(шоир Абдулхай Носиров хотираларидан)
Дадам қишни яхши кўрардилар. Олди очиқ айвонда тўнга ўралиб ўтиришни, Навоий, Фузулий, Машраб, Бобур, Фурқат ғазалларини ўқишни хуш кўрардилар. Ойбек домланинг шеърларини ҳам деярли ёд билардилар. Айниқса, “Наъматак” шеърини. Ойим раҳматли:
Дадам қишни яхши кўрардилар. Олди очиқ айвонда тўнга ўралиб ўтиришни, Навоий, Фузулий, Машраб, Бобур, Фурқат ғазалларини ўқишни хуш кўрардилар. Ойбек домланинг шеърларини ҳам деярли ёд билардилар. Айниқса, “Наъматак” шеърини. Ойим раҳматли:
– Ичкари уйга киринг, айвоннинг олди очиқ десалар,
– Шу ер яхши, танча бор – дердилар жиддий.
Танча устида фақат китоблар.
Дадам ғазал ўқисалар, мен ҳам рўпараларига – танча ичига кириб кетгудек бўлиб, ўтириб тинглардим.
... Ҳозирда ўша китоблар менинг китоблар жавонимда. Дадам тақиб юрган қўл соатларини ҳам авайлаб асраб келмоқдаман. Бу қўл соати аслида устоз Ойбек домлага тегишли бўлиб, УСТОЗнинг дадамга берган омонати эди...
...Дадам Фин уруши бошланганида армия сафига чақириладилар. Иккинчи жаҳон уруши пайтида отрядлари билан Москва атрофидаги жангларда қатнашадилар 1942 йили ўша пайтда бир гуруҳ санъаткорлар билан Ойбек домла Москва атрофидаги фронтга борадилар. Буни эшитиб қолган дадам, командирдан руҳсат олиб домлани қидириб бориб, Ойбек домла билан кўришадилар.
Бир соат юзма-юз суҳбатлашишади. Хайрлашар пайтда Ойбек домла қўлларидаги соатни ечиб, дадамга узатадилар.
– Олинг,
– Йўқ, – дейдилар дадам, – бу ерда соат керакмас.
– Олинг. Сизга омонат. Тошкентга қайтганингизда менга қайтариб берасиз, – дейдилар Ойбек домла.
Дадам немис босқинчилари билан бўлган жангларнинг бирида оғир яраланиб, Тошкентдаги госпиталда даволанадилар. Бу орада, 1943 йил охирларида – яралари битар-битмас Чирчиққа – завод қурилишига юборишади. Ишлаб юрган пайтларида тасодифан кислотали шиша идиш синиб дадамни этигини эритади, бир пасда оёқни ҳам куйдириб, яллиғлантиради. Аввал Чирчиқда тозалатиб, боғлатиб, кейин Тошкент шифохоналаридан бирига жўнатишади. Дадам уй тўрида жавонга қўйилган Ойбек домланинг омонати – қўл соатини унутган эмасдилар. Бир неча марта бориб-келай деб отланганларида иш билан овора бўлиб, боролмаган эдилар.
Ўтган асрнинг 52-йиллари бўлса керак, дадам мени етаклаб, қайта босилган «Навоий» романини олиб, Уста Ширин кўчасидаги Ойбек домланинг уйига борадилар.
Эшикни Зарифа опа очадилар. Остонада шойи шим, енги калта шойи кўйлак кийган, бошяланг навқирон, ўрта ёшлардаги йигитни кўриб,
– Келинг, – дейдилар
– Домлани кўргани келувдим, – дейдилар дадам ийманиб.
– Уйдалар, киринг, – дейдилар опа самимий,-- Ҳовлидаги стулда ўтира туринглар . Ҳозир чиқиб қоладилар.
...Дадам ҳовлига кириб, ёғоч сўри олдидаги курсига ўтирадилар. Устоз ОЙБЕК домла ярим соатлардан кейин хаёлларга чулғанган ҳолда ҳовлига чиқадилар. Марғилон дўпписи тўзғиб кетган жингалак сочларига ярашиқ, ўзгача хусн бағишлаб туриб эди. Ҳовлида курсида ўтирган дадамни кўриб, домла ажабланиб тикиладилар.
– Сиз ўша жангчими? Зокирмисиз?
Дадам ҳам ҳаяжонларини босолмай:
– Ҳа, – дейдилар.
– Зарифа, қарагин, жангчи дўстим!
Домла дадамни қаттиқ қучадилар
– Обба сиз-эй. Зокиржон, биродарим, ўтиринг.
– Зарифа бизга чой беринг.
– Домла сизни ишдан чалғитмайманми?
– Йўқ! Энг яхши иш сизни келишингиз.
Зарифа опа ҳам чаққон - чаққон юриб дастурхон ёзадилар ва:
– Келганингиз яхши бўлдида, домлани хурсанд қилдингиз, қаттиқ ишлаётган эдилар. Сиз билан суҳбат қуриб дам оладилар – дейдилар кулиб.
Ойбек домла дадамни саволга тутадилар:
– Хўш, қаерлардан сўраймиз?
Дадам Москвадаги учрашувдан кейинги воқеаларни бошидан бугунгача бўлган тафсилотларини ҳикоя қилиб, «Навоий» романини домлага узатиб, дастхат сўрайдилар. Кейин эса, Ойбек домла омонатга берган қўл соатини ечиб узатадилар.
– Омонатингиз бу. Мени мана шу омонат оловлар ичидан, қирғин-баротлар ичидан омон олиб чиқиб, сизнинг ҳузурингизга етаклаб келди. Раҳмат сизга.
Ойбек домла қўл соатни олиб, унга узоқ тикиладилар-да:
– Бу соат энди сизники, омонат эмас, ҳадя, – дейдилар жиддий туриб.
Ҳадя қилинган ўша соат ҳозир ҳам менда. Китобларим жавонининг ғаладонида сақлайман. Соат ҳамон чиқ-чиқлаб менга ўша даврларни эслатиб турибди.