БРР
«Лайли ва Мажнун» ишқий достони спектаклининг фусуни
Ҳазрат Алишер Навоийнинг асарлари ҳатто инсон қалби хиралашиб кетаётган ва ҳатто ишқ тушунчаси манфаатга асосланаётган бугунги кунларимизда ҳам чирк қалбларни поклаш ҳамда нурлантиришга тўғри йўл кўрсатувчи маёқ вазифасини ўтаётир.
Ўзбекистон давлат драма театрида режиссёр Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган «Хамса» асарининг учинчи достони «Лайли Мажнун» бунга мисол бўлиши мумкин.
Ўз пайтида машҳур олим, академик И.Ю.Креговский: “Шарқда Лайли ва Мажнун Ғарбдаги Ромео ва Жульеттага нисбатан машҳурроқдир” деб ёзган экан.
Бир соату 10 дақиқа давом этадиган спектаклни аксарият томошабинлар киприк қоқмай кўрадилар. 1484 йилда ёзилган буюк асарнинг сеҳри залдагиларни муқораба ҳолатига солиб, Лайли ва Мажнун оламига олиб кириб, воқеалар иштирокчисига айлантирганди...
Маълумки, Навоий асарларида руҳий асос, сўзнинг фикрий-маърифий илдизи жуда бақувват. Шунинг учун ҳам ҳазратни ўқиганда ёки томоша қилганда ақл, кўнгил, туйғу деярли баб-баробар ишлайди. Уч тоифа томошабин бор: биринчиси- фикр юритмай фақат ҳузурланадиган томошабин; иккинчиси – ҳузурланмай – баҳо берувчи томошабин, учинчиси – завқланиб баҳолайдиган, баҳо бериб ҳузурланадиган томошабин. Шубҳа йўқки, қалб кўзи очиқ томошабин Лайли ва Мажнун ҳис-туйғусини уқий олади, улардаги ҳақиқат ва Ҳаққа нисбатан бўлган Илоҳий ишқ томошабин қалбига ҳам юқади. Қайсидир маънода «Лайли ва Мажнун»ни «инклюзив спектакль» деб аташ мумкин. Маълумки, инклюзия тизимида имконияти чекланган кишилар соғлом инсонлар билан жамиятда яшаш учун уларнинг жисмоний имкониятларига қарамай, тенг ҳуқуқли шарт-шароит яратиб беришдир. Кар кишилар рассом Миржалол Холиқов яратган саҳна декорацияси, чироқларнинг воқеа ҳолати ҳамда ривожига кўра, маконда ва қаҳрамонларга юзи ва тана ифодасига туширилиб айлантирилиши, актёрларнинг рақс монанд ҳаракатлари – шиддати, юз ифодаси, нафоислиги сабаб спектаклни кўради. Кўзи ожиз томошабинга спектакль таъсирини аниқлаш мақсадида уни бошланишидан якунланиш вақтигача бўлган жараённи диктафонимга ёзиб олдим. Композитор Айепберген Отегеновнинг юксак маҳорат билан ёзган мусиқаси, актёрларнинг воқеаларни ҳис этишга ёрдам берувчи монолог, диалоглари сабаб, кўзи ожиз инсонлар ҳам спектакль темпоритмига биноан уни «кўра олишди». Бу ҳам ўз навбатида саҳналаштириш жараёнида иштирок этган ижодкорларнинг яна бир ютуғидир.
Айрим араб манбаларининг маълум қилишича, Мажнун тарихий шахс бўлиб, Шимолий Арабистондаги Бани Омир қабиласига мансуб бўлган. Унинг исми манбаларда Қайс ибн Мулавваҳ, Маҳдий ибн Муод, ал-Ақра ва баъзан ал-Буҳтурий ибн ал-Жаъд тарзида келтирилади. Мажнун ўз қабиласидан Лайли исмли қизни севиб, унга бағишлаб ажойиб шеърлар тўқиган. Унинг шеърлари қабиладошлари ва бошқа қабила кишилари орасида кенг тарқалганлиги ҳақида Ибн Қутайбанинг «Китобу-ш-шеър ва-ш-шуаро» асарида ҳам маълумотлар келтирилади. Лекин шу билан бирга айрим тарихчилар Мажнун тарихий шахс эмас, унинг номи мажозий, мавжуд шеърлар ўз амакисининг қизини севиб қолган умавий бир йигитнинг шеърлари, у шеърларида Мажнун тахаллусини қўллаган деб айтадилар. Қадимда ишқ турларга ажратилиб таъриф ва тавсиф этилган бўлса-да, илоҳий ишқ билан мажозий ишқ орасида зидлашадиган, ўзаро бир-бирига тубдан қарши ҳеч нима йўқ. Ҳақни севган одамгина маъшуқини севади. Маъшуқасига кўнгил боғлаган инсон эса ўзини Холиқдан айру тасаввур этолмайди ва айнан шу ҳолатда у илоҳий ишқ ҳолининг тасаввур этиб бўлмас даражада юксалишига иқрор бўлади. Қайс - Мажнун ролининг ижрочиси Нодир Муҳаммаджонов унинг изтиробларини, қалбига аввал мажоз, сўнг Илоҳий ишқ жо бўлгандаги шодликларини юксак маҳорат билан ифода эта олган. Томошабин Мажнунни кузатар экан унинг телбаворлигини эмас, ақл орқали ишқи Ҳаққа интилишини пайқайди. Пок ишқнинг сўзон шуъласи икки қалбга тушганлиги Лайли ва Мажнун вужудининг юрак қисмига проектор чироғи тушгани орқали кўрсатилган. Актёр Нодир Муҳаммаджоновнинг Мажнуни гарчи уни телба дейишса, ҳам парво қилмайди, у ДИЛДОР жамолидан сархуш қиёфада – на занжирбандлик, на таънаю маломатлар унга кор эмас. Лайли ва Мажнун бир-бирларини севишса ҳам, бироқ хореограф ва режиссёр актёр олдига қўйган вазифага мувофиқ бармоқ учини ҳам тегинмай нозик хорегорафик ҳаракатлар ёрдамида ўз туйғуларини ифода этадилар. Спектаклда Лайли ва Мажнун солиҳ ва покиза одам тимсоли сифатида гавдаланган. Мажнуннинг ДИЛДОРИ – ҲАҚ. У Лайлининг ваҳдат ул-вужуди орқали, ваҳдат ул –мавжудга интилади.
Кўпинча Лайли ва Мажнун қаҳрамонларини йиғлоқи, меланхолик темпераментга эга қилиб кўрсатишади. Лайли ролининг ижрочиси Ҳусниябону Тўрамуродованинг Лайлиси эса қатъий, фикрини дадил билдира оладиган ва шу билан бирга нафосатли ҳамда жозибали, оҳанграбоси бор маъшуқа. Лайлининг юзи бу ўринда илоҳий нур манбаи, узун сочлари – моддий дунё, фироқ тузоқлари, («Лайли» сўзининг ўзи ҳам тун маъносини билдиради), ана шу нур манбаининг чақмоқлари Мажнуннинг қалби ва вужудидан жой олган. Лайли ва Мажнуннинг учрашув саҳнасида режиссёр Лайлини саҳна қурилмасининг юқорисига ўтказиб, нафл намозини ўқиётган ҳолатда тасвирлайди. Илк учрашувда «ҳайрат ўтини солғон, бир кўришда жон олғон..» Лайлини кўриш орқали унинг ишқи «вужудиға ўт солғон» Мажнун қалбига тушган бўлса, тунги учрашувда улар суҳбатлашиш орқали бир-бирларининг оламини, қалбини англайдилар, «Лайли дебон... Мажнун дебон жаҳонға ўт солмоқ» бўйича онт ичадилар. Лайли ва Мажнун илк учрашувларида роҳат эмас, азоб туядилар. Ҳушдан кетиш, Аллоҳ жилвасига дош беролмаслик хослар ишқидан намуна беради.
Алоҳида таъкидлаш жоиз: Ҳусниябону Тўрамуродова ўз қаҳрамони ҳаракатларида яшади. Зотан, Лайлининг "юкини кўтариш" оғир, изтиробларини чекиш ва уни томошабинга етказиб бериш ўта мушкул эди. Спектакль якунлангач, актёрларни навбатдаги премьера билан табриклаш учун саҳна ортига ўтганимда актрисанинг ҳолатдан чиқиб кетиши қийин бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Ушбу мақолани ёзиш жараёнида ўзим учун янги актрисани кашф қилганимни тушуниб етдим.
Ровий сифатида Алишер Навоий қиёфасида намоён бўлган Илҳом Бердиев эса воқеалар ривожида шоирнинг таҳайюл оламига ғарқ бўлган ҳолатидаги ҳаракатларини мукаммал ижро этди. Унинг воқеаларни баён этувчи нутқи, Навфалнинг Бани Асад қабиласига ҳужум қилган пайтидаги ҳолати статик кўринишда эмас, динамик кўринишда ифодаланган. Оқ ридолар елкасига тутилган ва арқонлар билан исканжага олингандек кўрсатилган Навоий инсонлар умри поёнига етказилаётган жангга қарши, бироқ илҳом исканжасида у бу воқеаларни баён этишга ва тасвирлашга мажбур ички зиддиятларга қарши боролмаётгани, олдинга ҳаракатланаётгани-ю, ридолар орқали инсонлар томонидан ортга тортилаётгани режиссёрлик нуқтаи назаридан пухта ўйланган. Ҳазрат Навоийнинг қатъияти, кўнгил нафосати, «Лайли ва Мажнун» достонини «йиғлай-йиғлай тугатдим охир..»даги ҳолатлари оламига актёр бироз чўчиш, бироқ дадиллик билан кира олган.
