Қўрқув ва ҳурмат

Қўрқув ва ҳурмат

Қўрқув ва ҳурмат

Қонунларга риоя этиш жамият барқарорлиги ва адолатнинг таъминланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Инсоннинг қонунларга бўлган муносабати эса, одатда, икки асосий ҳиссиёт — қўрқув ва ҳурмат орқали шаклланади. Ушбу икки омил ташқи жиҳатдан ўхшаш бўлиб кўринса-да, уларнинг жамият ҳаётига таъсири мутлақо турличадир.

Қўрқувга асосланган итоаткорликда инсон қонунни ички ишонч билан эмас, балки жазодан хавфсираш сабабли бузмайди. Яъни, қонун талаблари шахс учун ахлоқий қадрият эмас, балки жазодан қочиш воситасига айланади. Бундай ҳолатда инсон фақат назорат кучли бўлган жойда ёки жазо муқаррар деб ҳисоблаган вазиятдагина қонунга риоя қилади. Назорат сусайиши ёки жазодан қочиш имкони пайдо бўлиши билан қонунбузарлик содир этилиши эҳтимоли ортиб боради.

Шу боис, қонунларга риоя этишнинг энг самарали ва барқарор шакли ҳурматга асосланган муносабат ҳисобланади. Агар жамият аъзолари қонунларни адолат, тартиб ва умумий манфаат ифодаси деб қабул қилса, қонунбузарликлар кескин камаяди. Бундай жамиятда инсон қонунни бузмасликни мажбурият сифатида эмас, балки ўзининг маънавий масъулияти деб билади.

Қонунларга бўлган ҳурмат эса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. У қонунларни яратувчи ва ижро этувчи давлат институтларига бўлган ишонч натижасида шаклланади. Агар қонун барча учун тенг амал қилса, қонун олдида ҳамма бир хил жавобгар бўлса, жамиятда адолат туйғуси мустаҳкамланади. Аксинча, қонун ижросида иккиюзламачилик, таниш-билишчилик ёки мансабга қараб ёндашув мавжуд бўлса, фуқароларнинг давлат ва қонунларга бўлган ишончи сусаяди.

Ишонч йўқолган жойда эса ҳурмат ҳам қолмайди. Қонунларга ҳурмат йўқ жамиятда қонунбузарлик оддий ҳолга айланади, одамлар қонунни чекловчи тўсиқ сифатида қабул қила бошлайди. Бу эса жамиятда ҳуқуқий нигилизмнинг кучайишига, тартибсизлик ва адолатсизликнинг авж олишига олиб келади.

Ишонч ва ҳурмат қандай йўқотилади?

Жамиятда ишонч ва ҳурмат, аввало, жавобгарлик масаласидаги адолатсизлик орқали йўқотилади. Агар қонунбузарлар мансабига, бойлигига ёки таъсирига қараб табақаланса, яъни оддий фуқаролар қонунни бузгани учун жазоланиб, айрим мансабдор ёки таъсирли шахсларнинг қилмишларига кўз юмилса, бу ҳолат жамиятда кучли норозиликни келтириб чиқаради. Бундай вазиятда фуқаролар қонунни эмас, балки кучни устун қўя бошлайди.

Хулоса

Қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда қонунларга бўлган ҳурматни ошириш учун қонунни энг кўп бузиши мумкин бўлган тоифа — мансабдор шахслар устидан қатъий ва адолатли назорат ўрнатилиши зарур. Қонунларни менсимай, уларни мунтазам равишда бузиб келаётган мансабдорларни ўз вақтида ва қилмишига яраша жазолаб бориш жамиятга кучли ижтимоий сигнал беради. Бу эса оддий халқ орасида адолатга ишончни мустаҳкамлаб, қонунларга бўлган ҳурмат ҳиссини оширади ҳамда ҳуқуқий жамият қуришга хизмат қилади.                                                                                                     
                                                                                      Авазбек Олимов