... У Гестапо жосуси сифатида отилди!

... У Гестапо жосуси сифатида отилди!

... У Гестапо жосуси сифатида отилди!

 

«15 кун давомида уйқу бермай, мени тик оёқда турғазиб таҳқирлашди. Ақлдан озиш даражасига борганимда, бир қатор қоғозларни имзолатишди. Мен ҳеч қачон жосус бўлмаганман! Ҳамро ўз иши билан, мен ўзимнинг ишим билан эдик, биз деярли 12 йилдирки учрашганимиз йўқ. Мен ўшанда унга тухматлар ёзилган қоғозларни имзолаганман! Ҳозир юзлаштиришларини талаб қилсам, улар рад этишмоқда!»

Бу жумлалар  1940 йили жадид Бадеъ Абдулла билан Германияда бирга ўқиган ва ўз акасидек кўрган Ҳамро Абдуллаев ҳақида.

Тарихнинг қатағон йилларига оид саҳифаларини таҳлил қилсангиз ноҳақ қамаш, таслим бўлмагунча инсон тасаввурига сиғмайдиган даражада қийноққа солиш, фарзанди, аёли ёки бошқа яқинлари бошига дўзах азобини солиш билан таҳдид қилиш орқали йўқ айбига иқрор қилиб, ўзбек зиёлиларини йўқ қилиш кампанияси кечаю кундуз ишлаганини кўрасиз. Бундай азоблар домига тушганлардан яна бири Ҳамро Абдуллаев эди. У 1907 йили Тожикистоннинг Кулоб шаҳрида туғилди. Унинг отаси Бухоро амирининг фармони билан Кулобга жўнатилган беклардан эди. Афсуски, отаси вафот этганида Ҳамро ҳали бола эди. Онаси ноилож норасидалари билан Бухорога қайтиб кетади.  У аввал Бухородаги жадид мактабида ўқийди. 1920-22 йилларда Бухородаги ёшлар ташкилотида ишлайди. Жадидларнинг «Ёш бухороликлар» партияси дастлаб махфий жамият шаклида тузилган бўлиб, унга тараққийпарвар зиёлилар, савдогарлар билан бир қаторда шаҳардаги камбағал оилалар вакиллари ҳам кирган.

Хуллас, 1922 йилнинг кузида Германияда таҳсил олиш учун танланган ёшлар орасидан 15 яшар Ҳамро ҳам бор эди. У дастлаб бошқа кўплаб ўсмир ватандошлари билан Кёслинда икки йиллик умумий таълим олади. Бу вақтга келиб ватанида қишлоқ хўжалик соҳаси оқсаётгани сабаб замонавий технологиялар ва унумдорликни тушунадиган зироат мутахассисларига кескин зарурат пайдо бўлганини эшитган ёш жадид 17 ёшида Хелмштедт шаҳридаги қишлоқ хўжалик институтига таълим олади. Ўқиш даврида Германия далаларида амалиётни ўтаб, 1927 йили олийгоҳни битиради.

Аммо, бу вақтга келиб Германияда ўқиётган ёшларга энди умид билан эмас, балки шубҳа билан қараш кучайганди. СССР ҳукуматининг қайта-қайта босимлари ва Германияга юборган вакиллари зуғуми билан талабалар ўқишни битирган ё битирмаганига қарамай, мажбуран ватанга қайтарила бошлаганди. 1927 йили тинимсиз таъқиблару, босимлар остида қолган Ҳамро Абдуллаев, Саттор Жаббор, Тўлаган Мўмин, Абдуваҳҳоб Муродий ва Муродийнинг немис турмуш ўртоғи Марта билан бирга Тошкентга қайтишади.

Аммо Германиядан олий маълумот билан қайтган агрономлар Олимжон Қодирий ва Абдуваҳоб Муродийларнинг ишсиз ва «ишончсиз»лар қаторидан ўрин олганини кўрган 20 яшар Ҳамро қаттиқ тушкунликка тушади. Бир муддат сарсон бўлиб иш қидиради. Ниҳоят Бухоро яқинидаги Ромитонда Машина-трактор станциясига агротехник қилиб ишга олинади. Бироқ, немис таълимини олган олий маълумотли йигитчага ишончсизлик ортиб, бир неча маротаба ишдан олинади.

Шундан кейин – 1930  йили Тошкентдаги Ўрта Осиё пахтачилик институтига ўқишга кириб, 1932 йили Олий агрономлик курсини тамомлайди. Таассуфки, унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. Қатағоннинг қора булутлари соя ташлай бошлаган, айниқса, Кёслинда ўқиган тенгдошлари орасидан ватанга диплом билан қайтган ягона йигит бўлгани учун унга терговчилар алоҳида эътибор қаратаётган эдилар.

1937 йилга келиб ҳибсга олинган ва даҳшатли қийноқларга солинган жадид Бадеъ Абдулла мажбуран имзо чеккан «иқрорномалар»да Ҳамро Абдуллаев бутун бошли жосуслар етакчиси дея тасвирланади. «Ҳамро берган 10 минг сўмга бошқаларни ҳам ёлладим» каби сохта баённомалар, семиз-семиз “дело”ларга тикилади. Шу тариқа Бадеъ Абдулла Германияда бирга ўқиган ва ўз акасидек кўрган Ҳамро ҳақида юқорида келтирилган жумлаларни ёзади...

