ОҚСОҚОЛНИНГ САБОҚЛАРИ

ОҚСОҚОЛНИНГ САБОҚЛАРИ

ОҚСОҚОЛНИНГ САБОҚЛАРИ

 

1972 йилнинг баҳори эди. Биздан икки курс юқори ўқийдиган Аҳмаджон Мелибоев деган йигит энг олий стипендия олишини эшитгандик. Ёзги сессия олдидан муаллима опалардан бири ўша талаба билан учрашув ташкил қилиб берди. Бироқ аудиторияга кириб келган Аҳмаджон ака қандай китоблар ўқигани, нималар ёзгани ҳақида эмас, бутунлай бошқа мавзуда – ҳар  ишда ҳалоллик, ошкоралик лозимлиги хусусида гапира кетди. «Мана, масалан, мен курсимизда старостаман. Имтиҳон чоғи домлага ёрдам берган бўлиб, ўзимга «беш» баҳо ундириб кетмайман. Ҳамма қатори билет оламан, курсдошлар олдида  жавоб бераман. Аммо шундай староста ёки комсомол етакчилари борки, улар «ташкилотчи» сифатида ўзларига аъло баҳо қўйдириб олишади. Ахир, ўқиш тугаганидан кейин билим керак-ку, бир умр ёлғон яшаб ўтмайсиз, ахир. Сизларга айтадиган гапим – ҳалолликни бугундан бошланг, кейин кеч бўлади, ғирромликка ўрганиб қоласизлар...».

Ўшанда Аҳмаджон ака бу гапларни бизнинг «оқсоқол»га қарата айтяпти, деб ўйлагандик, чунки старостамиз у айнан шу йўсинда «ўқир» эди. Афсуски, у йигитга бу гаплар кор қилмади, охир-оқибат, ғирромлик уни тақдирнинг не бир пучмоқларига улоқтириб ташлади.

Кейин билсам, Аҳмаджон ака старостамизни ҳали танимас, бояги гапларини ҳаммамизга бир оға бўлиб айтган экан. Оға бўлибки, у киши дорилфунунга ўқишга киргунга қадар Ўш пединститутини тамомлаган, армия хизматини ўтаган, хуллас, биздан неча кўйлакни кўп йиртган, турмушнинг паст-баландини кўрган, оилали одам экан.

Мана ўша гапларга ҳам  роса эллик тўрт йил бўлибди. Мен билган Аҳмаджон ака ҳамон ўзгармаган, ўша-ўша. Нимагаки эришаётган бўлса, ҳаммасини оғир меҳнати билан қўлга киритяпти.

Дарвоқе, Аҳмаджон аканинг Ўш пединститутини битирганини айтдим. Икки юз чақирим наридаги овлоқ бир қишлоқдан келиб, Ўшда ўқиётган дилкаш, самимий, билимдон, ҳазилвон бу талаба ҳаш-паш дегунча маҳаллий шоир-ёзувчилар, тенгқур тадбиркор йигитлар даврасининг марказидан ўрин олади, уларнинг «ўзлариники»га айланади.  Ҳозир ҳам (ҳолбуки, орадан олтмиш йил ўтди) Ўшга борсам, тенгқурлари, аввало, Аҳмаджон акани сўрашади. Бўлади-ку, бир марта гаплашсангиз бир умрлик биродарингиз бўлиб қоладиган одамлар, Аҳмаджон ака шунақа хушсуҳбатлардан.

Аҳмаджон ака Мелибоев Олабуқа туманининг Сафедбулон қишлоғидан. Янглишмасам, Турсунбой Адашбоев Тошкентда яшайдиган йигитларнинг бошини қовуштириб юрадиган оқсоқол эди. Мен бир шоир оғамиз таклифи билан шу йиғинда бир-икки қатнашганман. Э, у давра! Ҳамма тенг, мақом-мартаба йўқ, суҳбат эса сиёсат ва спорт эмас, асосан она қишлоқларининг тарихи – ким бу ерда биринчи футбол командаси тузгани, масжиддан чиқиб келаётган нортуядай бир оқсоқол маст бўлволиб тармашган бир «каратист полвон»ни бошига бир муштлаб, қозиқ қоққандай ерга ўтқизиб қўйгани ҳақидаги бири-биридан ажабтовур ҳангомалар...

