Шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда миллионлаб юртдошларимиз ишонч билдирган депутатлар ва улар зиммасидаги масъулият юки, халқ вакилларининг фуқароларни рози қилишга қаратилган хатти-ҳаракатлари кенг муҳокама қилинмоқда. Бунга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг: “Кўп қаватли уйлар ўртасига, болалар майдончалари ўрнига қурилиш қилиш учун тадбиркорларга ер берилишига ҳоким ва маҳалла розилик бериб юборяпти. Аслида маҳалла еттилиги, маҳаллий депутатлар бунга қарши туришлари керак. Ахир уларда етарли куч борку...!”, деган гаплари сабаб бўлди, дейиш мумкин.
Маълумки, Олий Мажлис Сенати Вазирлар Маҳкамасига қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан парламент сўрови юборган. Унда кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилинаётгани ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатлар муаммо сифатида қайд этилган.
Таъкидланишича, 2024 ва 2025 йилнинг ўтган даврида кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати билан боғлиқ 8 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари содир этилган. Шундан, 431 та таянч конструкциялар, 2,6 мингта тўсиқ конструкциялар бузилган, 3,3 мингдан ортиқ кўп хонали уйларга туташ майдонларда ноқонуний қурилмалар қурилган, 1,8 мингдан ортиқ умумий фойдаланишдаги жойлар эса ўзбошимчалик билан тўсиб олинган.
Қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган қонун ва қоидаларга риоя этилмагани оқибатида 2024 ва 2025 йилнинг ўтган даврида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки бошқа қурилмаларни бузишга доир фуқаролик судларида кўрилган 11 мингдан ортиқ ишнинг 8,3 мингтаси ёки 75 фоизи қаноатлантирилиб, ноқонуний қурилмаларни бузиш тўғрисида суд қарорлари чиқарилган.
Ҳа, чиндан ҳам бундай ҳолатларига, айниқса, депутатларнинг томошабин бўлиб туришлари шармандали ҳолатдир.
Шунинг учун ҳам парламент ва депутатлар ҳамда уларга бўлган ишонч ҳақида гап кетгудек бўлса, суҳбатдошларнинг тўртдан уч қисми уларга ишонмаслигини айтади ва бу фикрга деярли ҳеч ким эътироз билдирмайди...
Тан олайлик, бундай ишончсизлик илдизига кеча ёки бугун сув қуйилгани йўқ. Бундай ҳолат депутат аҳлининг номигагина сайланган, ёки тўғрироғи тайинланган даврларига бориб тақалади. Аммо тан олайлик, кейинги йилларда, айниқса, ҳудудларда депутат сўзи ижобий сўзлар қаторида тилга олина бошланди.
Тўғри, ҳалиям парламент ва маҳаллий кенгаш депутатлари сафига хазрати сайловчининг марҳамати ёки хато танлови билан кириб қолган номуносиблар йўқ эмас. Бу ҳолат айниқса, парламент ва партиялар фракцияларининг фаолиятида кўзга ташланиб қоляпти.
Начора, беш қўл баробар бўлмаганидек, сайловчининг ўткир нигоҳи, тадбир жоиз бўлса, беш йилда бир марта қабул қиладиган имтиҳони ҳам хатодан ҳоли эмас экан. Лекин шундай депутатларимиз борки, айнан уларнинг фаолияти ҳисобига ҳам миллий қонунчилигимиз мустаҳкамланяпти, ҳудудлардаги муаммолар назоратга олиниб, босқичма-босқич ҳал этилмоқда.
Айниқса, янги чақириқ депутатлари учун ҳар ойнинг сўнгги ҳафтаси “ҳудудлар ҳафтаси”га айлангани ҳатто энг салоҳиятсиз ва депутатлар сафига адашиб кириб қолганларни ҳам қаттиқ ишлашга мажбур қиляпти, десак хато бўлмайди.
Қувонарли томони шундаки, айни пайтда айрим шаҳар ва туман ҳокимлари хабарсиз бўлган, ёки уларнинг лоқайдлиги, борингки, иши кўплигидан эътиборига тушмаётган ҳаётий муаммоларни ҳам айнан ўша ҳудудлардан сайланган депутатлар дадил кўтаришяпти.
