Ҳар қандай ўзгариш мантиққа зид бўлмаслиги керак!
Шу кунларда буюк аждодимиз, шоҳ ва шоир, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигини кенг нишонланяпмиз. Шу муносабат билан партиямиз фракциянинг навбатдаги йиғилиши ҳам Бобур ижоди ва унинг миллий давлатчилигимиз тарихидаги ўрни муҳокамаси билан бошланди.
Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат бутун дунёга туркий маданиятни ёйишда, Марказий Осиёда давлатчилик ривожида ҳам ўз ўрнига эга бўлган буюк шахс ҳисобланади. Чунки бугун давлатчилик тажрибаси қанчалик муҳимлигини дунёда юз бераётган воқеалардан ҳам кўряпмиз.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон айримлар таҳлил қилганидек, 35 йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакат эмас. Конституциямизда қайд этилганидек, давлатчилигимиз ривожи уч минг йилликдан зиёд тарихий тажрибага эга. Бу жараёнда, шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг муҳим ўрни бор.
Шу билан бирга Жанубий Осиё – Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон каби мамлакатларда давлатчиликнинг, давлат мафкурасининг шаклланишида ҳам Бобурнинг беқиёс ҳиссаси бор. Жумладан, Бобур ва бобурийлар Ҳиндистон ярим оролининг катта қисмини марказий ҳокимият остида бирлаштирди ва бу сиёсий бирлик бугунги Ҳиндистон давлати учун ўзига хос замин яратди. Бу халқимизга нафақат ўзига яраша фахр туйғусини беради, балки маълум маънода масъулият ҳам юклайди.
Фракция кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси билан бошланди.
Кейинги йилларда аҳолини сифатли истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борада ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймаслик ва, албатта солиқ юкини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда маҳсулотларни мажбурий тартибда рақамли маркировкалаш муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Маркировкалаш бу – товар ўрамига жойлаштириладиган назорат ва идентификация белгиси бўлиб, унинг ёрдамида товарларнинг ишлаб чиқарилишидан тортиб дўконларгача етиб боришини кузатиш, харидор эса маҳсулот сифатини текшириши мумкин. Аммо бугун тизимни янада кучайтириш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Бунинг сабаби: мамлакатимизда хуфиёна ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, сифатсиз, қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сотиш ҳолатлари авж оляпти. Бу билан нафақат инсофли солиқ тўловчилар ҳуқуқи бузиляпти, одамлар соғлигига ҳам жиддий зарар етказилмоқда.
Хусусан, ноқонуний олиб кирилган ёки сифатсиз спиртли ичимликлар истеъмоли натижасида 2022-2024 йилларда Самарқанд шаҳрида 22 киши, Тошкент шаҳрида 8 киши, Андижон вилоятида эса 5 киши заҳарланган ва вафот этган.
Тамакининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида 2023 йили амалга оширилган ишлар натижасида 291 та ҳолатда 88,4 млрд сўмлик жами 5,6 млрд қути сигаретанинг ноқонуний олиб кирилишига тўсиқ қўйилган. Шунга қарамай 19 млрд сўмлик 1,6 млрд қути тамаки маҳсулотлари олиб кирилган.
Сифатсиз, қалбаки дори воситаларини ноқонуний сотилишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳрида ўтказилган биргина назорат тадбирида 2,2 млрд сўмлик яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар муомалага киритилгани маълум бўлди. Маркировка талабларига риоя этилиши бўйича ўтказилган 1200 та назорат тадбирларида ҳуқуқбузарларга нисбатан 16,9 млрд сўм миқдорида жарималар қўлланилган бўлсада, бундай ҳаракатлар йилдан йилга кўпаймоқда.
