Сўхликларнинг эртанги кунга бўлган ишончлари қатъий
Фарғона вилоятидаги янгиланишлар тасодифий эмас, албатта. Улар аниқ мақсад, пухта режа ва энг муҳими, сиёсий ирода маҳсулидир. Ана шу жараёнларга янги суръат бағишлаган энг муҳим воқеалардан бири бу шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу вилоятга ташрифи бўлди.
Ушбу ташрифнинг аниқ мақсадларга йўл очган очиқ мулоқотлар билан бошланиб, реал натижалар билан якунланганини фарғоналиклар бежиз муҳокама қилмаяптилар. Фарғона шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда эса ҳудуднинг бугуни ва эртанги истиқболларигача синчиклаб таҳлил қилинди. Рақамлар, кўрсаткичлар, ҳисоботлар ортида яширинган муаммолар очиқ айтилди. Энг муҳими, ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўрсатиб берилди.
Яқин ўтмишга назар ташласак, вилоят иқтисодиёти асосан бир нечта йирик корхона фаолиятига боғлиқ бўлганини кўрамиз. Бу эса ҳудуд ривожланишининг тор доираларда қолиб кетишига сабаб бўлаётганди. Кейинги йилларда эса бундай қарашлар ўрнини халқ манфаати ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозимлигига қаратилган талаблар эгаллади. Қисқа вақт ичида 8 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар жалб этилиб, минглаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Натижада вилоятда тадбиркорлик муҳити кескин жонланди, янги корхоналар сони деярли икки баробарга ошди.
Бу ўзгаришлар қуруқ статистика эмас, албатта. Улар бугун оддий фарғоналиклар ҳаётида акс этмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 1,7 баробарга ўсгани, ишсизлик даражасининг 9,2 фоиздан 4,6 фоизга тушиб, камбағалликнинг 11,6 фоиздан 5,2 фоизга камайиши, шубҳасиз, минг-минглаб оилаларнинг турмуши яхшиланаётгани кўрсатади. Энг муҳими, одамлар эртанги кунга ишонч билан қарай бошладилар.
Аммо давлат раҳбари таъкидлаганидек, эришилган натижалар билан кифояланиб бўлмайди. Ҳар бир ҳудуд ўз имкониятидан келиб чиқиб, ривожланиши, ички захираларни тўлиқ ишга тушириши керак. Ана шундай ёндашув асосидагина ҳақиқий аҳволни ўрганиш мумкин бўлади...
Сўх туманида олиб борган ўрганишларимиз давомида ҳам биз – депутатлар учун ана шу талаб асосий мезонга айланди. Сир эмаски, ушбу туман узоқ йиллар давомида мураккаб ҳудуд саналган. Географик жойлашуви, инфратузилма масалалари, иқтисодий имкониятларнинг чеклангани маҳаллий аҳоли ҳаётига ўз таъсирини кўрсатиб келган. Аммо бугун Сўхда ҳам ўзига хос ўзгаришлар юз беряпти.
Туман ҳокимлигида ўтказилган учрашувимиз ҳам ана шундай янгича ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин. «Оғир ҳудудлар» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинар экан, бу дастур оддий инфратузилма лойиҳаси эмас, балки ҳудудни комплекс ривожлантириш механизми экани яна бир бор аён бўлди. Жорий йилда туманда 60 миллиард сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда ушбу маблағ кўчаларни ободонлаштириш, дам олиш масканлари барпо этиш, туризм инфратузилмасини яхшилаш ва зиёратгоҳларни тартибга келтиришга йўналтирилмоқда.
Тўғри, бу ишлар четдан қараганда оддий ободонлаштиришдек туюлиши мумкин. Аслида эса улар ҳудуд иқтисодиётини жонлантиришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳалардир. Чунки инфратузилма яхшиланмас экан, на инвестиция келади, на тадбиркорлик ривожланади.
Ҳудуддаги ўзгаришларнинг яна бир муҳим жиҳати инсон омилига қаратилаётган эътибордир. Шундан келиб чиқиб, хотин-қизлар бандлиги, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш масалаларини алоҳида муҳокама қилдик. Бу борада олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Айни пайтда Сўхда ёшлар билан ишлаш тизими ҳам янги шаклда ташкил этилмоқда. «Пайшанба – ёшлар куни» доирасида ўтказилган тадбирлар, спорт мусобақалари ёшлар ҳаётига янгича мазмун олиб кирмоқда. Марказий ўйингоҳда бошланган «Шижоат ва ғайрат» ўйинлари нафақат спорт мусобақаси, балки ватанпарварлик мактабига ҳам айланяпти. «Тул» маҳалласида очилган мини-стадион эса бу борадаги ишларнинг амалий натижаси бўлди. «Очиқ бюджет» дастури асосида, 4 мингдан ортиқ фуқаронинг овози билан қўллаб-қувватланган ушбу лойиҳа учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Энг муҳими, бу аҳоли ташаббуси, халқнинг ўз ҳудудига бефарқ эмаслигининг яққол ифодаси ҳам бўлди.
Сўхнинг яна бир катта имконияти – бу туризм. «Ҳазрат Али», «Жаннат булоқ», «Чашма» каби зиёратгоҳлар ҳудуднинг бой маънавий меросидан дарак беради. Ушбу масканларда олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, бу ерда туризмни ривожлантириш учун етарлича шароит бор. Фақат уни тўғри йўлга қўйиш, инфратузилмани яхшилаш зарур, холос.
Туманда таълим масаласи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Мактабларда олиб борилган ўрганишларимиз давомида ўқувчиларнинг билимга чанқоқлиги, китобхонликка қизиқишлари юқори эканига гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга, замонавий шароитларга эҳтиёж юқори экани ҳам очиқ айтилди. Бу борада билдирилган таклифлар, илгари сурилган ташаббуслар таълим тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Умуман олганда, Президентимизнинг Фарғонага ташрифи давомида белгиланган вазифалар бугундан чекка жойларда ҳам амалий натижа бера бошлади. Сўх туманида ўрганишларимизда бунга амин бўлдик.
Бугун Фарғонада кечаётган ўзгаришлар янги тафаккур, янги ёндашув ва янги имкониятлар давридан далолатдир. Шу боис, Янги Фарғона – бу нафақат иқтисодий юксалиш тимсоли, балки интилиш ва эртанги кунга бўлган қатъий ишонч ифодаси ҳам.
Сайёра ЖУМАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати





