“Авесто” изидан...

“Авесто” изидан...

Ёхуд Президент ташрифидан сўнг қайта туғилган музей ҳақида ҳақиқатлар

Инсоният тарихида ҳеч бир китоб “Авесто”чалик қаршиликка учрамаган. Ушбу китоб қўлёзманинг илк тадқиқотчиси Абу Райҳон Беруний, кейин эса француз тадқиқотчиси Анкител Дю-Перрон, ва ҳиндистонлик инглиз олимаси Мэрихоним Бойс ҳисобланади. Улар бир-биридан бехабар ҳолатда минг йиллар кейин ўз хоҳишларига кўра сирли жумбоқли китоб сирларини очиб, инсониятга буюк маънавий мерос қолдириб кетганлар.

Ш умаънода ҳам сўнгги 300 йиллик даврда “Авесто”ни тадқиқ этган олимларни халқ тили билан айтганда “хирмондан кейин бошоқ терган” авестошунослар деб атаса ҳам бўлади. Қуйида Хоразм диёрида “Авесто”ни ўрганиш-тадқиқ қилиш ва “маҳаллийлаштириш”га доир айрим хотиралар билан ўртоқлашгим келди.  

2000 йилнинг баҳори эди. “Авесто” китобининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш юзасидан катта йиғилиш ўтказилиб, 20 гектарлик боғ-мажмуа, 18 метрлик ёдгорлик, 2500 киши сиғадиган амфитеатр барпо этиш ҳақида қизғин режа-мунозаралар бошланди. Аммо,негадир йиғилишда “Авесто” тарихига доир музей масаласи тилга олинмади... Кутилмаганда мажлис охирида ўлкашунослардан бири сўз олиб бундай деди: 

– Раҳмат, режаларингиз ажойиб, лекин нима учун “Авесто” тарихи музейи барпо этиш лойиҳада тилга олинмади?...? 

– Ҳурматли домла, биз бу ҳақда кўп ўйланиб кўрдик, маълум бўлдики, қўлимизда битта ҳам экспонат йўқ экан. Бундай шароитда қандай қилиб музей ташкил этиш мумкин?

– Узр-ку, йўқ бўлса топиш керак, қадимги Хоразм  асори-атиқалари, кўҳна қалъалар, топономик номлар, эл-юрт орасида сақланиб келаётган удум ва аньаналарни биз яхши биламиз... Албатта тарих музейи бўлиши керак, – деди мезбон.

– Дуруст, изланг, топинг, сўнгра музей масаласи ҳал бўлади, –суҳбатга якун ясади мутасадди.

Йиғилганлар сукут сақлаб жимгина тарқалишди...
 
Шу йили тиниб-тинчимас ҳаваскорлар – элшунослар белни маҳкам боғлаб, воҳа бўйлаб турли экспедициялар ўтказишга киришиб кетдилар. Улар орасида археолог Қурбонбой Собиров, телеоператор Ҳамид Маткаримов, режиссор Муқаддас Машарипова, қозоқ йигити Жўлдосбой Йўллиев, Огаҳий номли театр артисти Комилжон Тожиев, Анахита ролини ўйнаган Зулфия Қариева ва бошқалар бор эди...

Хуллас “Авесто изидан” номи билан  бошланган экспедиция 2001 йилнинг август ойигача ишлади. Бир вақтнинг ўзида икки қисмли телефильм ҳам суратга олинди ва у Хоразм TV ҳамда Нукус телеканалларида намойиш этилди...

Чилпиққальа ёдгорлигидаги илонлар ҳамласи...

Чилпиққальа қадимги Хоразмнинг икки-уч минг йиллик тарихий ёдгорлиги. У дастлаб оташпарастлик қабристони, Жайҳун дарёси ҳаракатини кузатиб туриш минораси ва бугунга келиб Қорақалпоғистон Республикаси давлат гербида акс эттирилган тарихий-маданий обида тарзида оламга машҳур. 

Ердан баландлиги тахминан 40 метр, тепаликнинг пахса девор қисми эса 15 метр бўлиб, ўз даврида унга чиқиш амри маҳол саналган. Яъни, зинаси қадимги Хоразмийлар тилида “Чил” – қирқ, “пиқ”  эса восита – зина, демак қирқ зинали қальа деган маьнони англатган. 

Экспедиция аьзолари билан ушбу қалъани кузата бошладик... 

Оператор Ҳамиджон Маткаримов қўққисдан илонлар уяси инига оёқ босган экан бирдан бир илон отилиб чиқди ва унинг изидан 5-6 тача илончалар ғужанак бўлиб операторга ҳамла қилдилар, у қочди, биз нима бўлганини билолмай анграйиб қараб турардик. Режиссёримиз Муҳаббатнинг ҳам ранги бўздек оқариб кетган. Оператор бир неча сонияда юз берган “илон ҳамласи” сюжетини суратга ололмай армонда эди. Илон ҳамон ярим тик ҳолда тик турарди. Фақат бирмунча вақт ўтиб, ўз уясига кириб, кўздан ғойиб бўлди... Биз экспедиция аьзолари бундай тасодифий хавф-хатар бўлишини ҳеч кутмаган эдик... 

