«Ўлим машинаси»
ёки Собира Холдорова ким эди?
...1937 йилнинг қоронғи тунларидан бирида маҳалла бошида ўша совуқ автомобиль кўринди. Минг-минглаб инсонлар қўрқувдан дағ-дағ титрайдиган бўлиб қолган ўша паллада халқ бу автоуловни «Ўлим машинаси» деб атарди. Ушбу қора машина кирган кўча борки, кимнингдир шўри қурирди. Улардан бири биринчи ўзбек аёл журналисти Собира Холдорова эди...
Ўғирланган болалик
Собира Холдорова 1907 йили Наманганнинг Чуст шаҳрида, камбағал деҳқон оиласида туғилди. Отаси вафот этганида Собира беш ёшда эди. Шундан кейин у онаси Комила ая билан тоғасининг уйига кўчиб ўтишга мажбур бўлишади.
1918 йили Туркистонда бошланган талотўпларда Собиранинг тоғаси ҳам ҳалок бўлади. Собира ва онаси яна кўчларини йиғиштириб, Қўқондаги узоқ қариндошлариникига йўл олишади. Қўқонда ёш Собирани ўзидан анча катта ёшли кишига турмушга беришади. Бироқ, ҳар қанча мажбурлашмасин, у бу никоҳни тан олмайди. Уни никоҳлаб олган киши эса жаҳл билан Собирани оч-наҳор молхонага қамаб қўяди. Бир мунча вақт тутқунликда қолган Собира иложини топиб, қочиб кетади.
Кўчада йиғлаб кетаётганида уни милиция ходимлари ушлаб олишади ва Қўқондаги 5-сонли мактаб-интернатига топширишади. Қизидан хавотир олган Комила ая уни қидириб, ўша интернатдан топади ва ўша ерга ишга киради.
Собира Холдорова мактаб-интернатда ўқиб, илм олади.1923 йили ўқишни давом эттириш мақсадида Тошкентга келади. Бу ерда икки йил давомида аёллар маъориф институтида таҳсил олади. Таҳсил билан бирга «Янги йўл» газетасига ишга киради. 1925 йилда газета журналга айлантирилгач, у «Янги йўл» журналининг биринчи муҳаррири этиб тайинланади. 1925 йилнинг июль ойида эса унга энг нуфузли «Қизил Ўзбекистон» газетасида бўлим мудирлиги вазифаси топширилади.
Собира Холдорова онасига ёзган хатларидан бирида: «Абажоним, мен Ўрта Осиёда яшовчи миллатлар орасидан чиққан биринчи журналист бўлдим!», деб ёзган эди.
1926-1929 йилларда Собира Москвадаги журналистика институтида таҳсил олади. У Москвада ўқиётган кезларда Саид Аҳмад Назиров билан оила қуради. Бир йил ўтиб, уларнинг ўғли Пўлатжон туғилади. 1929 йилнинг август ойида Собира Холдорова диплом олиб, Ўрта Осиё Республикалари маҳаллий миллатлари аёлларидан чиққан биринчи журналистга айланади. Бироқ, бу хурсандчилиги узоққа бормайди, ўша йили турмуш ўртоғи Саид Аҳмад Назиров Мунаввар қори иши бўйича қўлга олиниб, узоқ тергов жараёнидан сўнг отиб ташланади. Собира қўлида ёш ўғлини кўтарганча Ватанга қайтади.
Ўзбекистонга қайтган Собира Холдорова иш излайди. 1930 йилнинг февралида Самарқандга бориб, «Ишчи» газетасида муҳаррир ўринбосари лавозимида иш бошлайди. 1931 йилда Ўзбекистон ССР пойтахти Самарқанддан Тошкентга кўчирилади. Собира ҳам Тошкентга кетади. У дастлаб, Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг нашри ходими бўлиб ишлайди. 1932 йилга келиб, ўзининг тиришқоқлиги ва билими билан кўзга ташланиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасида иккинчи котиб ёрдамчиси лавозимига кўтарилади. У Мўмин Усмонов билан Сталиннинг «Лелинизм» китобини ўзбек тилига таржима қилади. Тақдир тақозосини қарангки, кўп ўтмай Собира ҳамкасби Мўмин Усмонов билан оила қуради.
Китоб таржимаси учун – ўлим...
