Беҳбудий сабоғи: миллатни уйғотган сўз қудрати

Беҳбудий сабоғи: миллатни уйғотган сўз қудрати

Беҳбудий сабоғи: миллатни уйғотган сўз қудрати 

   Баъзан ўйлаб қоламан: агар ХХ аср бошларида яшаган маърифатпарварлар бугунги кунимизни кўрганида нима дер эди? Эҳтимол, улар энг аввало илм олиш учун яратилган имкониятларга эътибор қаратган бўларди. Чунки ўша даврда илм — миллатни қутқарадиган ягона йўл эди. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган зотлардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлган. Туркистон мустамлака зулми остида яшаган, саводсизлик ва бефарқлик кенг ёйилган бир пайтда Беҳбудий қўлига қалам олади. У оддий мақола ёзишни эмас, миллатни уйғотишни мақсад қилади. Унинг фикрича, жаҳолат ҳар қандай таназзулнинг бошланиши, илм эса нажот йўли эди. Шунинг учун у матбуотни халқни тарбиялайдиган, онгини ўзгартирадиган куч деб билган. Беҳбудий ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратган. Чунки у миллат келажагини айнан ёшлар белгилашини яхши тушунарди. 
    “Ойна” журналидаги мақолаларида бола тарбиясида ота-она ва муаллим масъулиятини кўп таъкидлайди. Унингча, фарзандни фақат диний билим билан чеклаб қўйиш тўғри эмас. Замонавий фанлар — тарих, география, табиий фанлар, чет тиллари ҳам ўрганилиши шарт. Зеро, илм қанчалик кенг бўлса, тафаккур ҳам шунчалик бой бўлади. Мени талаба сифатида ўйлантирадиган жиҳат шуки, Беҳбудий бундан юз йилдан ортиқ вақт олдин айтган фикрлар бугун ҳам долзарб. Ҳозир ёшлар учун чет тилларини ўрганиш, замонавий касбларни эгаллаш, хориж тажрибасини ўзлаштириш имконияти кенг. Беҳбудий эса айнан шуни орзу қилган эди — замон билан ҳамнафас, билимли ва масъулиятли авлодни. У дин ва илмни бир-бирига қарама-қарши қўймаган. 
    Аксинча, эътиқод ва маърифат уйғун бўлса, жамият тараққий этади, деб ҳисоблаган. Сохта диндорлик ва мутаассибликни кескин танқид қилган, чунки бундай қарашлар миллатни ортга тортишини яхши билган. Адабиётшунос олим Бегали Қосимов Беҳбудийни жадидчиликнинг ғоявий йўлбошчиларидан бири сифатида баҳолайди. Таниқли мунаққид Озод Шарофиддинов эса унинг публицистикасини миллат тақдирига дахлдор масъулиятли сўз даражасига кўтарилган ижод деб таърифлаган. Бу эътирофлар бежиз эмас. Чунки Беҳбудий ёзган ҳар бир мақола ортида миллат дарди, келажак ташвиши турарди. Бугун биз талабаларга яратилган шароитларни кўриб, бир нарсани англаймиз: илм олиш — шунчаки шахсий муваффақият учун эмас, балки жамият олдидаги масъулиятдир. Беҳбудий ҳам айнан шуни уқтирган. У Ватан равнақи учун билимли, кенг дунёқарашли, фаол ёшлар кераклигини қайта-қайта таъкидлаган. 
    Хулоса қилиб айтганда, Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси биз учун шунчаки тарих эмас. Бу — огоҳлик сабоғи. У бизни бефарқликдан огоҳлантиради, илмга чорлайди, миллий онгни уйғотишга ундайди. Талаба сифатида шуни ҳис қиламан: агар биз илмни чин дилдан эгалласак ва жамият тақдирига бефарқ бўлмасак, Беҳбудий орзу қилган келажакни барпо этиш ўз қўлимизда.                                                                                                                                                                                                                                                                 Азизбек Чориев
                                                                                                                              ЎЗЖОКУ талабаси