БОЛАЛАР АДАБИЁТИ: У НЕЧА ЁШЛИ БОЛАЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН?
Мутолаани эрта бошлаш, яъни, тиши чиқмай туриб унга, китоб ўқиб бериш боланинг ақлий ва ҳиссий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатар экан...
Ёшига мос китоб танлаш эса ўқиш жараёнини янада ёқимли ва самарали қилади. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, 3 ёшгача бўлган давр болаларни китобга қизиқтиришнинг энг муҳим босқичи ҳисобланаркан.
Болалар адабиёти деганда, кўпинча ҳарф танийдиган, ўқишни биладиган болалар учун мўлжалланган китобларни тушунамиз. Шундан келиб чиқибми, фарзандимиз қўлига ўқишни ўрганиб олганидан кейингина китоб тутқазамиз. Тадқиқотларга кўра, инсон умри давомида оладиган асосий маълумотларнинг 80 фоизини мактабгача бўлган ёшида олар экан. Шунинг учун ҳам дунёдаги энг кўп китоб ўқиладиган давлатларда болаларни китоб билан таништириш даври туғилганидан то 3 ёшгача этиб белгиланган. Зеро, рангли, расмли, матнсиз ёки қисқа матнли китоблар, интерактив нашрлар боланинг ҳар жиҳатдан баркамол улғайишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Жорий йил бошида партиямизда шакллантирилган гуруҳлар иштирокида “2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш Концепцияси” ижроси бўйича назорат-таҳлил тартибида ўрганишлар олиб боргандик.
Унда ахборот-кутубхона марказлари билан бир қаторда 160 га яқин мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ташкилотларнинг бадиий адабиётлар билан таъминланганлик ҳолатини ҳам таҳлил қилдик. Маълум бўлишича, айрим кўп боғчаларда кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилмаган, борларида ҳам болалар учун мўлжалланган миллий ва замонавий адабиётлар етишмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, партиянинг 2025-2029-йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурининг “Миллий маданият ва маънавиятни ривожлантириш, қадриятларни сақлаш, бойитиш” бандида белгиланган китобнинг инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги аҳамиятини эътироф этган ҳолда мактабгача таълим ташкилотларида “Миллий тикланиш” кутубхоналарини ташкил этиш режалаштирилди. Боланинг мурғак ёшидан бошлаб китоб ўқишини рағбатлантиришга қаратилган “Болангиз билан китоб ўқинг” акцияси доирасида эса “Менинг биринчи китобим” лойиҳасига старт берилди. Биламизки, миллий контентни ривожлантиришда болалар китобхонлигини қўллаб-қувватлашга ҳам устувор аҳамият қаратиш, оилавий мутолаа анъанасини тиклаш ва оммалаштириш, болаларни кичик ёшидан мутолаага қизиқтириш орқали уларнинг дунёқараши, маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижодий қобилиятини юзага чиқариш, нутқи, фикрлаши, таҳлил қилиши ва албатта, тасаввур қобилиятини ривожлантириш ҳамда бир қатор мактабгача таълим ташкилотларига китоб жавонлари ҳамда кичкинтойларга мўлжалланган китоблар тақдим этиш кўзда тутилди. Китобларнинг 34 тасини замонавий ўзбек адабиёти, 20 тасини ўзбек халқ эртаклари, 9 тасини эса жаҳон адабиётидан ўзбек тилига таржима қилинган асарлар ташкил этиши кўзда тутилган. Таниқли болалар адибларининг учта ёш тоифаси, яъни, 0 дан 3 ёшгача, 3 ёшдан 5 ёшгача ҳамда 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган 63 номдаги, жами 630 дан зиёд шеърий, насрий асарлари, илмий-оммабоп адабиётлар китоб жавонларидан ўрин олди. Жумладан, бир неча авлодларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшган таниқли болалар шоири Пўлат Мўминнинг “Бўладиган болалар”, Зулфия Мўминованинг “Донишманд Тошбақанинг кўзойнаги”, партия ташаббуси ва молиявий ёрдами билан чоп этилган таниқли шоира Шарифа Салимованинг “Қушлар алифбоси”, Саъдулла Қуроновнинг “Менинг галлактикам” китоблари, Амазон платформасида рейтинг кўрсаткичлари бўйича Япония, Скандинавия, АҚШда энг кўп сотилган ўзбек болалар ёзувчиси Динара Мўминованинг “Ажойиб кактус”, “Томчи қаерга кетди?”, “Энг зўр чумоли”, “Туғилган кунимга совға”, ўзбек халқига хос бўлган маданият ва урф-одатлар ҳақида тушунча