Ташаббускорнинг қайд этишича, фракция йиғилишида иккинчи ўқишда муҳокама қилинган қонун бу борада масофавий солиқ текширувларини тезкор ташкил этиш, яъни солиқ тўловчи ҳузурига бормасдан назоратни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, лойиҳа рақамли маркировкалаш қоидаларини четлаб ўтиш орқали ноқонуний маҳсулот айланмасига қарши курашиш, сифатсиз ёки қалбаки товарларнинг бозорга кириб келишини барвақт аниқлаш ва чеклаш имкониятини яратади. Энг муҳими, ушбу қонун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилади, инсофли солиқ тўловчилар учун эса соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга ёрдам беради.
Фракция раҳбари Алишер Қодиров ушбу қонун лойиҳасига муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришига халақит бераётган энг катта масалалардан бири маркировкалаш билан боғлиқ эканини, энди ушбу қонун билан айнан ана шу бўшлиқ тўлдирилаётганини таъкидлади.
– Ҳар қандай жамиятда истеъмолчи ҳуқуқи тадбиркор манфаатидан устун туради. Маркировкаланмаган озиқ-овқат ёки дори ишлаб чиқариш эса бу инсонни заҳарлаш, деганидир. Шу боис, хорижий давлатларда бундай хато жиноят билан тенглаштирилган, – деди фракция раҳбари.
Депутат Гўзал Самиева эса мазкур қонун лойиҳаси масофавий солиқ текшируви жараёнларини тезкор ташкил этиш, солиқ тўловчи ҳузурига бормасдан туриб, назоратни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олишга қаратилганини таъкидлади.
Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) ва орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС), яъни СПИД бугун инсоният олдида турган энг долзарб муаммога айланди. БМТнинг маълумотларига кўра, 1983 йилдан бери дунёда 85,6 миллионга яқин киши ушбу вирусни юқтирган ва улардан 40,4 миллионга яқини ундан келиб чиқадиган касалликлар туфайли вафот этган. Ўзбекистонда эса 50 мингга яқин одамда ОИВ вируси аниқланган.
Сўнгги йилларда эса хорижда бўлиб қайтган фуқаролар орасида ушбу хасталикни юқтирганлар аниқланмоқда. Масалан, 2024 йили узоқ муддат чет элда бўлиб қайтган 1,7 млн фуқаронинг фақатгина 434 минг нафари, яъни 25 фоизи ихтиёрий ОИВ/ОИТСга текширувидан ўтган ва улардан 1512 нафарида касаллик қайд этилган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан қарийб 20 фоизга кўпдир. Энг ёмони, касаллик аниқланган 903 нафар мигрантнинг аёли текширилганда уларнинг 262 нафарида ушбу хасталик борлиги, яъни юқтирилгани маълум бўлган. Шунингдек, ихтиёрий текширувдан ўтган 12,7 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 81 нафарида вирус борлиги аниқланган.
Бу рақамлар шундан далолат берадики, касаллик тезда аниқланмаса, хасталикнинг бошқа шахсларга юқиш хавфи юқорилигича қолаверади. Лекин қонунчиликда хориждан қайтганларни бу борада табиий кўрикдан ўтиши бўйича мажбурият белгиланмагани сабабли ушбу вирусни юқтирганлар сони кўпаймоқда.
Шу боис, фракция ҳамда Қонунчилик палатасининг ўтган йил июн-июл ойидаги йиғилишларида узоқ муддат чет элда бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда ишлаш учун мамлакатимизга келаётган хорижликларни ОИВ/ОИТСга мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, маъқулланган эди. Яъни, ушбу қонун лойиҳасида 90 кундан ортиқ чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда ишлаш учун мамлакатимизга келган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш назарда тутилган эди.
Лекин ўшанда “Миллий тикланиш”дан кўпчилик депутатлар қонун лойиҳасига қаршилик қилиб, бу инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масала эканини қайд этишган эди. Жумладан, Нодир Тилаволдиев ҳеч бир давлатда хориждан қайтган ўз фуқароларини мажбурий тартибда тиббий текширувдан ўтказиш тизими мавжуд эмаслигини, агар қонун лойиҳаси маъқулланса, Ўзбекистон бундай тартибни жорий қилган дунёдаги биринчи давлатга айланишини мумкинлигини, ОИВ текшируви мажбурий эмас, ихтиёрий бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Аммо шунга қарамай, қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан маъқулланганди.