Тенг-тенги билан деганларидай, Аҳмаджон аканинг ошна-оғайниси кўп, аммо дилёрар дўстлари саноқли. Улар орасида менинг билганим Анвар Обиджон билан Тоҳир Малик эди. Билсангиз, улар нафақат тенгдош, балки табиатларида ҳам ички яқинлик бор эди. Ўзаро ҳазил-ҳузуллари ҳам жуда ўзларибоп. Турсунбой аканинг айтишича, Анвар Обиджон жиддий қиёфада туриб, «Аҳмаджон, шу десангиз, кеча бир жойга меҳмонга борувдик, аммолекин дастурхон жуда-а сизбоп экан, афсуски, бўлмадингиз-да», деб яхши давраларнинг гули бўладиган Аҳмаджон акани куйдираркан (аслида, ҳеч қаёққа боришмаган!). Тоҳир Малик эса тагдор ҳазиллари билан Мелибоевга пайрав қилар эди.

Энди уларнинг неча йиллик суҳбатлари, уларда айтилган не бир ёмбидай гаплар фақат Аҳмаджон аканинг дил тубида қолди, холос. Агар фурсат топиб, ёзсалар, бизлар ҳам ошно бўлар эдик...

Аҳмаджон Мелибоев – энг аввало муаллиф. Унинг ҳеч бир ёзгани изсиз кетмаган, шунчаки «қалам ҳаққи учун» қўлига қалам тутмаган. Мақолалари, китоблари – ёш қаламкашлар учун маҳорат қўлланмаси, сабоқ. Бунинг боиси, Аҳмаджон ака, Абдулла Қаҳҳор айтганидай, халқимизнинг тили учида турган нарсаларни топиб-топиб қаламга олади. Ёдингиздадир, қайсиям йили мамлакатимизда поезд вагонлари ойнасидан кўринадиган манзаралар киши кўнглини ғаш қилиши, бу эса охир-оқибатда, юртимизга келадиган туристлар оқимининг камайишига сабаб бўлиши мумкинлигини далиллаб чиққан эди. Публицистнинг бу қайди изсиз кетмади – ўша ойдан бошлаб ҳар бир вилоятдаги темир йўл бўйларида ободончилик ҳаракати бошланиб кетди, бир-икки йил деганда темир йўл бўйлаб саёҳат қилиш мароқли бўлиб қолди. Мана шу биргина мақоланинг ўзи айрим журналистларнинг ўн йиллик меҳнати натижасидан ортиқроқ наф берганига барчамиз гувоҳ бўлганмиз. Мелибоев домлада эса бундай мақолалар – юзлаб.

Бизда яхши журналистлар кам эмас. Сирасини айтганда, қалам тутмоқни ҳавас қилган одам уринаверса, қўли ҳам келишиб қолади. Аммо назаримда, муҳаррир бўлиш – бутунлай бошқа нарса. Фақат меҳнат эмас, зако ҳам керак бу ишга. Нимани чоп этиш-этмасликдан бошлаб, ўша мақолани, рандадан чиққан тахтани жилвир билан силлиқлаб, ярақлатиб, кўрган кўз қувонадиган қилиб тақдим этиш – санъат.

Ўзим ҳам бунга кўп бор амин бўлганман. Йигирма йилча бўлиб қолди, «Руҳ сирлари» деган бир китоб ҳақида танқидий мақола ёзиб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига, бош муҳаррир Аҳмаджон ака Мелибоевга олиб бордим. Ўзиям, 16 бетлик тақриз эди. Катта форматдаги беш юз бетдан кўпроқ китобга яраша-да. Аҳмаджон ака ўқиди, аммо нақ ярмини қисқартиб, саккиз бетини босишини айтди. Эсанкираб қолдим, ахир икки ойча меҳнат қилиб ёзгандим, наҳотки шунчалар бўш чиққан бўлса? Аҳмаджон ака эса тушунтирди: «Гапларингиз тўғри, бироқ ўн олти бетлик мақола берсак, демак асар арзир эканки, шунча катта тақриз босилибди», деган фикр туғилади. – Бўлмағур китобга шунча эътибор унинг пилигини кўтаради-ку?»

Ўйлаб қарасам, оқсоқол ҳақ эди.

Муҳаррир бўлмоқ оғир. Айниқса, ҳозирга бозор иқтисодияти даврида. Нашрга обуна ташвиши, яхши мақолалар топиш, таҳририят теварагида ижодкорларни уюштириш, ҳар бир ходимнинг маоши... Ҳар қандай чинакам муҳаррир (ҳозирги атама бўйича айтсак, ҳар бир бош муҳаррир)нинг ўз муҳити, ўз ижодий мактаби бўлади. Шунақа муҳаррирлар бор: қаерга ишга ўтса, ўз «команда»сини олиб боради, шу даргоҳда неча йиллаб ишлаб келаётган ходимларни тумтарақай қилади. Баъзилари эса, бунинг акси, қаерга борса, туп қўйиб палак ёзади. Назаримда, Аҳмаджон ака кейинги тоифага мансуб. Абдулла Қаҳҳор «Одамнинг чиқити бўлмайди» деганидек, шу жамоада ҳар кимнинг қўлидан нима иш келишини яхши билиб олиб, уни ўстиришга ҳаракат қилади.

«Жаҳон адабиёти» журналида чоп этилаётган ижод намуналари  деярли ҳар бир ходимнинг қўлидан ўтади. Таҳририятнинг ишини гуруч тозалашга ўхшатиш мумкин: кимдир тошини, кимдир курмагини теради, дегандай, биров кўк, бошқаси яшил ручка билан таҳрир қилади. Энг охирида навбат қизил қаламга – Аҳмаджон аканинг ўзига келади...

Бир китобхон сифатида мен Аҳмаджон Мелибоевни Иброҳим Раҳим, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Эркин Аъзам сингари энг яхши, энг таниқли ўзбек муҳаррирларидан бири, деб биламан.

Ўтган йили Аҳмаджон ака билан Андижон вилоятига бориб, «Маърифат улашиб» лойиҳасида иштирок этиб қайтдик. Ана шу сафар давомида у кишининг эл орасида ўз ўрни бор воиз эканига ҳам гувоҳ бўлдим. Нотиқ сифатида жаранг-журунг гапларга эмас, фикрини мантиқ орқали етказишга мойиллиги, қолаверса, анжуманларда тушган хилма-хил саволларга ҳазил аралаштириб, даврани кулдирган ҳолда жўяли жавоблар беришига қойил қолдик. У киши қатнашган анжуманда ҳар қанча асабий вазият бўлса, бирпасда юмшаб, барча якдил, ҳамфикр жамоага айланиб қолар экан...

Яна бир гап: қирғиз адабиёти бўйича мутахассис, "Ўзбекистон-Қирғизистон" дўстлик жамияти раҳбари сифатида айтар бўлсам, айтматовшунос олимлар, ижодкорлар ҳозир жуда кўп. Аҳмаджон ака эса бу ишни етмишинчи йиллар аввалида, талабалик чоғидан бошлаган эди – диплом иши ёзиш учун атайин Фрунзе шаҳрига бориб, адиб билан учрашган, публицистикасининг ўзига хосликларини тадқиқ этган. Бундан келиб чиқадики, у ўзбек айтматовшуносларнинг тўнғич бўғинига мансуб. Адиб публицистикасининг тадқиқотчиси сифатида бир неча китоблари нашр этилган, ўнлаб мақолалари чоп этилган. Аҳмаджон ака Мелибоев бугунги кунда  Чингиз оғанинг дуоси шарофати билан Айтматов ўзи таъсис этган халқаро «Иссиқкўл форуми»нинг доимий қатнашчиси, Ўзбекистон Миллий университетидаги «Чингиз Айтматов кабинети»нинг мудири ҳам. Оғанинг бу борадаги кўп йиллик меҳнатлари изсиз кетмади – Халқаро Чингиз Айтматов академиясининг академиги бўлди.  

Аммо зуваласи пишиқ қорилган экан, ҳалиям сухсурдай. Бир эмас, икки бор «ковид»га чалиниб, ковиднинг ўзини ковид бўлганига пушаймон едириб қўйиб, ўйнаб-кулиб юрибди. Қирғизча айтганда, аманчылық.

Омон бўлинг, Аҳмаджон ака!

Зуҳриддин Исомиддинов