Эсимда бор, ўтган йили фарғоналик депутатимиз Жаҳонгир Мамажонов саъй-ҳаракати билан Қирғизистон билан чегарадош ҳудуддаги қабристонга борадиган йўл очиб берилганди. Бир қарашда бу муаммо оддий ва арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо узоқ йиллардан бери маҳаллий аҳоли айланма йўл билан қабристонга боришга мажбур бўлганини ҳисобга олсак, масала ойдинлашади. Ва, бу муаммони ҳал этиш учун депутат бежиз югурмаганига, турли идоралар остонасига тўхтовсиз қатнамаганига ишонч ҳосил қиласиз. Фақат унинг Бош вазир Абдулла Ариповга мурожаатидан кейингина масала ҳал этилганди.
Гап шундаки, 1943 йили очилган “Гулпиён” қабристони Қирғизистон билан чегара ҳудудда жойлашган бўлиб, мустақилликнинг дастлабки йилларида икки давлат чегараларини мустаҳкамлаш, турли ноқонуний товарлар айланишининг олдини олиш мақсадида сим тўсиқлар билан ўраб ташланган. Ўшанда мутасаддилар калта ўйладиларми ёки аҳоли эътирози инобатга олинмадими, “Гулпиён” қишлоғига қарашли қабристон Қирғизистон томонида қолиб кетди.
Энг оғриқлиси, бирон таъзия бўлиб қолса, майитни дафн этиш учун чегара қўшинларига телефон қилиш, ҳокимиятдан рухсат олиш, охир оқибат қўшни мамлакат мутасаддиларини кўндириш керак бўларди.
30 йиллик югур-югурлардан кейин депутат Жаҳонгир Мамажоновнинг сайи-ҳаракати ва ҳукумат раҳбарига мурожаати туфайли ушбу муаммо ижобий ечим топди.
Ёки бошқа бир мисолни олайлик: 2024 йилнинг декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаевнинг аралашуви билан Оқдарё туманида узоқ йиллардан буён қаровсиз бўлиб қолган “Тоҳир, Зуҳра ва Қоработир” қабрини обод қилиш масаласи Парламент даражасигача кўтарилди.
Шунингдек, ушбу масала вилоят ва туман раҳбарлари томонидан назоратга олиниб, ҳудудни обод қилиш учун маблағ ажратиладиган бўлди.
Ёшлар парламенти аъзоси Севара Жумаеванинг таъкидлашича, куни кеча Азамат Пардаев бошчилигидаги ишчи гуруҳи Булунғур, Жомбой ва Оқдарё туманларида бўлиб, яна сайловчилар билан учрашган.
Депутат дастлаб, “Ғазира” маҳалласидаги 3-сонли оилавий поликлиникани Гулистон оилавий поликлиникаси филиали сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳамда ундаги иситиш тизими билан боғлиқ муаммони ўрганиб, туман ҳокимлиги ҳамда ҳомийлар ёрдамида ушбу масалани ижобий ҳал этишга эришган.
Шундан кейин ёшлар парламенти аъзолари билан Самарқанд шаҳридаги Чўпонота тепалигига туташ ҳудудда жойлашган, олти аср муқаддам Муҳаммад Шайбонийхон томонидан Зарафшон дарёси устида қурилган архитектура ёдгорлигининг ташландиқ ҳолатга келиб қолгани сабабларини ўрганган ва масъул ташкилотлар ёрдамида реставрация қилиш чораларини белгилаган. Кўриниб турибдики, кўплаб депутатларимиз сайловчилар розилиги учун ишлаб, ишонч билдирганлар ишончини оқлашяпти.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Отабек Жиянбоев фаолияти хусусида ҳам ана шундай фикрлар билдириш мумкин. Куни кеча депутат Юнусобод туманидаги Оқтепа ёдгорлигида ўрганиш ишларини олиб бориб, қарийб 3 минг йиллик тарихий ҳудуднинг йўқ бўлиб кетаётганига жамоатчилик эътиборини қаратди.
