Венеция – сув устида яралган шаҳар
Сув устида қад ростлаган, кўчалар ўрнини жимжит оқаётган каналлар эгаллаган, ҳар бир деворидан тарих нафаси уфуриб турадиган шаҳар – Венеция ҳақида эшитганмисиз? Бу шаҳар оддий шаҳар эмас, балки вақтни ортга қайтарувчи, гўзаллик ва сирларни бағрига яширган бетакрор маскандир.
Италиянинг шимолида, Адриатика денгизи бўйида жойлашган Венеция 118 та орол устига бунёд этилган бўлиб, уларни юзлаб кўприклар бир-бирига боғлаб туради. Бу ерга илк одамлар милодий V–VI асрларда варварлар ҳужумидан паноҳ излаб келган. Вақт ўтиб, шаҳар Венеция Республикаси номи билан машҳур бўлган қудратли денгиз давлатига айланди. Асрлар давомида савдо йўлларини назорат қилиб, Европанинг энг бой ва нуфузли марказларидан бири бўлиб келди. Аммо 1797 йилда Наполеон Бонапарт томонидан эгалланиши билан унинг мустақил давлатчилиги якун топди.
Венецияда асфальт йўллар эмас, сув йўллари ҳукмрон. Автомобиллар ўрнига қайиқлар, сув автобуслари ва нафис гондолалар эгаллаган. Ҳатто тез ёрдам, полиция ва ўт ўчирувчилар ҳам сув устида ҳаракатланади. Шаҳарда 150 дан ортиқ канал мавжуд бўлиб, уларнинг юраги – Катта канал ҳисобланади. “S” шаклида чўзилган бу канал шаҳарнинг марказидан оқиб ўтади. Унинг бўйларида қадимий саройлар, тарихий бинолар саф тортиб, ўтмиш шон-шуҳратини эслатиб туради.
Энг машҳур кўприклардан бири – Риалто кўпригидир. 1591 йилда тошдан қурилган бу иншоот дастлаб хавфли деб баҳоланганига қарамай, асрлар давомида мустаҳкам турибди. Кўприк устидаги кичик дўконлар эса бир замонлар Венеция савдосининг юраги бўлганини эслатади.
Шаҳарнинг энг гавжум ва жозибали маскани – Сан-Марк майдони. Бу ерга келган ҳар бир сайёҳ қадимийлик ва романтика уйғунлигини ҳис этади. Майдон марказида қад ростлаган Сан-Марк базиликаси эса олтин мозаикалари ва шарқона услубдаги гумбазлари билан кишини ҳайратга солади.
Венеция нафақат шаҳар, балки ороллар мажмуасидир. Уларнинг орасида Мурано ўзининг бетакрор шиша санъати билан машҳур. Асрлар давомида бу ерда усталар эритилган шишадан ҳақиқий санъат асарларини яратиб келмоқда. Бурано эса ранг-баранг уйлар ва нозик дантел санъати билан сайёҳларни мафтун этади. Рангли кўчалар гўё эртак саҳифаларидан чиқиб келгандек таассурот уйғотади.
Бугунги кунда Венеция миллионлаб сайёҳларни ўзига чорлайди. Бироқ бу машҳурлик шаҳарга муаммоларни ҳам олиб келмоқда: гавжумлик, турар жойларнинг меҳмонхоналарга айланиши ва маҳаллий аҳоли сонининг камайиши. Бундан ташқари, шаҳар яна бир жиддий синов – чўкиб бориш хавфи билан юзма-юз. Денгиз сатҳининг кўтарилиши натижасида юзага келадиган “acqua alta” тошқинлари Венециянинг нозик мувозанатини бузмоқда.
Шунга қарамай, бу шаҳар ўзининг бетакрор жозибасини йўқотмаяпти. У ҳали ҳам сув устида сузаётгандек, тарих ва гўзаллик бағрида яшамоқда.
Мафтуна Муҳиддинова