Тошқотган дарахт топилмаси

Орадан беш йил вақт ўтгач, Хоразм Маъмун академияси юбилейи олдидан сулолавий кулол Султонбой Абдураҳимов иштирокида яна ўша тарихий ёдгорлик Чилпиққальа ва қизил қум этакларини ўрганишга жазм этдик. Ниятимиз Қизил ва Қора қумларда мозийдан қолган тенис (тананс) океан қолдиқлари, динозавр суяклари ва Султон Увайс тоғларидаги ноёб қазилмалар, тўғрироғи, кулолчилик хомашё базасини излаб топиш эди. Экспедиция жараёнида фавқулодда оёғимиз қум остида уч қисми кўриниб турган дарахт парчасига тегиб қолди. Уни омонатгина ўрганиб юк машинасига аранг юкладик ва “Авесто” музейига олиб келдик...

Бундан хабар топган журналист дўстларимиз ноёб “тошга айланган дарахт” экспонати ҳақида ОАВда бонг урдилар. Бу ғайриоддий топилмадан хабар топиб Тошкент тоғ-саноат, минералогия музейи олимлари ҳам бу хабарни Интернетга ёйишди.

Айни кунларда Хоразм Маъмун академияси 1000 йиллик юбилейи муносабати билан Хивага келган хорижий олимлар экспонатнинг ёши ЮРА даврига оид 85-90 миллион йилга тенг деган хулосага келдилар. Юбилей тантаналарига ташриф буюрган Биринчи Президент Ислом Каримов ҳам ўша экспонатни томоша қилиб бизни дуо қилгани ҳамон ёдимизда...

Бўлди ажаб ҳангомалар деганидек, вилоятимизнинг номдор олимлари эса ушбу ноёб экспонатларни излаб топишда биз ҳам иштирок этдик, деб матбуотда мақола эълон қилдилар... биз эса асло кўрмаган экспедициядошимизнинг бу даъвосидан ҳайрон қолгандик, ўшанда.

Отанга бор – онанга бор

2008 йилнинг ноябрь ойида сенатор Эркин Воҳидов бошчилигида махсус делегация келиб, Олий Мажлис томонидан имзоланган “Сайёҳлик тизимини янада кенг ривожлантириш” бўйича Хоразм вилояти хокимлигининг ҳисоботини эшитдилар. Ўшанда ютуқлар ва камчиликлар рўйи-рост айтилганди... 

Ва, яна аввалгидек орадан 5-10 йиллар ўтганидан кейин ҳам Хоразмда сайёҳлик тизими энг охирги ўринларда қолаверди. Жамоатчилик асосларида аранг ишлатилаётган “Авесто” хайрия музейи ҳодимлари бир неча марта юқори ташкилотларга ёзма ва оғзаки мурожаатларидан сўнг казо-казо “ишбилармон” раҳбарлар қоғозбозликни авж олдириб “Авесто” мажмуасини кимошди савдосига қўйиб, 236 млн. сўмга сотиш ҳақида республика марказий матбуотда эълон ҳам чиқардилар. (“Халқ сўзи”, 2008 йил, 6 август”).

Шундан сўнг кутилмаган “даҳанаки жанглар” бошланди.

–Ҳай барака топгурлар, “Авесто” мажмуаси ЮНЕСКО рўйхатига олинган, уни сотиш ёки музейни Хивага кўчириш мумкин эмас, дедик биз. Марказдан келган бир “даҳо” эса: “Авесто” мажмуаси ҳам, музей ҳам халқники, уни Хивада тургани бизга маъқул... Хива сайёҳлик  маркази, ҳамма уни томоша қилади деди, кўзини олайтириб... 

– Тўғрику-я, лекин 20 гектарлик боғ-мажмуани “Авесто” ёдгорлигининг тақдири нима бўлади? 

– Бу Сизнинг ишингиз эмас деди ўша амалдор... 

– Боғ майдонида замонавий “City”лар қурамиз. Урганч шаҳри янада обод ва гўзал бўлади... Хайриятки, оз фурсат ўтиб, ҳақиқат енгди. У қатьий пировард натижада кўпчиликнинг талаб ва таклифлари инобатга олиниб, мемориал боғ ва музей ўз ўрнида қолди... Ва лекин пинҳона қаршиликлар, босимлар давом этаверди.

Омадни қарангки, 2024 йилнинг 1 мартида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифидан сўнг, Урганчда “Авесто ва Лазги” кўшалоқ музейи барпо этишга киришилди. 

Айтиш керакки, икки қаватли ушбу муҳташам сарой дунёда ягона замонавий “Авесто ва Лазги” рақси тарихи, эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалларни мадҳ этувчи ўзига хос беназир, рисоладаги каби тарғибот ва тарбия ўчоғи бўлиб қолаверади...

Азиз ўқувчи, қиссадан ҳисса чиқариш ўзингиздан. Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллиги бизга “Авесто”ни иньом қилди. “Авесто”нинг 2700 йиллиги эса “Лазги” рақсини умумжаҳон маданий меросига айлантирди. Натижада қарийб чорак асрлик хайрия музейи Лазги рақси шарофатидан дунёвий муҳташам сарой, қўшалоқ музейга айлантирилди.