Алпомишларни тарбиялаш учун...

Алпомишларни тарбиялаш учун...

ЎҒИЛ БОЛАЛАР ҚАНДАЙ ҚЎҒИРЧОҚ ЎЙНАШЛАРИ КЕРАК?

Қўғирчоқлар ҳақида гап кетганида, аксарият ҳолларда миллий қўғирчоқларни кўпайтириш, очиқ ва калта либослардаги,  энг қизиғи, сариқ сочли “Барби”ларни  чеклаш лозимлигини таъкидлашади.  Аммо маҳаллий ҳунармандларимиз яратаётган миллий қўғирчоқлар ҳақида деярли гапирмайдилар.

Бундай фикрларни инкор этмаган ҳолда ҳудди шу мавзуда бошқача фикр билдирмоқчиман. Бу, ўғил болалар учун қўғирчоқлар тайёрлашни йўлга қўйиш масаласидир. Тўғри, бу гап кўпчиликни таажжублантириши турган гап. Бундан таажжубга ҳам тушмайман. Аммо тан олайлик, ўғил болалар ҳам жисмоний куч билан боғлиқ ўйинчоқлар (турли меҳнат қуроллари, машиначалар, жанг қуроллари)ни ўйнаб улғайишлари керак.  

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Америкада ҳам бунинг зарарли эмаслиги исботланиб, мамлакатда ҳатто ўз фойдаси йўлида бу ғоядан унумли фойдаланганини кўриш мумкин. Ёдингизда бўлса керак: 1980 йилларда ўғил болаларнинг соч ўстириши, тор кийимлар кийиши, улар орасида ғайритабиий рақсларнинг оммалашиши АҚШ ҳукуматини ҳам ташвишга сола бошлаганди. Шу боис ўғил болалар учун супер қаҳрамонлар кўринишидаги қўғирчоқларни тайёрлаш ва кинофильмларда айнан мана шундай образлар (Бетмен, Капитан Америка, Спайдермен, Халк (Hulk), Терминатор кабилар)ни гавдалантиришга катта эътибор қаратилади.

Бу эса болаларда катта қизиқиш уйғотиб, уларга тақлид кўникмасини шакллантира бошлади. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ушбу қаҳрамонлар кўринишида тайёрланган ўйинчоқларда давлат байроғини акс эттириш орқали болаларда ватанпарварлик ҳиссини оширишга ҳаракат қилинди.

Шу ўринда, дунёнинг кўзга кўринган психолог олимлари Сандра Бем,  Лев Выготский, Жан Пиаже кабилар болалар ўйинлари ва уларнинг ижтимоий ҳамда психологик ривожланишини ўрганиш мақсадида кўплаб тадқиқотлар ўтказишканини айтиш жоиз. Уларда, қайд этилишича, қўғирчоқ ўйнаш қизлар ва ўғил болаларнинг гендер ролларини қабул қилишда ҳам муҳим ўрин тутиши, ўғил болалар ҳам қўғирчоқлар билан ўйнаса, бу уларнинг эмоционал ва ижтимоий ривожланишига ёрдам бериши  кўрсатиб ўтилди. Бу билан болаларнинг ижтимоий кўникмаларини, эмпатияни ва бошқаларнинг ҳиссиётига ҳурматни ҳам ўрганиш мумкинлиги таъкидлаган. Шу маънода бизда ҳам ушбу амалиётдан фойдаланиш зарур. Фарзандларимизни, айниқса,  ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни буюк тарихимиз, жасур саркардаларимиз ва миллий армиямизга нисбатан ғурур ва ифтихор руҳида камол топтириш лозим.

Боғча ва мактаб ёшидаги  болажонларнинг қўлдан қўймай ўйнаётган ўйинчоқларига эътибор берайлик. Улар миллий менталитетимизга бутунлай бегона, ўзлигимиздан узоқлаштирадиган, ёт ғояларни ўзида мужассам этган, бошқа халқларнинг миллий ғурури, миллий ифтихори туйғуларини ўзида акс эттирган қаҳрамонлар тасвири, холос. Тарбиянинг муҳим палласидаги бундай эътиборсизлик эса келажакда ўз салбий таъсирини кўрсатади.

Шу боис ватанпарвар тарихчилар, дизайнерлар  ва кучли психологлар билан бирга Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги сингари ташкилотлар имкониятидан фойдаланган ҳолда миллий қаҳрамонларимиз, жасур саркардалар тасвирланган ўйинчоқлар, эсдалик совғалар кўринишидаги сувенирлар ишлаб чиқариш ва омммалаштиришни йўлга қўйсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Тўмарис, Спитамен, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аждодларимиз  кўринишидаги ўйинчоқлар фарзандларимиз қўлига қанчалик тез етиб борса, маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги ишларимиз шунчалик тез натижа беради.  

Масалан жасур Широқ ҳайкалчасини ясаб, фарзандларимиз қўлига тутқазсак, уларда нега “Широқнинг бурни ва қулоқлари кесилган?” деган табиий савол туғилади. Шунда биз  Широқнинг қаҳрамонлиги ва чексиз жасорати ҳақида сўзлаб берамиз. Ва фарзандимизнинг ватанпарварлик томон ташланган биринчи қадамига сабабчи бўламиз. Ўшандай ҳайкалчалар остига миллий қаҳрамонларимиз тарихидан сўзловчи QR-кодни жойлаб, видео материалларни ҳам бериш мумкин бўлади.

Маълумки, ўйинчоқлар билан тўлиб-тошган дўконларимизда бирорта ҳам ўзбек миллий қаҳрамони, ҳатто жангчиси тасвирланган ўйинчоқ ёки сувинер ҳам топилмайди. Мамлакатимиз сарҳадларини қўриқлаётган жасур аскарларимиз, жанговар сафларни тўлдириб турган минг-минглаб ватанпарвар йигитларимиз бўлса-ю, уларни болалар тасаввурига, қалбига таъсирчан усуллар орқали кўчиролмасак...

Шундан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа доирасида ўзбек ҳарбий хизматчиси тасвирланган сувенир ҳайкалча намунасини ҳам яратсак нур устига ало нур бўлар эди.

Қолаверса, бундай сувенирларнинг каттароқ ўлчамдаги нусхалари ҳарбийлар, катта авлод вакиллари иштирокида ҳудудлардаги намунали мактабларга ҳам тақдим этилса, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги ишларимизда бундан-да кўп ижобий натижаларга эриша бошлаймиз.

Зеро, бунда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ҳарбий техникаларнинг макетларини яратиш, уларни ёшлар ўртасида оммалаштириш ҳам яхши самара беради.

Камолиддин Рўзиматов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси