ЮГУРИК ВАҚТ ҲИКМАТЛАРИ

ЮГУРИК ВАҚТ ҲИКМАТЛАРИ

Олим, олим ҳақида

 

ЮГУРИК ВАҚТ ҲИКМАТЛАРИ

Менимча ВАҚТ шамолдек югуриб, чопиб бораётган дарёга ўхшайди. Бир қарасанг, янги йил бўсағасида турасан,  яна бир қарасанг, чор-атрофдан баҳорнинг ҳиди келиб қолади, у-бу ишга чоғланиб энди урина бошласанг, ёзнинг қўнғиртоб саратони, кейин хазонрез, ҳадемай қиш аёзи. Вақтнинг шиддатли оқими аро у тошдан-бу тошга, у қирғоқдан-бу қирғоққа етгунингча ойу йиллар қандай ўтганини сезмай қоларкансан.

Бу гаплардан мурод  ўксиниш эмас, балки умр деган ҳақиқатнинг моҳиятини бироз англаш, холос. Баъзида, баъзида эмас, кўпинча мана шу моҳият ҳақидаги сўроқ хотирга келади, унда-бунда хаёлингга умрнинг мазмуни, ҳаётингнинг маъноси, файласуф шоиримимз Мақсуд Шайхзода ибораси билан айтилса «нуроний ҳосил» ҳусусида ўйлаб қоласан.

Яқиндагина Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Матёқуб Қўшжонов, Озод домла, кейинчалик  Наим ака, Умарали  ака, Иброҳим акаларнинг олтмиш-етмиш йиллик юбилейларини ўтказиб, бу залворли, муҳташам умрларга маҳлиё бўлиб юрардик.  Вақтнинг ҳукми билан энди биз ҳам ўша  «етмишвойлар» сафига кирябмиз.  Қарангки, кечагина қадрдон ТошДУнинг салоҳиятли ёш олимларидан санаб юрганимиз – Баҳодиржон ҳам олтмиш баҳорни қоралаб қолибди.  Шу баҳона жавонимда унинг исм-шарифи дарж этилган китобларни топиб яна бир бор варақлаб чиқдим. Менда Баҳодир инимизнинг барча китоблари борми-йўқми, билмайману, аммо жавондаги китобларданоқ  олим  бу ёшгача анча баракали, салмоқли ишлар қилибди деган хулосага келасан. Энг муҳими, бу матнларда олимнинг ҳалоллиги, холислиги, ёндашувлар принципиаллиги, таҳлиллар изчиллиги, факт ва далиллар аниқлиги, қамровнинг кенглиги кўриниб туради.

Илмий жамоатчиликка Вадуд Маҳмуд ижодининг тадқиқи билан танилган олим номзодлик диссертациясини «Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд» номи билан нашр қилди. Унда Вадуд Маҳмуд ҳаёти ва фаолияти мисолида бутун жадидчилик ҳаракати, бу ғоявий тўлқиннинг туб моҳияти,   қатағон йилларининг аянчли манзараси, ўзбек зиёлисининг маънавий-руҳий қиёфаси, ҳол-аҳволи, руҳияси ҳақида маълумот берилади.

Олим изланишларида илм ва бадиий ижод уйғунлашиб кетади. Уларда поэтик тафаккур белгиларини илғаш қийин эмас. Бу ҳақда кейинроқ тўхталиб ўтамиз.  

Баҳодир Карим устозларимиз Матёқуб Қўшжонов, Умарали Норматовлардан қодирийшунослик илмини мерос қилиб олди, буюк ижодкор ҳақида салафлари айтганларини тўлдирди, уларни янгича талқин ва қарашлар билан бойитди, қодирийшунослик илмини бир поғона юксакка кўтарди. «Қодирий қадри», «Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин», «Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур», «Қодирий насри – нафосат қасри», «Абдулла Қодирий феномени», «Ўткан кунлар ибрати», «Икки даҳо – икки бебаҳо» каби қатор китоб ва тадқиқотлари бунга яққол мисол бўлиши мумкин.