1938 йилнинг 12 январида ЎзССР Ички ишлар халқ комиссалиги (ИИХК) Самарқанд бошқармаси бошлиғи Сергей Калмыков Бадеъ Абдулла иши доирасида Ҳамро Абдуллаевни Германиянинг махфий Гестапо хизмати агенти ҳамда 1936 йилда террористик гуруҳ тузган жосус дея қамоққа олишга қарор чиқарди. Бу пайтда Ҳамро Сталинобод (ҳозирги Душанбе)га кўчиб ўтиб, немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган эди.

ЎзССР Ички ишлар комиссарлиги 1938 йил 22 январь санаси билан Сталинободга хат йўллайди. Шу кунинг ўзидаёқ 31 ёшли Ҳамро қўлга олиниб, Сталинобод эркаклар билим юртининг 8-ётоқхонасида тинтув ўтказилади. 14 та олмон тилидаги мутахассислигига оид китоблари ва шахсий буюмлари хатланиб, Самарқандга олиб келинади. Ёш мутахассиснинг қишлоқ хўжалиги ва замонавий технологиялар ҳақидаги ёзишмалари, блокноти, фотоальбомлари эса ҳеч бир истисносиз ёқиб юборилади. Энг ачинарлиси, турмуш ўртоғи – 20 ёшли Муаззам Нарзуллаева 10 ойлик қизи Муҳаббатни бағрига босганча, мусофир юртда кимсасиз бўзлаганча қолаверади...

Самарқандга келтирилган Ҳамро Абдуллаев 1938 йилнинг 27 январидан бошлаб даҳшатли қийноқлар остида сўроқ қилина бошлайди. Унга мажбуран имзолатилган сўроқ баённомаларида қуйидагиларни ўқиш мумкин:

«Ҳамро Германияда вақтидаёқ Бухоронинг Лаби Ҳовузи атрофида яшаган «Курт Вилли» исмли асли немисни топиш вазифасини олган. Германиядан қайтгач, у гўёки 10 кун Самарқандда бўлиб, сўнг Бухорога келган. У халқнинг кайфияти, коллективлаштиришга нисбатан салбий муносабати ҳақида «Курт Вилли»га мунтазам маълумот етказиб турган. 1930-31 йилларда Ромитондаги деҳқонларнинг колхозга қарши фаол норозилик намойишлари ҳақидаги материаллар немисларга гўёки айниқса, маъқул бўлган.

«Менга энди немис жосуслари Бадеъ Абдулла, Усмон Омон, Неъмат Нарзуллаев ахборот берар эдилар. Тошкентда 1-Ҳовуз боғ кўчасида яшаган Кивам Кирам умумий раҳбар эди. Ўзи Хелмут Шредердан махсус топшириқлар олиб турган. Усмон Омонни мен Тошкентга ва Хоразмга ишга йўллаганман. 1936 йил Йўлдош Охунбобоевни ўлдириш ниятида Бадеъ Абдулла ва Усмон Омоновлар билан террорчи гуруҳ тузганман, Саттор Жаббор қамоққа олинганини эшитиб Сталинободга қочиб кетдим» қабилидаги далилсиз ва узундан-узоқ сўроқ баённомаларига Ҳамронинг имзоси олинади.

1938 йилнинг февралига келиб эса унга 1922-27 йиллар Германияда тузилган аксилинқилобий «Озод Туркистон» аъзоси бўлган, Бошқиртистон ва Ўрта Осиёда мустақил буржуа давлати тузишни режалаштирган, 1927 йилдан Гестапога ёлланиб, Германия фойдасига жосуслик қилган, 1936 йил террорчи ташкилот тузиб, беш кишини ёллаган, деган асоссиз айбловлар қўйилади. Аммо бундай туҳматлар ҳар қанча инкор қилмасин, аёвсиз қийноқлар қаршисида чорасиз қолган Ҳамро Самарқанддаги турмада суд ҳукмини кута бошлайди.

1938 йилнинг 12 апрелида унинг айблов баённомаси ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги раҳбарияти ва ЎзССР Прокурори Борис Шейдлин томонидан тасдиқланади. Орадан 6 ой ўтар-ўтмас, Германияда таҳсил олган  бошқа талабалар қаторида Ҳамро Абдуллаевнинг иши ҳам кўриб чиқилиб, шу куннинг ўзида отиб ташланади.

Орадан 50 йил ўтиб, 1989 йили Туркистон Ҳарбий округи прокурори томонидан Ҳамро Абдуллаев ҳам сталинча қатағон сиёсати қурбони бўлгани тан олиниб, оқланади. Аммо, оқлангани ҳақидаги хабарни етказиш учун унинг турмуш ўртоғи Муаззам Нарзуллаева ва қизини топишнинг иложи бўлмайди...

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

«Қатағон қурбонлари хотираси»

 давлат музейи катта илмий ходими,

тарихчи олим