Бундай мисоллар кўп, албатта. Энг муҳими, партиядош депутатларимиз жойларда бўлганларида кўпроқ миллий қадриятларимиз, тил ва тарихимизга оид муаммоларга эътибор қаратаётганларини айтиш жоиз. Масалан, ўтган ҳафта “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Андижон вилоятида бўлиб, Мингтепа ёдгорлиги билан боғлиқ муаммоларга кескин муносабат билдирди.
Партия етакчиси Исломгача бўлган даврда пойтахти Андижоннинг Марҳамат туманида бўлган Довон давлатини Хитой мактабларида ҳозиргача ҳам ўқитишаётгани таъкидлаб, ушбу ҳолатга жамоатчилик эътиборини қаратади. Аммо: “Бир комиссия қарори билан ўзгариши мумкин бўлган ном ўнлаб йиллар мобайнида ўйланяпти, лекин Довон давлатининг аниқ жойи бўлган ноёб археологик ҳудуд ҳеч ўйланмасдан, осонгина суғориладиган деҳқончилик учун тарқатиб юборилган, “ҳей” дейдиган довонлик йўқ…”, деб ёзади А.Қодиров.
Депутатлар фаоллиги ҳақида гап кетганида Васила Файзиева, Шаҳноза Жолдасова, Сайёра Ғозиева, Зуҳра Миргазиева сингари аёл депутатларимиз номини ҳам тилга олиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Масалан, яқинда Тошкент вилоятилик депутатимиз З.Миргазиева электрон рақамли имзо билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан Солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиевга депутат сўрови юборди.
Сўровда қайд этилишича, кейинги вақтларда аҳоли орасида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти ортиб бораётган бўлса-да, молиявий ва ахборот технологиялари соҳасида саводхонлик етишмаслиги туфайли айрим фуқаролар фирибгарлик қурбонига айланмоқда.
Хусусан, ишонувчанлик оқибатида айрим фуқаролар электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитини бошқа шахсларга бериб қўймоқда. Бу эса улар номидан қонун билан рухсат берилган ҳаракатларни амалга оширишга йўл очмоқда. Ана шундай муаммоларнинг олдини олиш талаби қўйилган депутатлик сўрови, шубҳасиз, миллионлаб юртдошларимиз манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган.
Депутат Васила Файзиева эса Янги ҳаёт туманидаги “Марҳамат” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, тўй-ҳашамларда исрофгарчиликларни олдини олиш масалаларида очиқ мулоқотлар ўтказган бўлса, Сурхондарёдан сайланган депутат Абдулҳаким Эшбоев ёшлар парламенти аъзолари билан биргаликда “Кампиртепа” маданий мерос объектидаги муаммоларни ўрганди.
Тиниб тинчимас Шаҳноза Жолдасова эса ўз сайловчилари билан Қорақалпоғистонлик ҳунармандларни қийнаётган ҳаётий масалаларни муҳокама қилиб қайтди. Яна бир депутатимиз Шерзод Тўхташев Пастдарғомдаги сайловчилар мурожаати асосида ахборот-кутубхона марказининг 2019 йилдан бери ўз биносига эга эмаслиги тўғрисидаги масалани ўрганди...
Сирдарёлик депутат Шерзод Қулматов эса ўз сайловчилари сўровига асосан таниқли шоир Тўра Сулаймоннинг уй-музейи билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга ваъда бериб келди...
Бир сўз билан айтганда, салоҳияти ва иқтидори билан бирга ўз сайловчиларига берган ваъдасини унутмаган депутатлар баҳоли қудрат ишлаяпти.
Аммо, беш қўл баробар эмас деганларидек, барча депутатлар ҳам ўз ишларига халқ ишончи ва розилиги нуқтаи-назаридан ёндашаётгани йўқ. Бу бор гап. Зеро, биргина “Миллий тикланиш”нинг турли бўғинларидаги мингдан ортиқ депутатлари виждон билан, масъулият билан ишлаганларида эди, айрим депутатларга “босилган” ишончсизлик тамғасидан аллақачон қутилган бўлардик.