2025 йилнинг 1 августида Сенат томонидан ҳам маъқулланган ушбу қонун лойиҳаси жорий йилнинг 9 февралида Ўзбекистон Президенти томонидан рад этилиб, Қонунчилик палатасига қайта кўриб чиқиш қайтарилган эди. Сабаби маълум: киритилаётган ўзгаришлар халқаро умумэътироф этилган нормаларга зид. Шунингдек, лойиҳада мажбурий текширувдан ўтмаганларга нисбатан жавобгарлик белгиланмагани амалиётда коррупцион омилларни келиб чиқишига сабаб бўлади.
Фракцияда ушбу масала ҳам муҳокама қилиниб, қонун лойиҳасини кун тартибидан олиб ташлаш ва ташаббускорларга қайтариш ҳақидаги қарор маъқулланди. Лекин депутатлар ушбу касалликни ёйилиб кетишини олдини олишга қаратилган, лекин инсон ҳуқуқларига зид бўлмаган чораларни кўриш лозим деган фикрни билдирдилар.
Йиғилишда маҳаллий Кенгашлар фаолиятида бошқарувни янада такомиллаштириш, Кенгаш раиси ва Кенгаш сессиялари иш ҳажмини енгиллаштириш мақсадида Кенгаш раиси ўринбосари ва Кенгаш раёсати институтини жорий қилишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Лойиҳада Кенгаш раиси ўринбосарига бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифасини бажариш вазифасини юклаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, “Кенгаш соати” институтини амалиётга жорий этиш белгиланяпти ва унда зудлик билан чора кўриш талаб этиладиган ва кечиктирилиши мумкин бўлмаган шошилинч масалалар бўйича мансабдор шахсларнинг эшитуви амалга ошириладиган бўляпти.
Жаҳонгир Ширинов қонун лойиҳасига муносабат билдириб, “Миллий тикланиш” ҳар доим маҳаллий депутатлар ваколатини кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлар экан, фракция аъзоларини ушбу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Лекин ташаббускорлардан қонун лойиҳасини янада такомилга етказиш бўйича бир қатор саволларига изоҳ сўради. Хусусан, кенгаш раиси ўринбосари раис йўқлигида сессияларни бошқарувчи шахс ҳисобланади. Шу раҳбарнинг ўзи яна котибиятга мудирлик қилиши керак. Бу шахс ҳужжатларга ҳам раис ўринбосари сифатида, ҳам котибият мудири сифатида имзо қўйиши қанчалик тўғри?
Лойиҳада кенгаш раиси котибият фаолиятини мувофиқлаштиради, деган жумла ишлатилган. Бу сўз мантиқий жиҳатдан нотўғри қўлланилмоқда. Вазирликлар, давлат идоралари ишини мувофиқлаштириш мумкин. Лекин фақат хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи котибият фаолиятини мувофиқлаштириб бўлмайди.
“Кенгаш соати” деган янги назорат институти ташкил этилмоқда ва унда ҳокимият органлари раҳбарларининг муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш назарда тутилмоқда. Бунда прокуратура ва суд органларининг ҳам ахбороти эшитиладими? Бу нотўғри. Яна бир масала: кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда Кенгаш Раёсатида савол-жавоблар бўлиши белгиланмоқда. Масалага бундай ёндашув ҳам тўғри эмас, – деди депутат.
Ташаббускорлар қанчалик ҳаракат қилмасинлар, кўтарилган масалаларга асосли жавоб қайтара олмадилар. Шу боис, йиғилишда ишчи гуруҳ кўтарилган масалалар бўйича лойиҳага таҳририй ўзгартиришлар киритиши лозим, деган қарорга келди. Мақсад битта: маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш. Бу борада таклиф этилаётган ҳар қандай ўзгартириш ва янги нормалар амалий жиҳатдан тўғри бўлиши керак.
Равшан Маҳмудов "Миллий тикланиш" мухбири





