Миллат генофонди биз учун энг устувор масала
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги нишонланаётган кунда Фракция йиғилишида Марказий кенгаш раиси Алишер Қодиров Навоийнинг ҳаёти ва ижодига тўхталиб, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ҳам, қарийб 600 йил муқаддам ёзилган асарлари бугунги нотинч дунё учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
– Биргина «Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам» байтида халқ хизматига киришган инсонлар учун жуда катта насиҳат борлигини кўрамиз. Бу «Миллий тикланиш»нинг «Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради» деган шиори билан ҳамоҳанг бўлиб, ҳар бир инсон аввало ўзини, ўзлигини, дунёдаги маънавий масъулиятини англаб етсагина, халқига, Ватанига садоқат билан хизмат қила олади.
Агар Навоий Ҳазратлари айни ҳаётимизда яшаётганида бутун дунё учун мафкуравий етакчига айланган бўларди. Чунки бугун инсониятнинг Навоий насиҳатларига, йўл кўрсатувчи чақириқларига қанчалик эҳтиёжи борлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Навоий 5-6 ёшидаёқ дунёнинг мазмуни, моҳияти, яшашдан мақсадини англаб етди. Инсон дунёга нима учун келади, нима учун яшайди? Зеро, Навоий хазратлари ўз асарлари орқали ўша пайтдаёқ: дунёга келишдан мақсадинг ҳамма жойни хонавайрон қилишми ёки инсонларга яхшилик улашишми, дея бежиз савол қўймаганди.
Афсуски, бугун одамларга яхшилик эмас, ёмонликни раво кўрдиганлар, дилини вайрон қилиб, ҳаққига хиёнат қиладиганлар, масъулиятсизлар кўпайиб кетди. Оқибатда дунё нотинчликка, беқарорликка юз тутди! Айнан инсоният Навоийни билмагани, ўқимагани учун ҳам маънавий инқироз ёқасига келиб қолди. Шу маънода ҳам Навоий насиҳатларига таяниб, халқ манфаати ва фаровонлиги йўлида жадал ислоҳотлар олиб бораётган Ўзбекистоннинг тинчлик, барча халқлар билан тенг шериклик асосида ҳамкорлик қилиш сиёсатидан кўплаб давлатлар ўрнак олса арзийди.
Биз Навоийнинг авлодлари сифатида дунёга ҳайқиришимиз керак: фақат тинчлик ҳукм сурган жойдагина тараққиёт ва фаровонлик бўлади, – деди фракция раҳбари.
Шундан сўнг кун тартибига киритилган асосий масала – Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти муҳокамаси бошланди.
Омбудсман Феруза Эшматова бу ҳақда фикр юритиб, 2025 йил Ўзбекистон учун чуқур мазмун ва стратегик аҳамиятга эга бўлган, демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, янги тараққиёт босқичини белгилаб берган тарихий йил бўлганини қайд этди. Бунда халқимизнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, янада жипслашгани асосий омиллардан бири бўлди. Пировардида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган тизимли ва самарали ишлар ҳам амалга оширилди.
Омбудсман номига келиб тушган мурожаатлар сони ўтган йили 26372 тани ташкил этди. Бу кўрсаткичнинг 2024 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўп бўлгани одамларнинг ушбу институтга ишонч билан мурожаат қила бошлаганини ва айни пайтда аҳоли муаммолари ҳали ҳам етарлича эканини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг кўп мурожаат Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан, энг кам мурожаат эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарёдан тушган. Таъкидланишича, Вакиллик томонидан айнан мурожаатлар кўп бўлган ҳудудларда очиқ мулоқотлар ўтказилган.
Вакиллик томонидан қўлланилган таъсир чоралари 2024 йилга нисбатан 7 фоизга, 2023 йилга нисбатан эса 14 фоизга ошган. Уларнинг ижроси асосида ундирилган ва ундирилиши белгиланган маблағлар эса қарийб 1,8 млрд сўмни ташкил этган. Шунингдек, Омбудсман томонидан ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга 36 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 72,2 фоизи ижобий ҳал этилган.
