Темурийлар сулоласи: шонли тарих ва буюк мерос
Кўп минг йиллик тарихимиз жуда кўп сулолалар ҳукмронлигига гувоҳ бўлган. Лекин ўзидан катта ёдгорлик қолдирган ва кўп йиллар ҳукм сурган сулола ‒ бу темурийлар сулоласи бўлди. Бу сулола вакиллари Мовароуннаҳр, Эрон, Озарбайжон, Ироқ, Афғонистон ва Ҳиндистонни 488 йил (1370‒1506; 1526‒1858 йиллари) идора қилдилар, ўша мамлакат халқлари тарихида сезиларли из қолдирдилар.
Лекин афсуски, Темур ва Темурийларнинг улкан тарихи, айниқса бизнинг мамлакатимизда, ҳазрати Соҳибқироннинг она юртида, етарли даражада ўрганилмади. Бунинг асосий сабаблари бугун энди ҳаммага аён. Бу ‒ Русиянинг қарийб 130 йилдан бери изчил ўтказиб келган мустамлакачилик ва улуғ давлатчилик сиёсатининг оқибати эди. Фожиа шундаки, ҳозиргача биз Темур ва Темурийлар ҳақида қўлга илинадиган биронта китобга эга эмасмиз. Ваҳоланки, хорижий мамлакатларда ва тили, дини бошқа бўлган Оврупода ‒ Инглистонда, Фарангистонда, Олмония ва Амриқо Қўшма Штатларида Амир Темур ҳақида катта-катта илмий асарлар яратилди. Инглиз олимаси Хилда Хукэм ёзган «Жаҳонгир Темур» (Лондон, 1962), немис олими Ханс Роберт Ремернинг «Темурийлар давлатининг маъмурий тузилиши» (Висбаден, 1952), Фарангистонлик Люсьен Керэннинг «Тамерлан» (Париж, 1978) ва Жан Поль Рокснинг Парижда 1991 йили чоп этилган шу номдаги китоби, амриқолик шарқшунос олимлар Беатрица Форбес Манонинг «Темур давлатининг бошқарилиши ва маъмурий тузилиши» (Кембриж, 1989) ва Жон Вудснинг «Темурийлар сулоласи» (Блюмингтон, 1990), китоблари шулар жумласидандир.
Сўнгги китоб, яъни Жон Вудснинг китоби Амир Темурнинг наслу насаби ва авлодини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур асарда Амир Темурнинг Қочули баҳодирдан то унинг улуғ отаси Тарaғай Баҳодиргача бўлган аждоди, ҳазрати Соҳибқироннинг хотинлари ва фарзандларининг исмлари, туғилган ёки вафот этган йиллари кўрсатилган. Мазкур шажарани маълум даражада номаълум муаллиф (Ҳофизи Абру деб ҳам тахмин қилинади) тарафидан тузилган «Муъизз ул-ансоб фи шажарат ул-атрок» (бошқа бир номи «Муъизз ул-ансоб фи шажарат-и салотини мўғул»)нинг зарур изоҳлар ва қайдлар билан инглиз тилига қилинган таржимаси дейиш мумкин. «Муъизз ул-ансоб»да Чингизхон ва Амир Темурнинг шажараси келтирилган.
«Муъизз ул-ансоб» бизнинг замонимизгача фақат уч нусхада етиб келган. Улардан бири Туркияда, Стамбул шаҳаридаги Тўпқопи кутубхонасида 2152 рақам билан сақланмоқда. Тўла эмас, ҳажми ҳаммаси бўлиб 24 варақдан иборат. Лекин нотамом бўлса-да зўр бадиий қимматга эга ‒ чиройлик қилиб ишланган миниатюра ва бошқа безаклари бор. Шоҳруҳнинг учинчи ўғли, маърифатпарвар ва илм-фан, маданият ҳомийси Бойсунғур Мирзо (1397‒1433) кутубхонасида кўчирилган ва ўша Мирзонинг «Мажмуъа»сига киритилган. Иккинчи нусха Фарангистонда, Париж миллий кутубхонасида 467 рақамда сақланади. У XVI аср бошида кўчирилган бўлиб, тўла 164 варақдан иборат. Ва ниҳоят, Миниатюралар билан безатилган, 129 варақдан иборат асарнинг учинчи нусхаси эса Инглистонда машҳур Британия музейида сақланади. Бу нусха XVIII асрда Ҳиндистонда кўчирилган. Мазкур асарнинг Чингизхон ва авлоди шажарасига бағишланган қисми унчалик қимматга эга эмас ‒ у эронлик машҳур тарихчи Рашидуддиннинг«Шуъаб-и панжгона»сига асосланган.
Шу ўринда Турғун Файзиевнинг «Темурийлар шажараси» асарини ҳам темурийлар шажараси тарихи ҳақида ёзилган муҳим ва муфассал тадқиқот сифатида келтириш жоиз.
«Темурийлар шажараси»ни шартли равишда Муқаддима ҳамда тўрт қисмга: 1) Амирзода Жаҳонгир (1356‒1376) ва унинг авлоди; 2)Умар Шайх (1356‒1393) ва унинг ўғил-қизлари; 3) Мирзо Мироншоҳ (1366‒1408) ва авлодининг шажараси ва ниҳоят 4) Хоқони Саид Шоҳруҳ Мирзо (1377‒1447)нинг авлоди ва хотинлари баёнига бўлиш мумкин. Бу, шубҳасиз, темурийлар тарихи билан танишишда бирмунча енгиллаштиради.
Амир Темур ана шу тўрт ўғли ва қизларидан тарқалган авлод, юқорида айтиб ўтганимиздек, Мовароуннаҳрдан ташқари, Ўрта Осиё ва Яқин Шарқдаги бир талай мамлакатларни Ироқ, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонни қарийб беш аср мобайнида идора қилдилар. Лекин буларнинг орасида энг кўп ‒ 347 йил ҳукмронлик қилгани Мироншоҳ авлоди бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Мироншоҳнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан тарқалган авлоди фақат Ҳиндистонда 332 йил (1526‒1858) ҳукмронлик қилди. Булар тарихда Ғарбий Оврупода «Улуғ мўғуллар», Шарқда «Кўрагонийлар» ёки «Бобурийлар», сулоласи номи билан аталади. Баҳодиршоҳ II (1837‒1858) бобурийларнинг Ҳиндистонда тожу тахт соҳиби бўлган охирги намояндаси бўлди. Лекин қўрқоқ ва ташаббуссиз, бунинг устига ниҳоятда қартайиб қолган Баҳодиршоҳ (у бу вақтда 82 ёшда эди)нинг ҳукми «Шажара» муаллифи жуда тўғри айтганидек, саройдан нарида ўтмас эди. Бир вақтлар яхлит ва куч-қудратга эга бўлган бобурийлар империяси аллақачонлар, Аврангзеб Оламгир вафотидан кейинроқ майда-майда қисмларга бўлиниб кетган эди. Маратхлар, сикхлар, жотлар ўзларини мустақил деб эълон қилиб, марказий ҳукуматга итоат этмай қўйдилар. Инглиз мустамлакачилари бўлса, аста-секин Бенгалия, Марказий Ҳиндистон ва Ражпутанда ўз ҳукмронлигини ўрнатиб олдилар. 1858 йилнинг 21 сентябрида инглизлар Деҳлини эгалладилар. Баҳодиршоҳ II Рангунга (Бирма)га сургун қилинди ва мусофирлик ҳамда қувғинликда 1862 йили – 87 ёшида вафот этди. Унинг икки ўғли ‒ Мўғул Мирзо, Хизр Султон ва набираси Абубакр Мирзолар Деҳли йўлида инглиз ҳарбийлари тарафидан отиб ташланди.
Қарангки, бу тақдирми ё бўлмаса тасодифми, Амир Темурнинг уч асрдан кўп ҳукмронлик қилган бу авлодининг ибтидоси Мироншоҳнинг тақдири билан унинг сўнгги намояндаси Баҳодиршоҳ IIнинг тақдири айнан бир хил бўлди. Масалан, Мирзо Мироншоҳ 1408 йилнинг 21 апрелида Табризга қарашли Сардруд деган жойда қора қўюнлилар подшоси Қора Юсуф билан бўлган урушда ҳалок бўлган эди. Баҳодиршоҳ II ва унинг авлоди эса инглизлар қўлида қурбон бўлди.
Бирон бир лавозим соҳиби бўлмаган, кўп ҳолларда «ғариблик»да кун кечирган шаҳзодалардан Умар Шайх Мирзонинг набиралари Солиҳ Мирзо, Пир Али Мирзо, ўша Умар Шайхнинг бешинчи ўғли Сайди Аҳмад ва набиралари Аҳмад Мирзо, эвараси кичик Мирзо, Умар Шайхнинг олтинчи ўғли Бойқаро Мирзонинг ўғли Ғиёсиддин Мансур, Шоҳруҳ Султоннинг набиралари Абу Исҳоқ Мирзо ва Али Мирзо ана шундай «ишсиз» қолган темурийзодалар жумласидандир. Аҳмад Мирзонинг Муҳаммад Султон Мирзо исмли ўғли бор эди. У 1458 йилда туғилган бўлиб, ёшлигидан унга Кичик Мирзо деб лақаб қўйган эдилар. Кичик Мирзо ақлли, зеҳни ўткир, фаросатли ва билимдон йигит эди. Мавлоно Камолиддин Шайх Ҳусайн қўлида маърифат гулшанидан баҳраманд бўлган эди. Унинг одоби, аҳлоқи ва билимини сарой аҳли, шу жумладан, тоғаси Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаро ҳам юксак қадрлади. Султон Ҳусайн Бойқаронинг отаси Ғиёсиддин Мансур ҳам ўша «ишсиз» темурийзодалар жумласидандир. Унинг онаси Қутлуғ Султон бегим эди. Ғиёсиддин Мансур Мирзо ҳукмронлик қилмаган. У умрининг охиригача Ҳиротда оддий кишилардeк ўрта ҳол бўлиб ҳаёт кечирган. Ҳукмронлик қилиш насиб қилмаган темурийзода шаҳзода Султон Валад Мирзо Султон Абу Саид мирзонинг ўғлидир. Тарихчи Хондамирнинг «Хулосат ул-ахбор» асарида Валад Мирзо умрининг охиригача орлот умаролари орасида оддий одамлардек ҳаёт кечиргани ҳақида ёзилган.