Баҳодир Карим – ҳалол мунаққид. Ушбу жиҳатлар унинг китобларидаги фикру қайдлар, қарашу изланишлар, хулоса-ю хотималар, иқтибосу кўчирмалар замирида шоён кўриниб туради. Олим  ўз тадқиқотларни яратиш чоғида ҳам, кейин ҳам Қодирий хаёли билан яшади, унинг тафаккури, эътиқодини ўзига ҳаётий маёқ деб билди, идеалларини юрагига сингдирди, буюк адибимиз рангидан ранг, улуғлигидан улги олишга интилди ва айтиш мумкинки, унга маълум маънода эришди ҳам. Аслида илмдан улкан муддао, мақсад ҳам шу.

Қодирийшунослик, кенг маънодаги жадидшунослик Баҳодир Карим илмий фаолиятининг бир йўналиши бўлса, иккинчи йўналиши бевосита бугунги адабий жараён, унинг назарий муаммоларига бағишланган. Олимнинг «Руҳият алифбоси» китоби бу борада алоҳида бир саҳифа. Унда олим ХХ асрда жаҳон адабиётшунослик фанининг назарий масалаларидан бўлган методлар масаласини алоҳида ўрганади, биографик методми, структурал ёки формалми, ҳаммасини ўзбекча тилда, содда ва равон тарзда тушунтиришга, илмий таҳлил қилишга интилади. «Истиқлол адабиёти: назм ва наср» китобида эса истиқлол адабиётини икки йўналишда соф академик планда таҳлил қилади. Китоб мундарижаси хийла каттароқ, унда таҳлилга тортилган асарлар қамрови кенг. Олим адабий жараёндан ортда қолмасликка,  йилт этган учқун бўлса уни кашф этишга, имкон қадар фаол бўлишга, замонни ҳис этишга,  ҳар бир ижодкордан санъаткорлик табиатини, бетакрорликни топишга уринади. Шу маънода уни меҳнаткаш, заҳматкаш олим деб эътироф этишга ҳаққимиз бор.  

Унинг «Беҳбудий ва бошқалар» номли китоби нашрга тайёрланаётганидан хабарим бор, ундаги айрим мақолаларни кўрган бўлсам-да, аммо мундарижаси ҳақида ҳали тасаввурга эга эмасман. Китоб қўлимизга етиб келса, у ҳақда тўхталишга ҳам имкон топилар.

Баҳодиржон табиий, туғма олим. Бунга унинг характери, қилаётган ҳаракати-ю, ҳаётий аъмоллари, ҳар бир воқеа-ҳодисага назари ва нигоҳи гувоҳлик бериб туради. Аммо юқорида бир ишора бериб ўтганимиздек, укамизда ижодкорлик истеъдоди, шоирлик, носирлик табиати, поэтик кайфиятга интилиш ҳам олимлик хислатидан қолишмас экан. Бунга мисол қиладиган бўлсам, ўтган йили апрель ойида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудига 150 йил тўлиши муносабати билан кунчиқар мамлакати – Японияда бир ҳафталик  илмий-ижодий  сафарда бўлганимизни айтиш мумкин. Жадидшунос олим, йирик шарқшунос Ҳисао Коматсу мезбонлигида  туркиялик олимлар  Вели Саваш Елок, Бекир Тумен ва ўзимизнинг «хорижлик» укамиз Зайнобиддин Абдурашидовлар билан бирга Беҳбудий, ҳам жадидчилик анъаналари, бугунги адабий-илмий ҳамкорлик ҳақида йиғилишлар, учрашувлар, машваратлар ўтказдик. Бир дунё таассуротлар, бир олам ҳайрату ҳаяжон билан кентимизга қайтдик... Энди у ернинг бетакрор табиати, Фудзи тоғининг маҳобати, Сакура дарахтининг ифори-ю, океанлар ҳайбати, ўрмонлар шовқини, ложувард осмони ва ажойиб одамлари, у ердаги тартиб-қоидалар, меъёру мувозанат  ҳақида шоирона туйғуларга чўммасдан, ҳайрат лаҳжасида гапирмасдан имкон йўқ. Қани энди вақт, имкон, фурсат бўлса, бир ҳафталик таассуротлар ҳарорати тафтида завқ билан  қанча нарса ёзиш мумкин. Сафар давомида биз имкони борича, табиат гўзалликлари ва япон мўъжизасидан баҳраманд бўлишга интилдик. Ўзимизча, у-бу нарсаларни қораладик, материаллар йиғдик, баъзи нарсаларни режалаштирдик, муҳокама-мунозаралар қилдик ҳам.