берувчи замонавий эртаклар муаллифи Саида Рашидованинг “Дўпка”, болалар адабиёти бўйича миллий ва халқаро танловлар ғолиби Гулноз Тожибоеванинг “Эпчил Зағизғон”, “Меҳмондўст олмахон” каби китоблари ўрин олган. Шунингдек, болаларга тақдим этилаётган китоблар орасида “Asaxiy books” нашриёти томонидан “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган машҳурларнинг ҳаётидан ҳикоя қилувчи 5 номдаги - Муҳаммад Али, Стив Жобс, Алберт Эйнштейн, Моцарт, Леонардо да Винчи номли асарлар тўплами ҳам бор. “Янги аср авлоди”, “Aкадемнашр”, “Зукко китобхон”, “Asaxiy books”, “Invest-Book” каби бир қатор йирик нашриётлар билан ҳамкорликда амалга оширилган мазкур лойиҳанинг эътиборга молик жиҳати шундаки, китоб жавонларини тақдим этишга бағишланган тадбирларда эртакларни болажонларга муаллифларнинг ўзлари ўқиб беришади. Маълумки, болалар учун китоб танлаш ҳамда уларни ўқиб беришда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги жуда муҳим масала. Ёзувчилар томонидан ўтказилган “Маҳорат дарслари”да ота-оналар ҳамда табиячиларга болалар билан биргаликда китоб ўқиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилади. Бундай лойиҳалар орқали болаларда китоб ўқиш одати шаклланади, миллий адабиёт ва маънавиятга қизиқиш кучаяди, педагоглар учун эса янги методик имкониятлар яратилади...
Лойиҳа доирасида пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 588-сонли ҳамда Бектемир туманидаги 577-сонли мактабгача таълим ташкилотига “Менинг биринчи кутубхонам” туркумидан 0-7 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган энг сара болалар адабиётларидан иборат китоб жавонлари тақдим этилди.
Бугун болалар учун чоп этилаётган адабиётлар билан болалар ҳамда уларнинг ота-оналарини яқиндан таништириш, мактабгача таълим ташкилотларида кутубхоналар ташкил этиш, мавжудлари фондини бойтиш ташаббусини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, шу тариқа болалар адабиёти тарғиботига кўмаклашиш, ҳар бир хонадонда оилавий кутубхонларни ташкил этиш мақсади кўзланган мазкур акция босқичма-босқич ҳудудларда ҳам амалга оширилади. Яқин кунларда партия томонидан шакллантирилаётган 150 та адабиётлар рўйхати 0-7 ёшгача бўлган болаларга ўқиш учун тавсия этилади. Мазкур ташаббусни оммалаштириш мақсадида партиямиз томонидан қуйидаги таклифлар илгари сурилмоқда:
- Психологлар, педагоглар ва соҳа мутахассислари иштирокида 0–7 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган 1000 дона китоблар тўпламини шакллантириш.
- Ҳар бир ҳудуддаги боғчаларнинг эҳтиёжи ва мавжуд инфратузилмасини ўрганиш.
- Тарбиячилар учун китоблардан самарали фойдаланиш бўйича ўқув курслари ва тренинглар ташкил этиш.
- Ота-оналарнинг уйда болалари билан биргаликда китоб ўқишларини рағбатлантиришга қаратилган кампаниялар ўтказиш.
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан "Китобли боғча" мукофотини жорий этиш, энг фаол боғчаларни рағбатлантириш.
Партиямиз ташаббуси билан Республика болалар кутубхонасида ўтказилган “Болалар китобхонлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги очиқ мулоқотда болалар ёзувчиларидан бири: “Бу давра суҳбати ҳам ҳар галгидек самарасиз, “хўжа кўрсинга” ўтадиган тадбирлардан бири-да”, деган эди.
Аммо юқоридагидек, тизимли ишлардан кўриниб турибдики, “Миллий тикланиш”нинг ушбу масалага ёндашуви “хўжа кўрсин”га ўтадиган тадбирлардан эмас! Аксинча, болалар китобхонлигини рағбатлантириш, оилавий мутолаа маданиятини шакллантириш устувор мақсадларимиздан бўлиб, бу борадаги ишлар узвийлик касб этмоқда. Боғчаларда болаларнинг ёшига мос, ахлоқий ва миллий қадриятлар сингдирилган китоблардан иборат кутубхоналар ташкил қилишга қаратилган мазкур акция ҳам, куни кеча “Мутолаа” лойиҳаси билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандуми ҳам бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий давомидир. Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда: “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.
Феруза Жалилова