Коррупция парламент назоратида
ёки жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш кучли ҳуқуқий асос ва сифатли қонунлар қабул қилишни талаб қилмоқда
Айни пайтда маиший коррупция мавзуси кенг муҳокама этилаётгани бежиз эмас. Бу жиноят нафақат давлат идоралари балки, оддий инсоний муносабатларга ҳам энг кўп салбий таъсир кўрсатаётган иллатга айланиб бормоқда.
Кейинги йилларда давлат ва жамият қурилишининг барча тармоқларида коррупцияга қарши курашишга қаратилган 70 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, Парламент палаталарида ҳам ушбу йўналишга масъул бўлган қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинди. Ҳар бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат “коррупциядан ҳоли қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилиб, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари кучайтирилди, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим жиҳатларини намоён этмоқда.
Аҳамиятлиси, коррупцияга қарши курашиш сиёсати фақат қонунлар билан эмас, жамият аъзоларининг фаол иштирокида олиб борилмоқда.
Кейинги пайтларда маиший коррупция – аҳоли кайфиятига энг кўп таъсир қиладиган иллатга айланди. Коррупциянинг ушбу тури асосан, одамларнинг кўпроқ иши тушадиган ҳокимлик, кадастр, банк ва солиқ идораларида кўрсатиладиган оддий хизматларда учрамоқда. Яқинда Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган тақдимотда ҳам мазкур масаланинг долзарб жиҳатларига эътибор қаратилиб, коррупциянинг туб сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, аксарият ҳолларда ушбу иллатнинг сабаблари четда қолиб, оқибати билан курашилаётгани, коррупцияга йўл қўймайдиган превентив чораларнинг ҳали етарли эмаслиги қайд этилди.
Президентимиз томонидан коррупциянинг фақат камайгани эмас, қанчасининг олди олинганига қараб, давлат идоралари фаолиятини баҳолаш кераклиги ҳам таъкидланди. Шунингдек, тақдимотда прокуратура тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва барча соҳалар устидан “рақамли назорат” ўрнатиш зарурлиги айтилиб, ҳар бир ҳудудда коррупциядан ҳоли, шаффоф, ҳисобдор ва фуқароларнинг ишончига асосланган муҳит шаклланиши лозимлигига урғу берилди.
Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбари томонидан соҳадаги қонунчиликни тинимсиз такомиллаштириб бориш, бу жараёнда Сенат ва Қонунчилик палатаси аъзоларининг иштироки алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилиб, Назорат тузилмалари, уларнинг вазифалари ва мақомини белгилаб берувчи қонун йўқлиги, бу борада манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қисқа муддатларда алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш вазифаси юклатилди.
Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 5-март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилиши ўтказилиб, унда ҳам бир қатор устувор вазифа ва ташаббуслар илгари сурилган эди. Хусусан, коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани, парламент масъул қўмиталарига маҳаллагача тушиб, жиноятчиликни олдини олиш, коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномаларни камайтириш, ёшлар ўртасида коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантириш каби долзарб масалаларда тавсиялар берилганди.
Айни пайтда ушбу тавсиялар асосида нафақат қўмиталар, балки ҳар бир партия фракциялари ҳам ўзлари учун аниқ вазифалар белгилаб олдилар. Депутатлар эса сайлов округларида бўлганларида коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишяпти.
Қайд этиш жоизки, ўтган қисқа давр мобайнида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳар бир маҳаллагача тушиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди. Айниқса, криминоген вазият оғир маҳаллаларда ижтимоий профилактика тўғри ташкил этилгани танқидий ўрганиб чиқилди.
Шу билан бирга, профилактика инспекторлари, терговчи ва маҳалладаги фаоллар билан учрашувлар ўтказилиб, улар кўтараётган масалалар бориб-бориб барибир қонунларга тақалганининг гувоҳи бўлдик. Жумладан, совуқ қурол олиб юриш ҳуқуқбузарлигини такроран содир этганлик учун алоҳида жавобгарликнинг йўқлиги ёки ижтимоий хавфи паст бўлган айрим қилмишларнинг жиноят сифатида белгиланиши натижасида айрим фуқароларга “судланган” тамғаси босилиши ҳолатлари бунга мисол бўлиши мумкин. Масалан, автоавария оқибатида машина ичида бўлган ҳайдовчининг яқин қариндошига ўртача шикаст етган бўлса-да, унинг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, шундоқ ҳам бошига кулфат тушган, отаси ёки акасини тинч қўйиши сўралса ҳам қонунларимизда шахсни жиноий жавобгарликдан озод этилмаслиги тўғрисидаги модда борлиги чиндан ҳам айрим қонунларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади.
Яна бир гап: ҳар бир ўрганиш якуни бўйича туманларда ўтказилган халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида прокурор ва ички ишлар раҳбарининг ҳисобот ва ахбороти эшитилиб, улар олдига ҳам аниқ вазифалар қўйилди. Ўрганишлар якуни бўйича эса жиноятчиликнинг олдини олишда тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор қонун лойиҳалари тайёрланди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам бевосита жойларга чиқиб ўрганилди, аҳоли ва тизим мутахассислари орасида эса сўровномалар ўтказилди. Парламентда ҳатто соҳага масъул вазирлик ахбороти доимий тарзда эшитиб борилмоқда.
Энг асосийси коррупцион жиноятларга оид қонун ҳам депутатлар, сенаторлар, прокуратура, ички ишлар ва бошқа манфаатдор идоралар вакиллари билан ҳамкорликда қайта ишлаб чиқилди. Айни вақтда вазир ва ҳоким лавозимига кўрсатилган номзодлар кўриб чиқилаётганда уларнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режалари Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар олдида ҳимоя қилинишига оид қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш кучли ҳуқуқий асос ва сифатли қонунлар қабул қилишни талаб қилмоқда. Шу боис, жойларда аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, жиноят қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини тезроқ қабул қилиш чораларини кўриш, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эса коррупцияга қарши экспертизасини кучайтириш лозим.
Яна бир муҳим масала: парламент томонидан Коррупцияга қарши Миллий маърузани кўриб чиқиш Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Миллий маърузани тақдим этувчида ҳам, уни кўриб чиқувчида ҳам масъулиятни кучайтириш учун, уни тақдим этиш муддатини қонунда аниқ кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилаётган барча топшириқ ва вазифалар парламентнинг ролини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Албатта, буларнинг барчаси депутатлик корпуси зиммасидаги масъулиятни каррасига оширади. Зотан, коррупцияга қарши курашиш бу узлуксиз жараён бўлиб, шу нуқтаи назардан, депутатлик корпуси вакиллари бундан кейин ҳам жойларда бу борадаги ишларни давом эттирадилар.
Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси