Саид Аҳмаднинг қотиллари ким эди?

Саид Аҳмаднинг қотиллари ким эди?

Саид Аҳмаднинг қотиллари ким эди?

 

Қоронғу ва зах хона...

Фақат Сизни ҳар куни бир марта тарқатиладиган ёвғону, ярим соатгина мўъжаз даричадан тушадиган нур, энг асосийси, яқинлар дийдорига бўлган умид ҳаётга боғлаб туради. Баъзан яшашдан воз кечиб, қўйилаётган айбларни тан олгингиз, бир ўқ билан ҳаммасидан қутулиш ҳақида ўйлаб қоласиз. Аммо...

Чиндан ҳам тарихчиларнинг иши қизиқарли. Баъзан архивларда йиллаб ҳужжат титкилайсиз, ҳатто оддий манбаларни солиштириб, бир маълумотга аниқлик киритгунча ойлар ўтади. Гоҳида ноҳақ қамалиб, ҳаёти азоб-уқубатда ўтган инсонларнинг ёшлик ва соғинчи акс этган номаларини ўқиб, бўғзингизга нимадир тиқилади, кўзингиз жиққа ёшга тўлади. Айниқса, қатағон қурбонлари, жадидлар билан боғлиқ ҳужжатлар ўрганилаётганда жавобсиз саволлар гирдобига тушиб қоласиз. Аммо бу тарих, демак уни бузмасдан, булғамасдан келажак авлодларга етказиш керак.

 Кейинги йилларда юртимизда жадидчилик ҳаракати намояндалари ва ватанимиз озодлиги йўлида фидойилик кўрсатган миллатдошларимизнинг фаолиятини ўрганиш, номларини оқлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жумладан, яқин тарихимизда ноҳақ айбланиб, қораланган 1 минг 200 дан зиёд боболаримизнинг номи оқланди.

Шубҳа йўқки, тарихимизнинг ушбу қоронғу лаҳзаларини ўрганиш, илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва келажак авлодларга етказиш бугунги тинч ва осойишта кунларимиз шукронаси учун мустаҳкам замин бўлиб хизмт қилади. Оқланган жадидлардан бири Мунавварқори Абдурашидхоновнинг шогирди, биринчи ўзбек аёл журналисти Собира Холдорованинг турмуш ўртоғи Сайид Аҳмад Назировнинг ҳаёти ҳам ана шундай оғриқлар билан кечди.

Сайид Аҳмад Назиров 1904 йили Тошкентнинг Занжирлик маҳалласида туғилди. У Мунаввар қори Абдурашидхонов очган «Намуна» мактабининг энг иқтидорли ўқувчиларидан бири эди. Мактабни битиргач, акаси — жадид тараққийпарварларининг фаолларидан Отахон Назировнинг савдо дўконларини юритиш учун Андижонга юборилди. 1916-17 йилларда «Шўрои ислом»нинг Андижон бўлимига қарашли «Умид» кутубхонасида ишлади. Бир муддат Қўқонда ўқитувчилик ҳам қилди. 1918 йилга келиб эса Тошкентда Сайид Аҳрорий раҳбарлигидаги «Изчилар» тўдаси томонидан очилган муаллимлар курсида таҳсил олди. 1921 йили Тошкент ишчи факультетига ўқишга кириб, бир пайтнинг ўзида Усмонхон Эшонхўжаев раҳбарлигидаги фаол ёшлар гуруҳида советларнинг «қизил империя»ча сиёсатига, пахта яккаҳокимлигига қарши чиқади ва кадрларни маҳаллийлаштириш масаласини ҳам илгари суради. Бу пайтда Саид Аҳмад Назирий муҳаррирлигида нашр этилган «Армуғон» журнали кўпчиликка манзур бўла бошлайди.

1922 йилга келиб, «Кўмак» уюшмасининг фаол ташаббускорларидан саналган Саид Аҳмад Назиров Қўқонга келиб, «Кўмак» уюшмаси учун маблағ йиғишда иштирок этади. Сентябрь ойида бошқа ёшлар қатори ўзи ҳам Ленинграддаги Зиновьев номидаги коммуниверситетда ўқий бошлайди. Бироқ, кўп ўтмай дипломат бўлиш ниятида ўқишни Ленинград жонли Шарқ тиллари институтида давом эттиради. У 1924 йилда таҳсилни якунлаб, Ўзбекистонга қайтади.

Саид Аҳмад дастлаб, Маориф халқ комиссарлиги ҳузуридаги Элбек раҳбарлик қилаётган билим кенгашида котиб бўлиб иш бошлайди. Сўнг ГУСда коллегия аъзоси ва раис бўлади. Кўп ўтмай, ўта шижоатли Саид Аҳмад Маориф халқ комиссари Раҳим Иноғомов томонидан коллегия аъзолигига қабул қилинади ва 1927 йилгача Ўзбекистон давлат нашриётига раислик қилади. У ўз атрофига Фитрат, Элбек, Санжар Сиддиқ, Қаюм Рамазон, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Шорасул Зуннун, Бўлот Солиев каби етук ижодкорларни жамлаган эди. Шу йилларда Чўлпоннинг «Ёрқиной», «Тонг сирлари», «Булоқлар» каби шеърий тўпламлари, Фитрат, Элбек, Абдулла Қодирий каби зиёлиларнинг қатор асарлари катта нусхаларда чоп этилди. Шунинг учун ҳам у раҳбарлик қилган кезлар «Ўздавнашр»нинг «олтин даври» дейишади. Саид Аҳмад ўз фаолияти давомида «Инқилоб», «Маориф ва ўқитғувчи» журналларининг таҳрир ҳайъатида ҳам бўлди, «Қизил қалам» уюшмасига кириб, унга Фитрат, Элбек ва Чўлпонларни жалб этди.

Бироқ, унинг бундай фаолияти «қизил мустамлакачи»ларнинг мақсадига зид эди. Шу боис ҳам у СредАзбюро раҳбарияти томонидан «Ўздавнашр» раислигидан ишдан олиниб, Москвадаги Плеханов институтига ўқишга юборилади. 1928 йили у Москвага келиши билан ўзбек талабаларининг илмий тўгараклари ҳам ривож топа бошлайди. Ўшанда у барча ўзбек талабалари бошини қовуштириб, бир мақсад сари фаолият юритишга ундайди. Афсуски, Саид Аҳмад Назиров Москва текстиль институтининг муҳандис-иқтисодчи факультети 4-босқичини тугатаётганида Москва шаҳри, Большой Патриотский, переулок 4-уй 15-хонадонидан қамоққа олинади. Ва, узоқ давом этган тергов жараёнидан кейин отиб ташланади.

Баҳром Ирзаев,

«Қатағон қурбонлари хотираси»

 давлат музейи катта илмий ходими.