлар гавдаланиши лозим. Бу яшил воҳа чўл бағридаги ўлик сукунатни ҳаётбахш шивирлашларга, чанг-тўзонли шамолларни эса мусаффо ҳавога айлантирувчи тирик экотизимга айланиши шарт.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яратилаётган ушбу яшил мерос табиат олдидаги қарзимизни узиш йўлидаги энг дадил қадамимиз бўлиб, у нафақат минтақа иқлимини мўътадиллаштиради, балки келажакка катта ишонч билан қараётган халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини ҳам бутун дунёга намоён этади.
Шаҳноза Кулматова,
«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети талабаси





