Бетоқатлик вирусми ёки тарбия самарасими?

Бетоқатлик вирусми ёки тарбия самарасими?

Бетоқатлик вирусми ёки тарбия самарасими?

 

Айни пайтда Тошкент вилоятида  878 та умумтаълим мактаби бўлиб, уларда 525 025 нафар бола таҳсил олмоқда. Шунингдек, 591 та давлат мактабгача таълим муассасасида 174 571 нафар тарбияланувчи илк таълим-тарбия босқичларидан ўтяпти.

Шунинг учун ҳам вилоятда тарбия ва таълимга энг устувор масала сифатида қаралмоқда.

Аммо беш қўл баробар эмас экан. Ҳар қанча тарбия ва таълимга зўр берилмасин,  2025-йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, ўқувчи-ёшлар орасида 48 та турли тоифадаги жиноятлар содир этилибди. Бу эса  ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва назоратига эътибор кучайтирилиши зарурлигини кўрсатмоқда.

Тан олайлик: ХХI асрда технологик тараққиёт, моддий қадриятларнинг устуворлиги, оиладаги тарбиянинг заифлашуви жамиятларда маънавий бўшлиқни юзага келтирди. Зеро, китоб ўқимайдиган, миллий қадриятларни унутган, сабр-тоқатнинг қадрига етмайдиган инсон – атрофидагиларга нисбатан ҳам бефарқ ва ҳатто тажовузкор бўлиб боради. Аччиқ ҳақиқат шундаки, бугунги ёшлар ўта кучли психологик босим остида улғаймоқдалар. Катталарни эса ишсизлик, инфляция, яшаш учун кураш, оилавий муаммолар руҳий жиҳатдан чарчатяпти. Шу боис, оддий тирбандлик, навбат ёки келишмовчилик ҳолатларида ҳам одамлар бир-бирларига нисбатан тоқатсизлик қилишяпти.

Ўзаро муносабатлардаги совуқлик ва тоқат етишмовчилиги – бу муаммоларнинг ташқи белгиси, холос: негизда анча чуқур омиллар ётибди. Бу оиладаги тарбия ва оилавий муҳитдаги муаммолар, инсоннинг бутун ҳаёти давомида жамият билан қандай муносабатда бўлиши, муаммоларга қандай ёндашиши, бошқаларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши – бу аввало  илк тарбия билан боғлиқ. Тарбия эса, табиийки, оилада бошланади. Болага илк бор меҳр, сабр, кечиримлилик, одоб, ҳурмат, виждон, инсоф каби тушунчалар ҳам айнан ота-онасидан ўтади. Боланинг кўз ўнгида содир бўлаётган ҳар бир ҳолат – у эшитаётган сўзлар, гувоҳ бўлаётган муомала, сезаётган ҳиссиётлар – барчаси унинг шахс сифатида шаклланишига бевосита таъсир қилади. Бугун айрим оилаларда  ота-оналар моддий тарафга ҳаддан ташқари урғу бериб, «овқатини бераяпмиз, кийим-кечак билан таъминлаяпмиз», деб ўйлаяпти. Аммо болага эътибор, меҳр, сабр билан муносабатда бўлиш, унинг саволларига жавоб бериш, тўғри йўл кўрсатиш – булар тарбиянинг энг муҳим жиҳатлари эканини ҳар доим ҳам ҳисобга олишмаяпти. Шу борада буюк алломамиз Абу Наср Форобийнинг: «Инсон ўзининг энг яхши одобларини аввало оиласидан олади. Агар бу ерда меҳр-оқибат, ҳурмат ва сабр бўлмаса, жамиятдан бундай фазилатларни кутиш бефойда», деган гапларини эслаш керак.

Яна бир муҳим муаммо – замонавий оилаларда фарзанд билан «тирик суҳбат»нинг йўқолиб бораётганидир. Бугун бола бирон савол берса, ота-она «кейин», «ҳозир эмас» деб, суҳбатдан қочади. Аслида, бола тарбияси фақат тақиқлар билан эмас, доимий суҳбат, эшитиш ва тушунтириш билан шаклланади. Яъни меҳр, сабр ва одоб қуршовида улғайган инсон қаерга борса ҳам, қандай ҳолатга тушмасин, ўзига ва бошқаларга нисбатан эътиборли бўлади.

Демак, ота-она фарзандига меҳр ва сабр кўрсатмаса, унга одобни ўргатмаса, бундай бола катта бўлганида ҳам бошқаларни тушунмайдиган, фақат ўзини ўйлайдиган шахс бўлиб етишади. Ислом динида ҳам сабр энг улуғ фазилат сифатида тилга олинади. Қуръонда ҳам, Ҳадисларда ҳам сабрли бўлиш, инсонларга меҳр билан муомала қилиш уқтирилади. Афсуски, баъзилар бу қадриятларни фақат оғизда айтади, аммо кундалик ҳаётда уларга амал қилмайди. Маърифий ишларнинг заифлиги эса бу ҳолатни янада чуқурлаштиради. Шу маънода ҳам жамиятдаги бетоқатлик ва ҳурматсизликни фақат шахсий нуқсон сифатида эмас, балки кенгроқ ижтимоий-психологик муаммо сифатида кўриш вақти келди, деб ўйлайман.