Лайлининг отаси ролини Эгамберди Раҳимов, дублёр сифатида эса Шукуржон Сўфиевлар ижро этишди. Навоий қаҳрамон характерини яққол ифода этишда маҳоратли шоир, шу жиҳатдан қаҳрамон феъл-атворини очишда актёрга йўлланма беради. Унинг таъбирича, араб саҳросида қудратли подшо бўлган Лайлининг отаси гоҳи мурувватлик, гоҳида ғазабноклик ҳолатини Эгамберди Раҳимов кўрсатиб бера олди. Шукуржон Сўфиевнинг ижросидаги ҳолатда ота қиёфасида кескирлик ва ғазабноклик устиворлик қилган.
Қайснинг дўсти Навфал ролининг ижрочиси Азамат Ҳазратқуловнинг маҳоратли ижроси иккинчи қаҳрамон бўлишига қарамай бош қаҳрамонларникидан қолишмади. Унинг ўз дўсти аҳволига куйиниши, у учун шиддатли жангга киришидаги тезкорлиги, уни тушуниши ва қўллаб-қувватлаши вафодор дўст тимсолини кўрсатади.
Роль ҳам Аллоҳнинг бир ризқи. Доя кампир ролини устоз актриса Доно Бобохонова ижро этиши керак эди. Спектаклнинг прогони топширилаётгандаги охирги саҳна кўринишида Доно опа саҳна орқасига ўтадилару, мазалари қочади. Чақиртирилган тез ёрдам машинаси уларни касалхонага олиб бориб, реанимацияга ётқизади. Аммо актриса ўзига келмай, эрталаб оламдан ўтади. Касалхонага кетишдан аввал дублёрлари Гавҳар Ҳакимовани зудлик билан чақиртириб, «Гавҳар, мен туфайли спектакль «провал» бўлмасин. Доя кампир ролининг ижросини ўзингга топширдим», - дейдилар.
Гавҳар Ҳакимова ижросидаги доя кампир Лайлининг сирдоши, унга таскин берувчи меҳрибон аёл, бироқ Лайлини авайлаш ҳамда изтиробли ҳолатидан чиқариш мақсадида унга таскин берувчи ёлғонлардан фойдаланади. Спектакль бошида у Қайснинг дўстлари билан суҳбатлашаётганда комик ҳолатда кўринган бўлса, тадрижий ижро жараёнида драматик ҳолатга ўтади.
Шу ўринда Қайснинг онаси ижрочилари устоз актрисалар Азиза Бегматова ва Мадина Тўхтаеваларнинг томошабинларни ишонтира олувчи ижроси ҳақида фикр билдирсак. Тахминимизча, Қайснинг онаси ушбу воқеалар кечган жараёнда 45-50 ёшлар чамасида бўлган. Саксон ёш атрофидаги актрисаларнинг ўрта ёшдаги аёлларга хос ҳаракати ёш ҳақидаги тафоввутни йўқотади. Жигарпорасининг «мажнунлиғ» ҳолатидан чиқариш учун онаизор унинг атрофида парвона. Мажнунлиғ дардига йўлиққан Қайсни кишанбанд қилмоқчи бўлганларидаги онанинг қатъиятли «йўқ» дейиши, унинг муштипар эмас, айтганини бажартира олишини очган. Актрисаларнинг иккаласи ҳам ролни юксак маҳорат билан ижро этишди.
Спектакль драматик йўналишда бўлишига қарамай, ундаги илтижоли ҳолатлар ишқ куйчилари устоз санъаткор Муножат Тешабоева, артистлар Зарифа Алимқулова, Нодир Бегмуродов, Юнусжон Асқаровлар томонидан нола қилиниб, муножат шаклида куйланди. Мажнуннинг ота-онаси билан муқаддас Каъба тавофини айловчи саҳна кўриниши Азон ҳам жонли ижро этилди.
Шу ўринда актёрлар Пўлат Норматов (Қайснинг отаси), Нафиса Тошматова, Севара Ҳайдарова (Лайлининг онаси), Ибн Салом (Саъдулла Ниёзов), дўст (Аъзам Нодирбоев)ларнинг ижроси ҳам таҳсинга лойиқ.
Спектаклнинг Лайли ва Мажнун туғилиши ҳолати барча қаҳрамонларнинг юзи ҳарир рид билан ўралган ҳолатда намоён бўлади. Бу туғилишдан аввалги руҳлар оламига ишорат. Сценограф Миржалол Ҳолиқов томонидан ишлаб чиқилган баландлиги 2.5-2.8 метрли ғилдираклар орқали ҳаракатланувчи қурилма дастлаб икки қаҳрамоннинг руҳлари туғилишидан аввал учрашувчи Арш маъносини ифодаласа, учрашув пайтида айвонни, Қайс Каъбага борган пайтида Каъбатуллоҳни, Бани Асад қабиласига ҳужум қилинган пайтда қасрни, Лайли ва Мажнун вафот этган ҳолатида эса оқ пардалар билан ўралган тобутни, руҳлар бирлашган онда жаннатни ифодалайди. Рассом саҳнани безатишда шартлилик тамойилига амал қилган. Саҳнада ортиқча нарсанинг ўзи йўқ. Саҳна деворлари ва пол кўзгу монанд тунука билан қопланган. Ҳаракатланаётган актёрлар унда ўзини кўришади. Қайснинг ота-онаси деворнинг икки четида фарзандининг қалбидаги ишқ оловни ўчириш учун Аллоҳдан илтижо қилинаётган пайтдаги ҳолатни бир тарафлама кўришидаги деворни тарақлатиб уришдаги Яратганнинг тақдирига исён кўринишидаги ҳолат, Мажнуннинг шартли кўрсатилган «Каъба» марказида туриб «ота-онасининг авф этишини» сўраши борлиқни борича қабул қилиш психологик кечинмаларини очган. Саҳна асарининг «илоҳий ишқ достони» жанри деб танланганини оқлашининг яна бир асоси мавжуд. Навоий ушбу асарида тилга олган ишқ моҳиятини англаш учун Мажнуннинг Ҳаж сафари ҳақидаги қисми яхши ёрдам беради. Ошиқ Аллоҳга: «Эй ишқ ўти билан жаҳонни ёндирган ва бу ишқ ўти билан мендек бечоранинг ҳам жонини куйдирган!», деган мурожаати бор. У Аллоҳдан «Ишқ ғамидан қутқариб, мени шодлантир демайман, аксинча бу ўтни ҳар дам кўпайтирсангу сира ҳам камайтирмасанг дейман», - деб сўрайди. Ота-онаси Қайснинг аҳволи яхшиланиши учун Каъбага олиб борсалар, унинг дарди янада зўрайганидан ҳам бу ишқ Аллоҳга қаратилганини билиш мумкин.
Шу ўринда композитор Айепберген Отегеновнинг спектаклга ёзган мусиқий композициясининг аҳамияти жаҳон киноси мусиқасига ҳисса қўшган Эннио Морриконе, Ханс Циммер, Нино Рота, Жон Баррининг мусиқаларидан асло кам эмаслигини таъкидлаш жоиз. Айепбергеннинг мусиқасини спектакль кўрмасдан ҳам тингласангиз хаёлот оламини узоқ Ҳижоз ўлкаларига олиб кетади. У илмий изланишлар олиб бораётган ижодкор сифатида халқ ладларидан унумли фойдаланган. Ўша Арабистон ўлкасининг Эрон, Озарбайжон ўлкалари билан савдо-маданий алоқаларини ўрнатилгани боис мусиқа оҳанглари ҳам яқин бўлган. Композитор ана шу мусиқа наволарини топиб, ёза олган.
Алишер Навоий ижодида ишқ талқини борасида неча-неча китоблар, илмий ишлар ёзилган. Бу — жуда кенг қамровли мавзу. Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ишқни уч гуруҳга ажратади: авом ишқи, хослар ишқи, сиддиқлар ишқи. Авом ишқи инсоннинг ҳаётий истакларига асосланган бўлиб, у никоҳ билан якунланади. Хослар ишқи покликка асосланган. Бунда Ҳақнинг жамоли бирор бир инсонда деб тушунилади ва уни Аллоҳга бўлган ишқи билан севади. Бундай ошиқни маҳбубнинг вужуди қизиқтирмайди, унинг кўзига маҳбуба буткул илоҳий руҳ бўлиб кўринади. Сиддиқлар ишқи эса тўғридан тўғри Аллоҳга қаратилган авлиё ва анбиёлар муҳаббатидир.
«Лайли ва Мажнун» асарида эса хослар ишқи баён этилган. Севишган ёшларни кўрганда атрофимиздагилар «Ҳозир улар Лайлию Мажнун!», «Лайли-Мажнун бўлиб кетибсизлар!», «Иккиси Лайли ва Мажнунлардек!» дейишади. Бироқ илоҳий ишқ достони саналмиш «Лайли ва Мажнун» спектаклини кўрган томошабин балки энди бу хатога йўл қўймас...
Агар шундай бўлса, бу спектакль ижодкорларининг ютуғи бўлади.
Нигора УМАРОВА





