Хитойликлардан нималарни ўргандик?
16-20-июль кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлиб, “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ягона тақдир ҳамжамиятини барпо этиш йўлида қонун чиқарувчи органлар ҳамкорлигини фаоллаштириш” мавзусидаги халқаро семинарда иштирок этдик.
Тадбирда асосан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ўртасида хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, семинар давомида Хитойнинг таълим ва тарбия соҳасидаги ёндашувлари қатнашчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Болаларни баркамол шахс сифатида тарбиялаш, уларга ёшлигиданоқ ижтимоий масъулият ва миллий ғурурни сингдириш – бу давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналар экан. Хитойдаги таълим тизими ҳақида гап кетганида бу соҳа қатъий режалаштириш, узлуксиз назорат ва инновацион ёндашувлар асосида шаклланганини айтиш жоиз. Айнан шу сабабли ҳам Хитой бутун дунёда нафақат иқтисодий, балки илмий-маърифий жиҳатдан ҳам етакчи давлатлардан бирига айланди.
Хитойликлар орасида кенг тарқалган ва чуқур маънавий мазмунга эга бўлган бир ҳикмат бор экан: “Агар дунёни ўзгартирмоқчи бўлсанг, аввало ўзингни ўзгартир”. Бу сўзлар ҳар бир хитойликка ислоҳот ва тараққиёт инсоннинг ички дунёсидан, тафаккури ва ахлоқий мезонларидан бошланиши лозимлигини англатаркан. Янги Ўзбекистон ҳам бугун айнан ана шундай маънавий уйғониш, ислоҳотлар ва жамиятни янгилаш даврини бошдан кечиряпти.
Хитойнинг тарбия ва таълимга ёндашуви эса кўпроқ “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурлари ва мафкуравий қарашларига яқинлигини сездим. Зеро, партиямиз ҳам ёш авлодни миллий ғурур, тарихий хотира, оилавий қадриятлар ва соғлом турмуш тарзига таянган ҳолда тарбиялашни устувор вазифа деб билади. Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим сифатини ошириш, маънавиятни тиклаш ва ёшларни баркамол шахс сифатида вояга етказиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар айни шу йўналишга хизмат қилмоқда, дейиш мумкин.
Семинар доирасида ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида икки ва кўп томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, БМТнинг 2030-йилгача мўлжалланган барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш каби масалаларга ҳам муносабат билдирилди. Делегациялар парламентлар ўртасида қонун ижодкорлиги жараёнларини уйғунлаштириш, ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни ҳам илгари сурдилар.
Ушбу тадбир шуни кўрсатдики, ШҲТ нафақат сиёсий ҳамкорлик, балки маънавий ва ижтимоий ўзгаришлар сари интилаётган халқлар учун умумий қадриятлар майдонига ҳам айланмоқда. Мулоқот давомида очиқлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ёндашув, илғор тажрибаларни баҳам кўриш ва биргаликдаги ташаббусларни ишлаб чиқишга тайёрлик барча иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Махсуд Мухаммедов,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати