«Амир Темур» фильми ҳақида таассуротлар ёхуд
«Мен адолатни тиклаш учун келдим» миссияси
Амир Темур Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғигача бўлган ҳудудни қамраб олиб, улкан салтанатга асос солган. Бундан ташқари Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон буйлари, шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача, жануби-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача булган мамлакатлар бўйсундирилган. Тарихнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур ўз давлатини ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», - деган сўзлари бунга мисол бўлиши мумкин.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейингина Амир Темурнинг инсоният тарихида тутган ўрнини жаҳон миқёсида кўрсатилиб, унинг хотирасини абадийлаштиришга катта аҳамият берилди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларда ҳайкаллар ўрнатилди, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), «Амир Темур» ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Шунингдек, икки қисмдан иборат бадиий фильм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди.
Шу ўринда яқинда АҚШ, Ўзбекистон ва Қозоғистон киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган «Амир Темур» фильмини соҳибқироннинг дунё миқёсида тутган ўрнини кўрсатиш учун амалга оширилган ижодий ҳаракатларнинг энг самаралиси, деб аташ мумкин. Фильм режиссёри Жейкоб Шварц, сценарий муаллифи Мэтью Грин, опрератор Питер Мосиман, композитор Жонатон Кейт. Продюссорлар Мэттью Симерс, Беҳруз Хамзаев (ижрочи) ва Кэтрин Крапо Шварц (ижрочи), Виллем Кампенхаут. Энг муҳими, ушбу фильм ҳомийлар маблағи ҳисобига олинмаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қайд этилишича, фильм бюджети: $ 30 000 000.
Жанри: Тарихий саргузашт, жанговар-фильм.
Фильм ракурси 1363 йилдан 1370 йилгача бўлган даврни – Мўғуллар империяси парчаланганидан кейин Буюк Ипак йўли минтақасидаги сиёсий беқарорлик даврини ўз ичига олган. Сюжет марказида яраланган ва шахсий йўқотишлардан сўнг ҳокимият учун кураш бошлаган ёш Темур туради. Фильмга ижодкорлар: «XIV аср. Парокандаликка юз тутган дунё. Буюк Ипак йўли харобага айланган бир даврда ўз тақдирини ўзи яратган саркарда дунё саҳнига чиқади.
У хиёнат, йўқотиш ва синовлар орқали чиниққан – Темур...
У куч-қудрати, стратегияси темир иродаси орқали тарихни қайта ёзган шахс...
Бу – шунчаки фильм эмас.
Бу – буюклик сари босиб ўтилган йўл учун тўланган товонлар ҳақидаги ҳикоя» , - дея изоҳ беришади.
Фильм «Mystery Box» халқаро продакшн компанияси томонидан «7SABER» ва «BWG Production» билан ҳамкорликда суратга олинади. Амир Темур ролини даниялик актёр Кристиан Мортенсен, Туғлуқхон ролини Маъруф Отажонов, Ўлжой Туркон оқа ролини Юлдуз Ражабова, Сароймулкхоним образини мўғулистонлик актриса Дулгуун Одхуу, Илёсхўжани Жанубий Кореяда туғилиб, ҳозир лондонда яшаётган Жошуа Жо, Амир Ҳусайн ролини «Жодугар» ва «Марко Поло» сериаллари орқали танилган Маҳеш Жаду ижро этган.
Фильм 100 фоиз тижорий лойиҳа эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тасвирга олиш ишлари Хива, Тупроққалъа харобалари ва Қозоғистонда кечган. Жамоа павильонлар ва компьютер графикасидан атайлаб воз кечиб, суратга олиш ишларини фақат натурада олиб борганлар.
Қайд этилишича, фильмни тасвирга олишда (киномайдонда) ҳар куни 530 нафарга яқин одам ишлаган. Ўзбекистонда тайёрланган отлар етишмагани сабабли кенг кўламли жанг саҳналари Қозоғистонда суратга олинган. Тўрт кун давом этган «Лой жанги»ни тасвирга тушириш учун эса Олмаота вилояти ўт ўчириш хизмати жалб этилган. Ёмғир эффектини яратиш учун ҳар куни 35 тонна сув сарфланган...
