Янги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама марказига айланди

Янги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама марказига айланди

Янги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама марказига айланди

 

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон азалдан  Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи марказ бўлиб келган. Дунё тамаддуни, илм-фан ва савдо йўллари ҳам айнан юртимизда туташган. Буюк тарих ва ёрқин келажакни ўзида мужассам этган Янги Ўзбекистон эса эндиликда халқаро миқёсдаги долзарб масалалар муҳокама этиладиган йирик ҳудудга  айланиб бормоқда. Шу кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 59 йиллик йиғилиши ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

«Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш» мавзусидаги анжуманда 100 дан зиёд хорижий давлатнинг 4 минг нафардан ортиқ банк ва молия муассасалари раҳбарлари, экспертлар иштирок этмоқда. Асосий эътибор, «яшил» трансформация, энергетик ўтиш, рақамлаштириш, инвестицияларни жалб этиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва саноатда етказиб бериш занжирларининг барқарорлиги масалаларга қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилиш иштирокчиларини самимий қутлаб, сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти мутлоқа янги ривожланиш даврини бошдан кечираётганини мамнуният билан қайд этдилар. Тарихан қисқа вақт ичида меҳнаткаш ва бунёдкор халқимиз мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтгани, барча рейтингларда Ўзбекистон барқарор ўсиш суратларини қайд этаётгани ҳам мамнуният билан қайд этилди.

Юртимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ҳам ўрни катта экани бежиз таъкидланмади. Шунингдек, Президентимиз ОТБ мамлакатимиздаги қайта тикланувчи энергетика, қишлоқларда уй-жой қурилиши ва Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик йўналишларида доимо елкадош бўлиб келаётгани учун ҳам банк президенти Масато Канда ҳамда банк бошқарувчиларига самимий миннатдорлик билдирдилар.

Йиғилишда ОТБ президенти Масато Канда сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугунги олиб бораётган сиёсатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Давлатимиз раҳбари кучли сиёсий иродаси ва амалга ошираётган тизимли ислоҳотлари билан халқимизни ёрқин келажак сари етаклаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, нотиқ бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди. Бутун дунёда глобал инқирозлар кузатилаётган бир пайтда биргаликда ҳаракат қилиш, истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш муҳимлигига ҳам эътибор қаратди.

Масато Канданинг азалдан мулоқотлар маркази бўлиб келган Самарқанд ҳақида билдирган илиқ фикрларини алоҳида эътироф этиш лозим. Буюк Ипак йўлининг маркази бўлган ушбу тарихий чорраҳада савдо, маданият ривожлангани, оламшумул ғоялар дунёга таралгани, ушбу йиғилиш сўнгида қабул қилинадиган қарорлар ҳам нафақат Ўзбекистон, балки бутун бир минтақа халқлари манфаати ва фаравонлиги учун хизмат қилишини таъкидлади.

 

Акбар АХТАМОВ,

Самарқанд вилоят Кенгаши раиси