Тергов судьяси - шахс ҳуқуқларининг кафолати сифатида

Тергов судьяси - шахс ҳуқуқларининг кафолати сифатида

Тергов судьяси - шахс ҳуқуқларининг кафолати сифатида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўлланган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, давлат ҳокимияти тизимида суд мустақиллигини таъминлаш давлат сиёсатининг мутлақ устувор йўналиши сифатида белгилаб берилгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларимизни изчил давом эттиришни эълон қилиши ҳақидаги баёноти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда судларнинг роли нақадар муҳим эканлигига қатъий ва тизимли ёндашувни англатади.

Мурожаатномада одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этилганлиги, энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этиш ва инсон омили қисқартирилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, Президентимиз таъкидлаганларидек, юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини берилиши, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва ролини ошириб боришимиз суд тизимидаги янги тузилманинг иш бошлаши биринчи навбатда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва одил судловни амалга оширишда янги қадам бўлди.

Шунингдек, келгусида жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилиши, бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилиши қайд этилди.

Мурожаатномада суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмаслиги, шу боис мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмларни ҳам киритиш зарурлиги, натижада соҳага сунъий интеллект жорий этилиб, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилиши алоҳида таъкидланди. Эътиборлиси, 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларининг берилиши назарда тутилганлиги янги воқелик бўлди.

Янги ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш кўп ҳолларда баҳс-мунозаралар орқали кечиши маълум. Шу боис, бир қатор олимлар ушбу ҳолатда ҳар икки тараф фикрларининг нақадар асослилигини ўрганиш ва шу асосда якуний қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлашади.

Бу борада мамлакатимиз ҳуқуқшунос олимлари томонидан тегишли тадқиқотлар олиб борилган. Чунки, Ўзбекистонда суд-тергов фаолиятидаги энг муҳим ислоҳотларнинг бошланиши 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилиши билан бошланган. Бу “Хабеас корпус” институтининг амалиётга татбиқ этилишидаги илк йирик қадамлардан бўлиб хизмат қилди. Ушбу даврдан бошлаб 2023 йилга қадар судлар томонидан 227 445 нафар шахсга нисбатан қамоққа олишга санкция бериш юзасидан илтимосномалар кўрилиб, уларнинг 224 494 таси (98,7 фоизи) қаноатлантирилган, 2 951 таси (1,3 фоизи) рад қилинган.

Мазкур ислоҳотдан эътиборан босқичма-босқич равишда уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш каби санкция турлари, шунингдек айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш каби мажбурлов чоралари тергов судьяларнинг ваколатига ўтказилди.

Албатта, олимларимизнинг суд-ҳуқуқ ислоҳотлари борасидаги тадқиқотлари давом этиши ва айнан тергов судьяси институтининг 2025 йил 1 январдан жорий этилганлигини инобатга олган ҳолда, хорижий тажриба асосида ижобий натижаларни қонунчиликка киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларда қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, одил судлов жараёнида фуқароларнинг шахсий дахлсизлиги ва ҳимояга оид ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан амалга оширилган ушбу ислоҳотларга қарамасдан, суд-тергов фаолиятига нисбатан айрим норозиликлар ҳали-ҳануз мавжуд. Мисол учун, прокурор дастлабки тергов ва суриштирувда процессуал раҳбар бўлиш билан бирга, ушбу жараёнларда қонунларга риоя этилишини назорат этувчи мансабдор ҳам саналади. Бундай ҳолда, яъни ўзи терговга раҳбарлик қиладиган мансабдор қандай қилиб унинг объектив, яъни холисона олиб борилишини назорат қилиши мумкинлиги ҳақида мутахассислар ва жамоатчилик томонидан ҳамиша эътирозлар мавжуд.

2025 йилга қадар, юртимизда шахсни қамоққа олишга рухсат, яъни санкциялар судлар томонидан берилган. Ва сир эмаски, аксарият ҳолларда прокурорлар томонидан киритилган илтимосномалар қаноатлантирилади ва бу ўйлаймизки, тергов устидан суд назоратининг пастлигини кўрсатади. Умуман олганда, жиноят иши бўйича қамоққа олишга рухсат берган судья кейинчалик ушбу ишни кўрганда қамоқдаги шахснинг айбдорлигига алоҳида урғу беради. Чунки судья қамоққа олишга рухсат бериш жараёнида шахснинг жиноят содир этганлигига ва унинг айбдорлигига ички ишонч ҳосил қилган бўлади. Бу жараён замонавий психология томонидан исбот этилган.

Тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларининг берилиши ишни судга қадар юритиш босқичида томонларнинг тенглиги принципини амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, қўлланилган қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни бундан кейин қамоқда сақлаш ёки унинг уй қамоғида бўлиши учун асослар мавжуд бўлмаганда прокурор томонидан, шунингдек, прокурорнинг розилиги билан суриштирувчи ёки терговчи томонидан эҳтиёт чоралари тўғрисида қарор чиқарган судни албатта хабардор этган ҳолда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Бундан ташқари, қўлланилган гаров тарзидаги эҳтиёт чораси уни бундан буён қўллаш учун асослар мавжуд бўлмаганда, худди шунингдек, иш юритиш тугатилган тақдирда, мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида қарор чиқарган суд албатта хабардор этилган ҳолда прокурор томонидан, шунингдек прокурорнинг розилиги билан суриштирувчи ёки терговчи томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Оракбаев Эрполат,

Тошкент давлат юридик университети докторанти