Фильмни томоша қилиш жараёнида худди «Темур тузуклари»нинг сўзларини қайта эшитаётгандек бўлдим. Бу бежиз эмас экан. Фильм ижрочи продюсери ва сценарий ҳаммуаллифи Беҳруз Ҳамзаевнинг айтишича, фильм сценарийсини ёзиш учун Деҳлидан келтирилган – 1892 йилда инглиз тилида чоп этилган «Темур тузуклари»дан (80 фоиз) фойдаланилган. Таъкидланишича, фильм олти йил давомида суратга олинган. Ижрочи продюсернинг фикрича, соҳибқирон ҳақида фильм олиш жуда мураккаб кечган. Чунки у ҳар кимнинг тасаввурида турлича гавдаланади: кимлар учундир қонхўр, айримлар эса уни илоҳийлаштирган. Шундан келиб чиқиб, ижодкорлар Амир Темур ҳам биз каби инсон бўлгани, ҳаётий муаммолар билан курашиб яшаганини инсонийлик нуқтаи назаридан кўрсатиб беришга ҳаракат қилишган.
Юртдошларимиз орасида “Наҳотки «Амир Темур ролини ижро этиш учун ўзимизда актёр топилмаган бўлса?» – деган савол туғилиши табиий. Таъкидлаш жоизки, Темур персонажини ижро этган актёр Кристиан Мортенсен бир йил Хоразмда яшаб, ўзбек тилини, халқимизнинг жанг усуллари ва чавандозлик санъатини ўрганган. Ҳатто Ислом динини қабул қилиб, беш маҳал намоз ўқиган. Фильмдаги воқеалар ривожидаги қаҳрамоннинг руҳий ҳолатига оид учта кадрда унинг нафл, бомдод ва шом намозини ўқиётган саҳналари ҳам бор. Айтишларича, Кристиан Мортенсен олти ёшида америкалик шоир Эдгар Аллан Понинг «Тамерлан ва бошқа шеърлар» тўпламини ўқиган. Ёши улғайгач, шоирнинг 1827 йилда ёзилган соҳибқироннинг ҳаёти ва фожиали муҳаббати тўғрисидаги «Тамерлан» достони билан танишади. Актёр фильм режиссёри Жейкоб Шварц билан 20 йилдан бери дўст. У 2019 йилда Кристианни Ўзбекистонга таклиф қилиб, унга «Амир Темур»» фильмини суратга олиш режаси борлигини айтади. Шу ўринда ролга тайёрланиш жараёнида Кристиан Мортенсен сценарий ўқишдан ташқари, Амир Темур шахсияти ва фаолиятига оид турли адабиётларни ўқиб, тарихчи олимлар билан суҳбатлашганини ҳамда қўлёзмалар билан танишганини айтиш жоиз. «Темур тузуклари» автобиографияси эса унинг учун асосий манба бўлиб хизмат қилади. Қисқаси, Амир Темурнинг дунёқараши ва руҳий оламини ўрганиш учун актёрнинг икки йилга яқин вақти кетади. Шундан кейин у жисмоний машғулотларга тайёргарлик кўради. Кристиан болалигидан от миниб улғайган бўлса-да, от спорти бўйича маҳоратини ошириб, жанглар хореографияси устида ишлайди. Шунингдек, Олмаотада жойлашган «Nomad Stunts» халқаро каскадёрлар гуруҳи билан бирга бир ой машғулотларга қатнайди.
«Лой жанги» пайтида Темурга зарбалар берилган саҳна актёр учун жуда оғриқли кечганини айтиш жоиз. Ушбу саҳнанинг съёмкаси жамоа учун ҳам кутилмаган қийинчиликлар туғдиради. Аммо актёрлар барча қийинчиликларни енгиб ўтишади. Зеро, уларнинг бош мақсади тарих дарсликларида қўл етмас бўлиб кўринганларни «инсонийлаштириш» эди.
Мўғул хони Туғлуқхон ролини ижро этган Маъруф Отажонов «дунёда Яратганнинг берган неъматларидан баҳраманд бўлолмаган боладан ортиқ оғир мусибати бўлмаган» отанинг психологик жиҳатларини ўз қарашлари ва нутқи, мўғул хонларига хос кескин ҳаракатлари орқали маҳорат билан очиб берган.
«Амир Темур» фильмида унинг пири комилларидан бири – тасаввуф оламида «Шайхул шуюх», «Султонул тариқа», «Бурҳонул ҳақиқат», «Ҳазрат борифъат», «Шарафул мустаффвил», «Зайнул ворисун вал муҳаққиқин»» каби фахрли унвонлар эгаси Саййид Барака сиймоси ҳам ишонарли кўрсатилган. Зеро, «Темур тузуклари»нинг дастлабки саҳифаси ҳам айнан ана шу пирнинг насиҳатлари зикр этилган хатни қайд этиш билан бошланади: Пирим менга ёзмишларким, «Абулмансур Темур салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни: 1) (ўзинг билан) кенгаш, 2) (бошқалар билан) машварату маслаҳат айла; 3) ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар; 4) эҳтиёт бўл»,- дейди Ҳазрат Саййид Мир Кулол буюк салтанат қуришга отланган шогирди – муридига. Шу жиҳатдан олиб қарасак, пири комилнинг роли кинодаги тарихий сиймога ниҳоятда мос келади. Бадиий фильмда Саййид Бараканинг «Яхши кўрган нарсангга эришиш учун ёмон кўрган нарсангга сабр қилмоқ даркор», «Ҳамма нарса мукаммал мувозанатда. Табиатда қандай бўлса, биз инсонлар қалбида ҳам шундай. У осмонни юксалтириб, бандалари меъёрдан ошмаслиги учун тарозини ўрнатди. Тарозида холис ўлчанглар, вазнни камайтирманглар...» сингари сўзлари жамият ва инсон ўртасидаги муносабатларни очиб бериш ва шогирдини тақдир зарбаларига қарши боришга куч топишга ундайди, энг муҳими, пирнинг руҳий оламини томошабинга очиб беради.
Юқорида фильм оламида юз берган воқеага паралел равишда «Темур тузуклари»да келтирилган ушбу воқеага аҳамият қаратсак: Амир Темур чорасиз қолган ёки маслаҳатга муҳтож бўлганда, пирига мактуб йўллаган: «Мен ҳам Хуросонга ёки бўлмаса Туғлуқ Темурхон ҳузурига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пиримдан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар:» Тўртинчи халифадан (Али ибн Абу Толиб), унга Тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон-камон ипи, ҳодисалар ўқ-ёй бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи(эса) – буюк ва қудратли Худойи таоло бўлса, одамлар қаерга қочадилар?» Халифа жавоб қилиб: «Одамлар Тангрининг қошига қочсунлар», - дебди. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ Темурхоннинг олдига қочғил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олғил». Пири насиҳатига қулоқ солиб, Темур мўғил хонининг хизматига киради ҳамда мустақил давлат тузишга бел боғлайди.
Бу даврда Чиғатой улусининг шарқий қисми — Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатишга ҳаракат қилади. Жета хонларидан Туғлуқ Темур ва унинг вориси Илёсхожа Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб киради. Бироқ, Мовароуннаҳрни қўлдан чиқаришни истамаган Илёсхожа 1365 йилнинг баҳорида яна Туркистон устига қўшин тортади. Тошкент билан Чиноз оралиғида икки ўртада содир бўлган жанг тарихда «Лой жанги» номи билан шуҳрат топади. Жангда амир Ҳусайннинг хиёнати оқибатида мағлубиятга учрайдилар ва ўз қўшинлари билан Амударё бўйларига чекиниб, Балх вилоятида ўрнашадилар. Фильмдаги лой жанги саҳнаси йирик кадрлар ва юқоридан дронлар орқали тасвирга олинган кадрлар орқали ишонарли чиққан. Яъни, лойга ботган отлар ва сипоҳларнинг оғир ҳолати борича тасвирга олинган.
Фильмда Амир Ҳусайнниинг Самарқанд тахтини эгаллаган пайтидаги шаҳар аҳолисини шафқатсизларча қириш ҳолатига беклар айбдор қилиб кўрсатилган. Тарихдан маълумки, Амир Ҳусайн ва Амир Темурнинг Самарқандни эгаллашларига сарбадорлар халқ ҳаракати сабаб бўлган. Амир Ҳусайн сарбадорлар раҳнамолари Абу Бакр Калавий, Хурдаки Бухорийларни дорга тортиради, Мавлонзодани эса Амир Темур ўлим жазосидан қутқаради. Фильмга ушбу воқеа кирмаган. Эҳтимол, режиссёр ушбу фильмнинг сериал талқинида сарбадорлар воқеасини киритишни режа қилгандилар...
.Фильмда мунтазам такрорланадиган уч деталь бор: бу аланга бўлиб ёнаётган шамшир-қилич, Ўлжой Туркон оқа сиймоси ва шатранж ўйинидаги пиёда шакли. Бу уч деталь ҳам фильмда ўзини оқлаган. Амир Темур бошига мушкул иш тушганда доим Ўлжой Туркон оқа қиёфаси «Темур» дея йиқилган саркарданинг ўрнидан туриб ва олдинга интилишига куч беради. Олов бўлиб гуриллаб ёнаётган шамшир-қилич тимсол эса Амир Темур ғалабаларидан нишона бераётган кадрларга кирган.
