Сунъий интеллектнинг кўринмас чанқоғи

Сунъий интеллектнинг кўринмас чанқоғи

Сунъий интеллектнинг кўринмас чанқоғи

 
   Бугун инсоният мисли кўрилмаган технологик юксалиш даврини бошдан кечирмоқда. Сунъий интеллект эса бу жараённинг энг олдинги сафида турибди. У кундалик ҳаётимизни енгиллаштириб, мураккаб масалаларни сониялар ичида ҳал этмоқда. Аммо бу қулайлик ортида кўзга кўринмас, аммо сезиларли харажатлар ҳам мавжуд. 
    Ҳар бир оддий сўров — хоҳ у қидирув тизимида ёзилган савол бўлсин, хоҳ сунъий интеллектга берилган топшириқ — аслида узоқдаги улкан маълумотлар марказларига бориб тақалади. Бу марказларда минглаб серверлар тинимсиз ишлайди. Улар катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаб, фойдаланувчига тайёр жавобни етказади. 
    Аммо бу жараённинг кўринмас томони бор — иссиқлик. Серверлар қанчалик кўп ишласа, шунчалик қизийди. Уларни совитиш эса катта ресурсларни талаб этади. Айниқса, бугунги кунда кенг қўлланилаётган сув орқали совитиш тизимлари бу борада алоҳида эътиборга лойиқ. 
    Мутахассисларнинг қайд этишича, йирик маълумотлар марказлари кунига 5 миллион галлонгача сув истеъмол қилиши мумкин. Бу эса 10 мингдан 50 минггача аҳолига эга бўлган кичик шаҳарнинг кунлик сув эҳтиёжига тенг демакдир. 
    Яна бир эътиборга молик жиҳат: оддий, 100 сўздан иборат сунъий интеллект сўрови учун тахминан 500 миллилитр — яъни бир стакан сув сарфланиши мумкин. Бу кичик миқдор бўлиб туюлади. Аммо дунё бўйлаб ҳар дақиқада миллиардлаб сўровлар юборилишини ҳисобга олсак, умумий сарф улкан кўламга етади. 
    Шу тариқа, сунъий интеллектнинг “кўринмас чанқоғи” шаклланади. У бевосита сезилмаса-да, чучук сув ресурсларига босимни аста-секин ошириб бормоқда. 
    Бироқ муаммо билан бирга ечимлар ҳам мавжуд. Бугунги кунда мутахассислар сув сарфини камайтиришнинг самарали усулларини жорий этмоқда. Жумладан, қайта ишланган сувдан фойдаланиш орқали чучук сув манбаларини асраш мумкин. Ёпиқ совитиш тизимлари эса сувни бир неча бор айлантириб ишлатиш имконини беради ва умумий истеъмолни сезиларли даражада камайтиради. 
    Шунингдек, сўнгги йилларда immersion cooling — яъни серверларни махсус суюқликка ботириб совитиш технологияси кенг жорий этилмоқда. Бу усул анъанавий совитиш тизимларига қараганда анча кам сув талаб қилади. Бундан ташқари, маълумотлар марказларини совуқ иқлимга эга ҳудудларда қуриш орқали табиий совитиш имкониятларидан фойдаланиш ҳам муҳим ечим сифатида кўрилмоқда. 
    Хулоса шуки, сунъий интеллект — келажак технологияси. Аммо унинг барқарор ривожи сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга чамбарчас боғлиқ. Акс ҳолда, бугунги қулайликлар эртанги экологик муаммоларга айланиши мумкин. Зеро, ҳақиқий тараққиёт — бу нафақат технологик ютуқлар, балки табиат билан уйғунликни сақлаб қолишдир.  


Мафтуна Муҳиддинова