Аммо қарангки, бир ҳафта бирга юриб ҳеч нарсани сезмай қолибман. Баҳодиржон ёнимизда индамайгина юриб, тенгма-тенг сайру саёҳат қилиб бир қанча материаллар, қайдлар, кузатишларини қоғозга туширибди.  Қайтганимиздан бир ҳафта ўтиб-ўтмай «Японияда етти кун» номли мўъжазгина, 4-5 табоқли саёҳатнома, ўзининг таъбири билан айтганда, «йўлбитик» тайёрлабди. Жуда қизиқиб, ички ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Ишонинг, ушбу китобчани ўқиб, яна ўша мамлакатга қайта боргандек, Фудзи тоғларининг ҳавосидан нафас олгандек ҳис қилдим ўзимни. Қарангки, бу саёҳатнома, сафар – саёҳат кундалиги, унча-мунча ёзувчининг хом-хатала асарларидан баландроқ, ширалироқ  асар бўлибди.

Кейин билсам, биз олим деб ардоқлайдиган укамизнинг нашр этишга ийманиб турган қатор ҳикоялари, туркум-туркум шеърлари ҳам бор экан. Академик устозлар – Азиз Қаюмов, Наим Каримов, Бахтиёр Назаров ва Низомиддин ака Маҳмудов каби олимларимизнинг таъби назми ҳақида эшитиб юрардигу, Баҳодиржон ҳақида бу гапни эшитиш янгилик бўлди.

Биз юқорида катта устозларимиз ҳақида, улар яратган мактаблар, улкан авлодларнинг айрим вакиллари ҳақида тўхталиб ўтдик. Дарҳақиқат, илмда ҳам, ижодда ҳам катта мактаблар яратган дарғаларимиз, тўлиб-тошиб оқаётган дарёларимиз бўларди. Бу авлодлар ўз вақтида миллат тафаккури, маънавиятининг меъмори эдилар, десак муболаға эмас. Бугун, назаримда, мана шу дарё бироз тин олаётганга, мавжи, шиддати сустлашаётганга, катта даргоҳларда бонг ураётган дарғаларнинг сафи узилаётганга ўхшаб туюлади баъзан. Шу ўринда Хуршид аканинг ғоятда ўзбекона ёзилган «Саф» ҳикояси ёдга келади. Ошга-ку борганда сафимиздан кўнгил тўқ, аммо... Шу борада кўнгилга озгина ғашлик, хавотир, иштибоҳ оралайди. Авжи ақлий камолот ёшига етган укаларимиз Баҳодиржон, Жабборжон, Нурбойжонларга бир акалик ўтинчим,  мана шу дарёларнинг шиддатига забт бермоққа бурчлимиз. Катта миллатга, Ватанга катта адиблар, олимлар, адабиётшуносу матншунослар, мунаққиду тилшунослар керак. Оққан дарё мудом оқиб турмоғи керак. Шу андишамизки, теран англаш, чуқур идрок этиш, масаланинг ечимларини топиш, янги номлар, янги овозлар, уларни якдил этиб жипслаштирадиган бир улкан илмий-маънавий мактаб яратиш вақти етиб турибди деб ўйлайман. Шу йўлда Баҳодиржон иним, Сизга шижоат, ғайрат, заковат тилайман. Оила-фарзандлар билан қўрғон бут, иймон эътиқодда сабру содиқлик ёр бўлсин!  

 

   Шуҳрат Ризаев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

Профессор