Ривоятга кўра, Хожа Шамсиддин Амир Темур таваллудини ва жаҳонгирлик саодатини олдиндан каромат қилган. Унда айтилишича, амир Тарағай бир туш кўради. Тушида унга шамшир берибдиларки, унинг шуъласидан бутун олам мунаввар бўлибди. Ўша ҳолда қўлидан чор тарафга фаввора янглиғ сув отилиб, ерни қоплабди. Бундан мутаассир бўлган амир дарҳол пири Хожа Шамсиддин ҳузурига келиб, тушини айтиб берибди. Хожа бир зум ўйга ботиб, бундай дебди: «Эй амир Тарағай, сенинг наслинг хонадони салтанат бўлғай ва ул салтанатни сендан туғилажак фарзанд тиклағай. Ул фарзанд оламни шамшир бирла забт айлагай ва замона, тобеълар ва халойиқ андин мамнун бўлғай». Фильмдаги Ўлжой Туркон оқа (Юлдуз Ражабова) нутқидаги «оловли фаришталар тутган қилич» жумласида ушбу ривоятга ишорат бор. Бундан ташқари Амир Темур ўзига «Куч адолатдадир» деган гапни шиор қилиб олган. Қоронғуни гулхан бўлиб ёритаётган оловли қилич фильмда мўғуллар ва адолатсиз Амр Ҳусайн зулмидан эзилган мазлум халқни сиёсатнинг адолат қиличи орқали қутқарган саркарда мисолида ҳам гавдалантирилган бўлиши мумкин.
Рус тарихчиси Т.Грановский шундай ёзади: «Темурнинг қаҳрли юрагида, айтиш жоизки, илм ва илм аҳлига илоҳий эъзозу эътибор яширин эди. У илму фанни, демакки, тафаккурни юксак мақомда тушунар эди. У олимлар билан эринмай суҳбат қурар, Шарқу Ғарбнинг тарихий ривоятларидан яхши хабардор, хусусан, астрономияни беҳад қадрлар, астрологияни эса асло хушламас эди». Фильмда Амир Темурнинг уни тожу-тахтга чиқиши Тарағай баҳодирга башорат қилингани ҳақидаги Амир Кайхисравнинг гапларига қарата айтилган «Ҳаётим... ёлғон башоратларга эмас, ўзимга боғлиқ», - деган гаплари ўзига ишонган қатъиятли шахс тимсолини кўришга ундайди. Бундан ташқари айрим киномухлисларнинг «актёрда Амир Темурга хос шижоатли темпераментни кўрмадик» деган эътирозларига олимнинг ушбу сўзлари соҳибқирон характерини очишда актёр фойдаланган психологик ёндошувга нисбатан унинг ҳаракатини оқлайди.
Соҳибқирон «Тузуклар»ида: «Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим», «Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди», «Адолат ва инсоф билан тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим», «Пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин», «Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, душманлиги дўстликка айланди», «Адоват эмас, адолат енгади», «Куч — адолатдадир» каби ҳикматлари, шубҳасиз, тасаввуфона моҳиятга эга. Амир Темурнинг ушбу ҳикматлари фильм воқеа сюжетларига ҳам сингдирилган.
Фильмда подшоларнинг тахт учун кураш жараёнида шатранж ўйинидан унумли фойдаланилган. Амир Темур Илёсхўжа томонидан ёввойи асалари асалидан заҳарланиб, Шероз шаҳрига келганда амири Кайхисрав билан учрашгандаги ҳолатида қўлида шатранжнинг пиёда донаси бўлади. Кайхисрав, «Бутун умринг давомида пиёда эдинг. Пиёданинг қобилиятини кўпинча пайқашмайди. Сенга пиёда қандай қилиб асосий донага айланишини кўрсатаман. У бошқаларга ўхшаб тезкор эмас, лекин, тиришқоқ. У танлаган йўл хавфли ва машаққатли. Бироқ, тўғри иттифоқчилар билан у ўйлагандан кўра узоқроқ яшаши мумкин. Ишончли ҳимоя остида у кўзга ташланмай олға юради. Биргина учқун тақдирни ўзгартиради. Илёсга қарши... мана шундай жанг қиламиз. Агар у барча синовлардан, ҳийлалардан ўта олса, уни шатранжда истаган фигурага айлантирса бўлади. У қайта дунёга келади. Ўзгаргач... ҳеч кимнинг соясида яшамайди. Ҳаммага... хукмдор бўлади» – деган жумлаларида Амир Темур ролининг фильмдаги тадрижий ўсиши моҳияти очиб берилган. Фильм якунида Амир Темурнинг «Шатранж. Бу узоқ тарихга эга ажойиб ўйин. У қанча қўллардан ўтди. Шакллар ҳам ўзгариб кетди. Қоидалар тез-тез янгиланиб турди. Пиёда –ўйин бошида икки баравар тез юриши мумкин. Отлар ҳам фарзинга айланиши мумкин. Пиёда эса тахтанинг охирига қадар йиқилмасдан етиб бориши мумкин. Бу пиёда исталган фигурага айланиши мумкин. Гўё уни йўқотишмагандек. Мен ўйинингизни ўйнашни ўргандим. Ҳусайн қандай одамлигини эртароқ тушунишим керак эди. Сенга ўхшаган одам... ўзини йўлбошчи деб атайди. Яратиш ўрнига, ҳамма нарсани вайрон қилади. Сенда ҳукмронлик қилиш, қуриш, забт этиш учун керакли фазилатларнинг бирортаси йўқ. Менинг режам эса оддий: мен яхшироқ дунё қураман» деган монологи бу ўн марта қоқилиб, ўн бир марта тура олган, йўқотишлар ва дардли изтироблар уни буюк саркарда ва жаҳоншумул шахсга айлантирган инсоннинг қатъиятга тўла нутқидир. Шатранж ўйини давомидаги ушбу нутқ иродаси жараёнида режиссёр кинотасмани тезлик билан қайта айлантираётгандек бўлиб, унда фильмда янграган «Ёввойи асал еган одам тирик қолмайди, дейишганди», «Ўша кеча лабингга теккан асал меники эмас эди» каби иборалар қаҳрамонлар тилидан шарпа овозидек қайта такрорланади.
Актриса Юлдуз Ражабованинг айтишича, Ўлжой Туркон оқа роли учун актрисалар ўртасида танлов ўтказилган. Видеосинов инглиз тилида бўлгани учун танлов қийин бироз кечган. Актриса илк марта тўлиқ инглиз тилида олинган фильмда роль ижро этган. «Мендирман Жалолиддин» сериали учун 5 ой тайёргарлик кўрган вақтидаги қиличбозлик ва қўл жанг санъати бўйича машғулотлар унга анча қўл келган. Айтиш лозимки, Юлдуз Амир Темур қувғиндалиги ва ёвлар билан курашиш жараёнидаги жанг саҳналарини ўзи бажарган. Актриса Туркон оғонинг дунёни тарк этиш саҳнасини ижро қилишда қийналган ва қаттиқ таъсирланган.
“Амир Темур”нинг Ўзбекистондаги дистрюбютори Элдор Йўлдошевнинг таъкидлашича, фильмнинг муҳим жиҳати, унинг дистрибуцияси тўғри йўлга қўйилганида. Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги фильм Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлигида суратга олинган илк картина ҳисобланади. Яқин орада уни океанортида ҳам махсус премьера қилиш режалаштирилган. Шунингдек, фильмни намойиш этиш бўйича 120 дан ортиқ мамлакат кинотеатрлари билан шартнома имзоланган, фильм Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия ва Беларусь кинотеатрларида ўз тилларида намойиш этилади. Шу кунгача эса «Apple TV», «Amazon», «Roku» каби катта платформалар фильмни сотиб олди. Картинанинг потенциал аудиторияси 250 миллиондан ортиқ.
– Бундай даражадаги ўзбек киноси 1991 йилдан бери биринчи марта локал дубляж қилиниб, МДҲ кино-прокатларига чиқмоқда, – дейди Элдор Йўлдошев. – «Амир Темур»ни илк маротаба 2025 йилнинг сентябрь ойида Қозон шаҳридаги "Олтин Минбар" кинофестивалида тақдим этгандим. Ўшанда бу МДҲлик прокатчиларда катта қизиқиш уйғотган эди. Чунки ўзбек фильмлари яқин хориж бозорида жуда кам...
«Амир Темур» фильмининг ўзбек тилидаги дубляжига юксак иқтидорли актёр Боир Холмирзаев овоз берган. Дубляж режиссёри эса Камолиддин Раҳимов.
Фильм якунида беихтиёр режиссёр «Мен адолатни тиклаш учун келдим», деган шиорни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, деган фикри ўтди хаёлимдан...
Нигора УМАРОВА