«Темурийлар шажараси»да Сароймулк хоним (Амир Темурнинг хотини), Уга бегим (Амир Темурнинг қизи), Гавҳаршод бегим (Шоҳруҳ Мирзонинг хотини), Гулбадан бегим (Бобур Мирзонинг қизи), Феруза бегим (Амир Темурнинг эвараси), Ҳадича бегим (Султон Хусайн Бойқаронинг хотини) ва бошқа кўплаб аёллар ҳақида ҳам қисқача, лекин ўта муҳим маълумотлар келтирилган. Шулардан бир-иккитасига, хусусан, Мулкат оғо, Гавҳаршод бегим ва Феруза бегимлар ҳақида келтирилган маълумотлардан айрим парчалар келтирамиз. Масалан, Мулкат оғо ҳақида «Шажара»да мана буларни ўқиймиз: «Мулкат оғо бегим Хизр хожа Ўғлоннинг1 қизи бўлиб, аввал Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умар Шайх Мирзога турмушга чиққан. У Умар Шайх Мирзодан икки ўғил: Искандар Мирзо ва Бойқаро Мирзони туққан. 1394 йилда Умар Шайх Мирзо вафот этгач, соҳибқирон Амир Темурнинг хоҳишига кўра, Шоҳруҳ Мирзонинг никоҳига кирган. Мулкат оғо 1398 йилда Шоҳруҳ Мирзога бир ўғил ҳадя қилади. Унинг исмини Суюргатмиш Мирзо деб атайдилар. Мулкат оғо бегимнинг асли исми Мулк оғо... Ҳиротда шифохона, Дор ул-ҳадим номли хонақоҳ, иккита ҳаммом, Ҳиротдан 8 фарсах нарида, Амударёга борадиган йўл устида битта работ ҳам бино қилдирган… Балх шаҳарида ҳам мадраса қурдирган. 1440 йилда Қобулда вафот этган. Шоҳруҳ Мирзонинг катта нуфузга эга бўлган ва салтанатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта рол ўйнаган хотини Гавҳаршод бегим, хусусан, унинг насл-насаби ҳақидаги маълумот ҳам эътиборга сазавордир. «Гавҳаршод бегим, ‒ деб ёзади Турғун Файзиев, ‒ Шоҳруҳ Мирзонинг биринчи хотини бўлиб, Чиғатой зодагонларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи эди.
Ривоят қилишларича, Ғиёсиддин Тархоннинг Бобокалони Кушлуқ бир вақтлар Чингизхон хизматида бўлиб, жанг асносида уни ўлимдан сақлаб қолган экан. Ана шундан буён бу авлод Чиғатой улусида махсус эътиборга сазовар бўлган...»
Султон Хусайн Бойқаронинг онаси Феруза бегим ҳақидаги маълумот ўта муҳим. «Шажара»да бу ҳақда, хусусан, бундай деб ёзилган: «...Феруза бегим ота тарафидан Амир Темурнинг катта қизи Оғо бегимнинг ўғли Султон Ҳусайн Мирзонинг қизи эди. Феруза бегимнинг онаси Қутлуқ Султон бегим эса Мироншоҳ Мирзонинг қизи эди...»
Албатта, бобурийлар даврини Ҳиндистоннинг ўзида XVI ‒ XIX асрларда ёзилган тарихий асарлар («Тарих-и Фаришта», «Хулосат ут-таворих», «Жаҳонгирнома», «Подшоҳнома», «Оламгирнома», шунингдек, Франсуа Бернье ва бошқаларнинг эсдаликлари) асосида бир оз бойитилса бўларди. Бундан ташқари, нақл-ривоятларга (масалан, Ғиёсиддин тархоннинг аждоди ҳақидаги) асосланган фикрлар (бундай фактлар кам) ишончли манбалар асосида текширилиши керак эди. Лекин шунга қарамай, Турғун Файзиевнинг мазкур асари муҳим ва ҳамма учун, тарихшунослар учун ҳам, олий ўқув юртларининг талабалари ва аспирантлари учун ҳам, шунингдек, Амир Темур ва унинг улуғ авлоди тарихи билан қизиқувчилар учун ҳам ўта зарур қўлланма бўлиб хизмат қилишига ишончимиз комил.
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси
БЎРИБОЙ АҲМЕДОВнинг
20... йилдаги “------”
китобга ёзган сўзбошисидан
қисқартириб олинди.