Омбудсман вакиллари фуқаролар мурожаатлари ва сўровларига мувофиқ суд мажлисларида 246 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этдилар. Бу борада қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган давлат органлари ва идораларининг 48 нафар ходими интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилганини айтиш жоиз. Улар орасида Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ходимлари кўпчиликни ташкил этди.
Ф.Эшматова Омбудсман фаолияти бўйича маълумот бераркан, институт ўз фаолиятида ҳар бир инсон ўзини ҳимояланган ва қадрли ҳис қилиши, ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли кафолатланишига қаратилган тамойилларни устувор деб билганини таъкидлади. Инсон қадрини улуғлашга асосланган мазкур ёндашув давлат сиёсати билан уйғун ҳолда амалга оширилмоқда ва улар фуқароларнинг ҳуқуқий онги, маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Фракция аъзолари Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари ижобий баҳолаб, институтни янада такомиллаштириш, фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича қатор таклиф, тавсиялар бердилар. Жумладан, Даврон Арипов Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилаётган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ барча қонун лойиҳалари аввало Омбудсман томонидан кўриб чиқилиб, хулоса олиниши лозим деган таклифни илгари сурди.
Шундан сўнг кун тартибига киритилган яна бир муҳим масала, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда гиёҳвандлик психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний айланмасига қарши тизимли чоралар кўрилаётганига қарамай, бу борадаги жиноятлар сони камаймаяпти. Хусусан, сўнгги 5 йилда аниқланган наркожиноятлар 2 бараварга, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар 67 фоизга, синтетик гиёҳвандлик воситалари савдоси эса 80 бараварга ошган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 2024 йилда 5 та ноқонуний нарколаборатория аниқланган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилнинг 10 ойида 12 тани ташкил этди.
Ушбу таҳлиллар гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтириш, мавжуд нормалардаги бўшлиқларни тўлдириш, таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда.
Жумладан, ушбу қонун лойиҳаси билан бу борадаги ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш мақсад қилинган бўлиб, Жиноят кодекси «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» номли алоҳида янги бўлим билан тўлдириляпти. Яъни, кодексга аҳоли саломатлиги ва генофондига жиддий хавф солувчи жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган янги моддалар киритилиб, уларга алоҳида мақом берилмокда. Шунингдек, жазо санкциялари кучайтирилиб, уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш биринчи даражали вазифа сифатида белгиланяпти.
Хусусан, вояга етмаганлар ва талабаларни бундай жиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида ётоқхоналар, болалар оромгоҳлари ва таълим ташкилотларига яқин ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддалар савдоси билан шуғулланганлар истеъмол этишга жалб қилганларни 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш таклиф этиляпти. Амалда бу қилмиш учун 3-5 йил этиб белгиланган. Наркожиноий уюшма ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминланганлик учун 20 йилгача озодлигини чеклаш таклиф этилмоқда.
Депутат Дилноза Азизова қонун лойиҳасига муносабат билдириб, миллат генофонди ҳимояси «Миллий тикланиш» учун энг устувор масала ҳисобланишини ва қонун кучга кирганидан сўнг депутатлар аҳоли ўртасида унинг мазмун-моҳияти бўйича ташкил қилинадиган тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол бўлмоғи лозимлигини таъкидлади. Абдулҳаким Эшбоев эса шифокор сифатида ушбу қонун лойиҳаси бугун учун энг долзарб эканини ва илгари гиёҳвандлар кўзи қизаришидан аниқланган бўлса, бугун эса синтетик модда истеъмол қилганларни фақат у билан боғлиқ бирон фалокат юз берганидан кейингина билиш мумкинлигини қайд этди. Равшан Маҳмудов "Миллий тикланиш" мухбири