Собира Холдорова 1934 йилдан 1936 йилгача Тошкент шаҳар Ленин туман партия қўмитаси котиби лавозимида ишлайди. Ёш журналист аёлнинг ҳаётида ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган эди. Бироқ, Собиранинг бошига яна қора булутлар ёғилади: 1937 йилнинг август ойида эри Мўмин Усмонов қамоққа олинади. Шундан кейин ўзи ҳам ёлғон айбловлар билан партиядан ҳайдалади.
1937 йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги Собира Холдоровани қамоққа олиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлайди. 22 сентябрь кунги ордер асосида Тошкент шаҳар, Фрунзе кўчасида жойлашган Собиранинг уйи тинтув қилинади. Тинтув жараёнида у «Халқ душмани» сифатида қўлга олиниб, уйдаги барча нарсалари ташқарига улоқтирилади. Фарзандлари – 12 ёшли Пўлатжон ва 5 ёшли Манзура эса меҳрибонлик уйига топширилади. Собира Холдоровага «Лелинизм» китобини ўзбек тилига таржима қилганда қаттиқ сиёсий хатога йўл қўйгансан», деган айблов қўйилади.
Адоғсиз азоблар...
Собира бир неча кун қоронғи камеради сақланади. Тергов пайтида ўзига қўйилган барча айбларни рад этади. Бундан ташқари, у терговчиларга турмуш ўртоғи Мўмин Усмонов, Акмал Икромов ва Давлат Ризаевларнинг мутлақо айбсиз қамашганини айтади. Бу гаплардан ғазабланган терговчи, уни бир неча кун уйқусиз, овқатсиз, сувсиз яшашга ҳамда камерада тик туришга мажбур қилади. Тергов жараёнида Собира тинимсиз калтакланади. Оғир қийноқлар туфайли эса у ақлини йўқотади.
Зуҳра Турсунхўжаева ўзининг хотира дафтарида Собира Холдорованинг терговдан кейинги ҳолати бўйича шундай ёзади:
«Бир неча кун йўқ бўлиб қолган Собирани ярим ўлик ҳолатда камерага судраб олиб келишди. Мен уни яхши таниганим учун олдига бордим. Собиранинг кўкрак қисмидан то томоғигача қорайиб кетган эди. У хушсиз ухлаб ётганди. Биз уни уйғонишини кутдик. Собира икки суткадан ортиқ вақт давомида беҳуш ётди. Уйғонгач, бизга тескари қараб, гоҳ кулиб, гоҳ йиғлар эди. Шунда билдикки, Собира ақлини йўқотган».
Ҳуши жойида бўлмаган Собира Холдорова ўзига қўйилган айбловни тан олади ва оқ қоғозга қўл қўйиб беради. 1939 йилнинг 29 март куни унинг айблов баённомаси тасдиқланиб, Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 63 ва 67-моддалари билан айбдор деб топилади. 1940 йилнинг 5 декабрь куни унинг иши «Учлик» (1937 йилда Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлигининг республика ва вилоят бўлимлари ҳузурида «антисовет унсурларини» репрессия қилиш бўйича тузилган қатағон органи) томонидан кўриб чиқилади. Ва, 10 йил муддатга Ёқутистондаги меҳнат тузатиш лагерига сургун қилинади.
Оқланиш...
1942 йилда Собира Холдорова бетоблиги – ақли жойида эмаслиги сабаб сургундан қайтарилади. У тинимсиз Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг биринчи котиби Никита Сергеевич Хрушёвга ариза ёзар, зулм ва ҳақсизлик ҳақида шикоят қиларди. Ва, ниҳоят ёзилган хатлар бесамар кетмади. 1956 йилнинг 22 июнида Собиранинг иши Туркистон ҳарбий округи ҳарбий трибуналида қайта кўриб чиқилади ва у тўла оқланади. Ўша йилнинг ноябрь ойида Собира Холдоровага ўзи ва турмуш ўртоғининг оқлангани ҳақида хат келади. Афсуски, бу пайтда у терговда орттириб олган оғир касали билан курашаётган эди. Анча вақт бу дард билан оғриган Собира Холдорова 1984 йили вафот этади.
Маълумотларга кўра, Собира Холдорованинг катта фарзанди Пўлатжон иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, жароҳат олади. У ватанга қайтгач, оила қуриб Темур, Саида ва Комил исмли уч фарзандни вояга етказган. Собиранинг қизи Манзура эса ядро физика бўйича таҳсил олиб, физика-математика фанлари доктори бўлиб етишган.
Баҳром Ирзаев,
«Қатағон қурбонлари хотираси»
давлат музейи катта илмий ходими,
тарихчи олим




